Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.08.2023 й. 356-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 11 августдаги

356-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг Спорт курашлари бўйича

ихтисослаштирилган олимпия захиралари

мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига (кейинги ўринларда - спорт мактаби) ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Спорт мактабида ўқувчи-спортчиларнинг контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, 60 нафардан иборат бўлади ҳамда таълим олиш муддати ўқувчи-спортчи Ўзбекистон Республикаси терма жамоасининг асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади.


3. Спорт мактабига 18 ёш ва ундан катта бўлган спортчилар қабул қилинади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига номзодларни танлаб олиш ва ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


5. Ўқувчи-спортчиларни сифатли танлаб олишни таъминлаш мақсадида спорт мактаби Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси билан биргаликда спорт мактабида қабул ўринлари бўшаган кундан бошлаб бир ой муддат давомида танлов ва уни ўтказиш шартлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали эълон беради.



2-БОБ. НОМЗОДЛАРДАН ҲУЖЖАТЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ

        

6. Номзодларнинг ҳужжатлари спорт мактабида ҳар бир қабул ўрни бўшаган муддатдан бошлаб қабул қилинади.


7. Спорт мактабига ўқиш учун номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

спорт мактабига қабул қилиш тўғрисида директор номига номзоднинг аризаси;

Ф-086-у шаклидаги тиббий маълумотнома;

номзоднинг спорт тоифасини (унвонини) тасдиқлайдиган спортчи классификация дафтарчаси (гувоҳномаси);

умуртқа поғонаси кўкрак ва бел қисмларининг икки проекциядаги рентген расми ва травматолог хулосаси;

кўкрак қафаси флюрографияси расми ва шифокор (врач) хулосаси.

Номзоднинг фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картаси "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали спорт мактабининг масъул ходимлари томонидан мустақил равишда олинади.

Мазкур бандда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


8. Спорт мактабига ўқишга кирадиган номзодларга қуйидаги минимал талаблар қўйилади:

спорт усталигига номзоддан паст бўлмаган спорт тоифасининг мавжудлиги;

курашнинг тегишли ёш гуруҳлари ва услублари бўйича спортчилар ўртасида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида эгалланган совринли ўринларнинг (1 - 3-ўринлар) мавжудлиги.



3-БОБ. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ

ВА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

        

9. Спорт мактабига ўқувчи-спортчиларни танловдан ўтказиш ва қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан тасдиқланган, етти кишидан иборат (комиссия раиси, котиби ва аъзолари) таркибдаги доимий фаолият кўрсатувчи қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қабул комиссиясининг раиси ва котиби номзодларни қабул қилиш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва сақлаш юзасидан масъул шахслар ҳисобланади.


10. Спорт мактаби директори комиссиянинг раиси ҳисобланади. Комиссия раиси этиб, спорт мактабининг тажрибали, малакали мутахассисларидан бири ҳам тайинланиши мумкин.


11. Комиссия таркибига психолог, тиббиёт ходими, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, шунингдек, бошқа манфаатдор спорт ташкилотлари вакиллари киритилади.


12. Қабул комиссияси:

спорт мактабида ўқишга кирадиган номзодлар, уларнинг ота-оналари ва жамоатчилик ўртасида спорт мактабига қабул қилиш тартиби, шунингдек, спорт мактабининг фаолияти тўғрисида тушунтириш ишларини амалга оширади;

номзодлар ва уларнинг ота-оналари учун маслаҳатлар берилишини ташкил этади;

номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилади ва расмийлаштиради;

танловни ташкил этади;

қабул жараёни якунларини умумлаштиради.


13. Спорт мактабига ўқишга кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича танловлар номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг 10 кун мобайнида ўтказилади.


14. Спорт мактабига ўқишга киришга номзодларнинг кўникмалари, лаёқати, билимлари 100 балли тизим (энг юқори балл) бўйича баҳоланади, шундан 30 балл умумий жисмоний тайёргарликка ва 70 балл махсус жисмоний тайёргарликка ажратилади.


15. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича танлов синовлари мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикаси асосида, махсус жисмоний тайёргарлик бўйича танлов синовлари эса мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикаси асосида ўтказилади ҳамда баҳоланади.


