Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2024 й. 39-сон "Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
20.01.2024 й.
N 39
ИЖРО ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА ХАТЛАНГАН
МОЛ-МУЛКНИ ШАРТНОМА-ВОСИТАЧИЛИК
ШАРТЛАРИ АСОСИДА РЕАЛИЗАЦИЯ
ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тизимини самарали тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон Фармони 3-бандига мувофиқ 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилиши;
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни Интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк сотилишини таъминлайдиган савдо ташкилотлари реестрига (кейинги ўринларда - Реестр) киритилган савдо ташкилотлари томонидан реализация қилинади.
3. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси:
а) 2024 йил 1 мартга қадар:
ижро ҳужжатлари бўйича хатланган ва сотувга чиқарилган мол-мулкнинг ҳаракатланишини мониторинг қилишнинг электрон тизимини ишлаб чиқсин ҳамда савдо ташкилотлари билан интеграция қилиш имкониятларини яратсин, шунингдек, ижро ҳужжатларига асосан мол-мулкни сотиш бўйича талабларни савдо ташкилотлари эътиборига етказсин;
Реестрни шакллантириш ва ишга тушириш чораларини кўрсин;
б) 2024 йил 1 апрелга қадар Реестр қуйидаги давлат органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинишини таъминласин:
Адлия вазирлиги - Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими;
Рақамли технологиялар вазирлиги - Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри;
Солиқ қўмитаси - савдо ташкилотларининг солиқ қарзи мавжуд эмаслигини текшириш, шунингдек, савдо ташкилотларини савдо қоидаларига риоя этганлигини текширишга қаратилган зарур маълумотлар базаси;
Кадастр агентлиги - Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими;
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати - савдо ташкилотларининг тизимда мавжуд автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар базаси.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Реестр электрон шаклда реал вақт режимида юритилади;
Реестрга мол-мулкни қабул қилишдан сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий этган юридик шахслар ихтиёрий ва бепул асосда киритилади;
Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган юридик шахслар Реестрга қўшимча шартларсиз тўғридан-тўғри киритилади.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари рус тили матнига 2-илованинг 5-позицияси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 22 январь