16. Спорт мактабидаги бўш ўринларга танловлардан энг юқори балл тўплаган номзодлар кетма-кетлик асосида қабул комиссияси баённомаси асосида қабул қилинади.

Қабул комиссиясининг баённомасини котиб расмийлаштиради ва комиссия раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланади.


17. Танлов натижалари қабул комиссияси томонидан баённома расмийлаштирилганидан сўнг бир кун мобайнида эълон қилинади.


18. Спорт мактаби директорининг номзодларни ўқувчи-спортчилар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи баённома расмийлаштирилганидан сўнг уч кун ичида чиқарилади.


19. Танлов натижаларига кўра номзодларнинг ўтиш баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, спорт мусобақаларида эришган натижалари юқори бўлган номзодлар спорт мактабига ўқишга қабул қилинади.



4-БОБ. ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИ ЮЗАСИДАН

БЕРИЛГАН МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

         

20. Танлов натижалари бўйича берилган мурожаатларни кўриб чиқиш учун спорт мактаби директорининг буйруғи билан апелляция комиссияси ташкил этилади ва камида 3 кишидан иборат таркибда тасдиқланади.

Апелляция комиссияси қабул комиссияси таркибида бўлмаган спорт мактаби мутахассисларидан шакллантирилади.


21. Мурожаатлар келиб тушган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади. Мурожаатни кўриб чиқиш вақтида мурожаат қилган шахс апелляция комиссияси ишида ўзининг илтимосига асосан иштирок этиши мумкин.


22. Қабул қилинган қарор натижаси бўйича мурожаат қилган шахсга бир иш куни ичида апелляция комиссияси томонидан ёзма равишда маълум қилинади.


23. Апелляция комиссияси мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

номзоднинг шикоятини қаноатлантириш тўғрисида;

танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва номзоднинг шикоятини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида


24. Апелляция комиссиясининг мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиниши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

        

25. Спорт мактабининг барча ўқувчи-спортчилари ўқув йили мобайнида ҳар ойда ихтисоси бўйича, шунингдек, умумий ва жисмоний тайёргарлик бўйича назорат синовлари топширадилар.


26. Йил мобайнида ихтисоси бўйича ўқув дастурлари талабларини бажармаган ва назорат синовларидан ўтмаган, ички тартиб-қоидаларни бузган, тиббий текширув ёки кўрик натижаларига асосан соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга нолойиқ бўлган ўқувчи-спортчилар спорт мактаби ўқувчи-спортчилари сафидан четлатилади.


27. Спорт мактабидан турли сабабларга кўра ўқувчи-спортчилар сафидан четлатилганлар ўрни мазкур Низомда белгиланган тартибда йил давомида тўлдирилиб борилади.

        

              




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг Спорт курашлари бўйича

ихтисослаштирилган олимпия захиралари

мактабига номзодларни танлаб олиш

ва ўқишга қабул қилиш

СХЕМАСИ

          

  

Босқичлар

   


  

Ижрочилар

  


   

Тадбирлар

    


   

Бажариш муддатлари

   








1-босқич


Спорт мактаби


   

Танлов ва уни ўтказиш шартлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали эълон беради

       


Ўринлар бўшаган кундан

бошлаб бир ой муддатда











2-босқич


Спорт мактаби қабул комиссияси


    

Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилади ва расмийлаштиради

        


Белгиланган муддатда











3-босқич


Спорт мактаби қабул комиссияси


Танлов синовларини ўтказади


   

Ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг

10 кун муддатда

       











4-босқич


Спорт мактаби қабул комиссияси


        

Кириш имтиҳонларининг якуний натижаларини эълон қилади

         


Қабул қилиш тўғрисида комиссия баённомаси чиққандан сўнг 1 кун ичида











5-босқич


Спорт мактаби

директори


         

Номзодни спорт мактабининг ўқувчи-спортчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради

        


Қабул қилиш тўғрисида комиссия

баённомаси чиққанидан сўнг 3 кун ичида




         

         




Низомга

2-ИЛОВА



Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича

нормативларни бажариш

МЕТОДИКАСИ

         

1. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича синовга қўйиладиган энг юқори балл - 30 баллни ташкил қилади.


2. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича синовларда номзод мазкур методикага иловада кўрсатилган нормативларни бажаради. Бунда:


100 метрга югуриш - машқ паст стартда белгиланган чизиқдан "Стартга!", "Диққат!", "Югур!" буйруқлари билан бажарилади. Машқ "старт"дан "марра" чизиғигача бўлган масофа бўйлаб югуриш орқали бажарилади. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;


1500 метрга югуриш - машқ юқори стартда белгиланган чизиқдан "Стартга!", "Диққат!", "Югур!" буйруқлари билан бажарилади. Машқ "старт"дан "марра" чизиғигача бўлган масофа бўйлаб югуриш орқали бажарилади. Ушбу машқ бир уринишда бажарилади ва натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;


"мокисимон" югуриш (3 x 10 метр) - машқ юқори стартда белгиланган чизиқдан "Стартга!", "Диққат!", "Югур!" буйруқлари билан оралиғи 120 см бўлган икки томонидан чизилган, 10 метр масофали йўлакча ичида югуриш орқали бажарилади. Югуриш жараёнида бурилишларда оёқ учлари чизиқдан ташқарига чиқмаган ҳолда бажарилган машқ ҳисобга олинмайди. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;


турникда тортилиш - машқ турникка икки қўлда тўғри осилиб турган ҳамда оёқлар ерга тегмаган ҳолатда, ияк турник поясидан ўтгунга қадар қўлларни букиш орқали бажарилади. Машқ бажариш жараёнида оёқларни кериш ёки букиш, танани ҳаракатсиз ҳолатда эгиш, оёқлар билан силтанма ҳаракатлар қилиш ҳамда ияк турник поясидан ўтмагунга қадар тортилиш орқали бажарилган ҳаракатлар ҳисобга олинмайди;


арқонга тирмашиб чиқиш - машқ арқонга тирмашиб, оёқлар ёрдамисиз қўлларда юқорига чиқиб бажарилади. Машқ жараёнида оёқ ёрдамида бажарилган чиқиш ҳисобга олинмайди. Ушбу машқ беш марта бажарилади ва тўғри бажарилган машқ ҳисобга олинади. Машқ бажариб бўлингандан сўнг ерга (дастлабки ҳолатга) тушилади ва яна бажарилади.


ўз вазнига тенг оғирликдаги штанга билан ўтириб туриш - машқ "Бошла!" буйруғи билан бажарилади. Дастлабки ҳолат: оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда, "Бошла!" буйруғидан сўнг, белгиланган оғирликдаги штанга елкага олинади ва шу ҳолатда штанга билан ўтириб турилади. Машқ бажарилгандан сўнг дастлабки ҳолатга қайтилади.

         

             




Методикасига

ИЛОВА



Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича

НОРМАТИВЛАР

            

Т/р


Нормативлар


Баҳолаш

        

5 балл


4 балл


3 балл

      

2 балл


0 балл


1.

100 метрга югуриш


12,5 сония

12,7 сония

12,9 сония

13,1 сония

13,3 сония

ва ундан юқори


2.

1500 метрга югуриш


5,22 дақиқа

5,32 дақиқа

5,42 дақиқа

5,52 дақиқа

6,02 сония

ва ундан юқори


3.

"Мокисимон" югуриш (3x10 метр)


6,4 сония

6,5 сония

6,6 сония

6,7 сония

6,8 сония

ва ундан юқори


4.

Турникда тортилиш


18 марта

14 марта

12 марта

10 марта

10 мартадан кам


5.

Арқонга тирмашиб чиқиш


5 марта

4 марта

3 марта

2 марта

2 мартадан кам


6.

Ўз вазнига тенг оғирликдаги штанга билан ўтириб туриш


5 марта

4 марта

3 марта

2 марта

2 мартадан кам


         

         




Низомга

3-ИЛОВА



Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича

нормативларни бажариш

МЕТОДИКАСИ

          

1. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовга қўйиладиган энг юқори балл - 70 баллни ташкил қилади.


2. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовда номзод мазкур методикага иловада кўрсатилган нормативларни бажаради. Бунда:


а) бошни гиламга тираб айлана югуриш - машқ "кўприк" ҳолатида бошни кураш гиламига қўйиб, бир нуқта бўйлаб айланиш орқали бажарилади. Бош кураш гиламига қўйилиб, қўллар ёрдамисиз нуқта бўйлаб ўнг ёки чап томонга айланилади. Ўнг ёки чап томонга айланиш номзоднинг хоҳишига кўра танланади.

Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;


б) "кўприк" ҳолатида қўлда айланиш - машқ "кўприк" ҳолатида қўллар билан кураш гиламига таяниб, ўнг ва чап томонга оёқ ҳаракатлари билан айланиш орқали бажарилади. Қўллар кураш гиламига қўйилиб, тананинг қўлдан бошқа аъзолари кураш гиламига тегмаган ҳолда доирасимон шаклда ўнг ва чап томонларга айланилади. Ўнг ёки чап томонга айланиш номзоднинг хоҳишига кўра танланади.

Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;


в) "кўприк" ҳолатида тик туриш - машқ "кўприк" ҳолатида қўллар билан кураш гиламига таяниб, мувозанатни сақлаган ҳолда қайта тик туриш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, "кўприк" ҳолатига тушилади. 2-3 сония мувозанат ушлаб турилгандан сўнг қайта тик туриш ҳолатига қайтилади.

Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;


г) "кўприк" ҳолатида оёқларни олд ва орқага ташлаш - машқ "кўприк" ҳолатида қўлларга таяниб, оёқларни олд ва орқа томонга ташлаш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади.

Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, "кўприк" ҳолатига тушилади. Қўллар кураш гиламига қўйилиб, олд ва орқа томонга тананинг қўлдан бошқа аъзолари гиламга тегмаган ҳолда умбалоқ ошилади.

Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;


д) "белдан ошириб ташлаш" усулини бажариш - машқ тик турган ҳолда рақибни ўнг ёки чап ён томондан (ёки бошидан) ушлаган ҳолда рақибга орқаси билан бурилади ва кейин олдинга эгилиш ёки олдинга йиқилиш ҳисобига рақибини гиламга йиқитиш орқали бажарилади. Машқни ўнг ёки чап томондан бошлаб бажариш номзоднинг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;


3. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовда номзод ўз вазн тоифасидаги "рақиб" билан ўзаро беллашади.

Беллашув - номзоднинг спорт тури (эркин, юнон-рум, аёллар кураши) бўйича мусобақа қоидаларига биноан икки рақиб ўртасида 3 дақиқа давомида ўтказилади. Белгиланган вақт мобайнида кўпроқ балл тўплаган ёки огоҳлантириш олмаган ёхуд нисбатан кам огоҳлантириш олган номзод ғолиб ҳисобланади.

        

         




Методикасига

ИЛОВА



Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича

НОРМАТИВЛАР

            

Т/р


Нормативлар

       

Баҳолаш

        

1.

Машқларни бажариш


25 балл

20 балл

15 балл

0 балл

Бошни гиламга тираб айлана югуриш (30 сония давомида)


7 марта - 5 балл

6 марта - 4 балл

5 марта - 3 балл

4-0 марта - 0 балл

"Кўприк" ҳолатида қўлда айланиш (30 сония давомида)


7 марта - 5 балл

6 марта - 4 балл

3 марта - 3 балл

2-0 марта - 0 балл

"Кўприк" ҳолатида тик туриш


7 марта - 5 балл

6 марта - 4 балл

3 марта - 3 балл

2-0 марта - 0 балл

"Кўприк" ҳолатида оёқларни олд ва орқага ташлаш (30 сония давомида)


6 марта - 5 балл

5 марта - 4 балл

2 марта - 3 балл

1-0 марта - 0 балл

"Белдан ошириб ташлаш" усулини бажариш (30 сония давомида)


15-16 марта - 5 балл

13-14 марта - 4 балл

11-12 марта - 3 балл

10-0 марта - 0 балл

2.

Беллашув


соф ғалаба - 45 балл

техник ғалаба - 30 балл

очколар ҳисобида

ғалаба - 15 балл

        

0

         

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 август