Корхона қайта ташкил этилганда ходимнинг ЯММТдаги стажи қандай ҳисобга олинади?

preview

Корхоналар қайта ташкил этилиши ёки номи ўзгартирилиши мумкин. Ходимларнинг ЯММТда стажини аниқлашда бунинг салбий таъсири бўлмайдими? Ахир бугунги кунда ушбу тизимда компания реквизитларидаги ўзгартиришлар акс эттирилмаяпти.

Buxgalter.uz «Норма» компаниясининг кадрлар масалалари бўйича эксперти Валерия ЛЯНДРЕС ҳамда «ЯММТ» ИДАК Дирекцияси бошқарув бўлимининг бошлиғи Зарнигор АБДУРАХМОНОВА шарҳларини олди.

Валерия ЛЯНДРЕС:

– Аввалги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни электрон меҳнат дафтарчасига киритаётганимда шахсан ўзим муаммога дуч келдим. ЯММТ базасида фақат фаолият юритаётган ташкилотлар ҳақида маълумотлар мавжуд экан. Қайта ташкил этилган ёки номи ўзгартирилган ташкилотларнинг кўпчилиги базага киритилмаган. Ташкилотда ишлаган ва қайта ташкил этилгунига (қайта номлангунига) қадар ишдан бўшаб кетган шахслар бундан бехабар бўлиши мумкин.Уларнинг меҳнат дафтарчаларида ташкилотнинг аввалги номи қайд этилган, ҳозирда эса бу ном билан маълумотларни киритиб бўлмайди.

Масалан, ташкилотимиз 2017 йил декабрга қадар «NORMA НАМКOR» МЧЖ деб номланган. 2018 йил январдан «NORMA» МЧЖ деб ўзгартирилган. Унинг таркибига аввал мустақил бўлган – «NORMA ONLINE», «GOROD SKIDOK», «GISINFO» киритилган. «NORMA НАМКOR» ташкилотининг аввалги СТИРи унинг ҳуқуқий вориси – «NORMA» МЧЖга берилган. Бундан анча аввал, 2007 йилдан 2015 йилга қадар умуман бошқа СТИР билан бошқа «NORMA» МЧЖ фаолият юритган.

Собиқ ходимларнинг кўпчилиги ташкилот қайта ташкил этилганлиги ҳақида билмасалар ҳам керак. Уларнинг меҳнат дафтарчаларида СТИР битта бўлганлиги сабабли ташкилотнинг ЯММТ базасида мавжуд бўлмаган аввалги номи кўрсатилган. Бунда «NORMA НАМКOR» МЧЖдаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни на ташкилотнинг номи бўйича, на СТИРи бўйича киритиб бўлмаяпти. 2015 йилга қадар «NORMA» МЧЖда ишлаган ходимларда ҳам мураккабликлар юзага келиши мумкин. Ўйлашимча, бундай мисоллар талайгина ва улар келгусида яна ҳам кўпайиб боради.

Шунингдек ходим томонидан мустақил равишда киритилган аввалги иш жойлари тўғрисидаги маълумотлар юзасидан ҳам саволлар келиб чиқиши тайин. Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари билан ишлашда улардаги хатоларга ёки аниқ-равшан қайд этилмаган ёзувларга дуч келмоқдамиз. Муҳр ва штамплар ҳам аниқ кўринмайдиган ҳолатлар учраяпти. Натижада бундай ўқиб бўлмайдиган ёки ноаниқ ёзувлар асосида тизимга аниқ маълумотларни киритиб бўлмаяпти. Бинобарин, ЯММТ тизимида чалкашликлар юзага келади, ходимлар эса стажи тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлашда муаммоларга ва мураккабликларга дуч келадилар.

Электрон меҳнат дафтарчасига фақат 2020 йил бошидан маълумотларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайман. Аста-секин ушбу маълумотлар кўпайиб боради. 2020 йилгача бўлган маълумотлар эса қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига киритилган маълумотлар ҳамда архив маълумотномаларига асосан тасдиқланиши лозим. 2020 йилдан кейингина ЯММТ ходимнинг аниқ стажини тасдиқлай олиши мумкин.

Бундан ташқари, вазият ЯММТда ходим томонидан мустақил равишда киритилган маълумотларни верификация қилиш тизимини яратишни тақозо этяпти. Шунингдек иш берувчининг қайта ташкил этилганлиги, СТИРи ва бошқа реквизитларининг ўзгартирилганлиги ҳақидаги маълумотларни акс эттиришнинг техник имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши лозим».


Зарнигор АБДУРАХМАНОВА:

– 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорнинг 13-бандига мувофиқ жисмоний шахслар аввалги иш жойлари ҳақидаги маълумотларни ЯММТ тизимига мустақил равишда киритишга ҳақли. Киритилган маълумотлар МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан тасдиқланганидан кейин ходимнинг меҳнат стажига киритилади.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан аввалги иш жойларини тасдиқлашга имкон берувчи функционал яратилмоқда ва яқин кунларда бу борадаги ишлар якунига етказилади.

Шу боис айни пайтда ходимнинг аввалги иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни ЯММТ тизимидаги маълумотлар базаси имкониятидан келиб чиққан ҳолда ташкилот номи қисмида шакллантириш лозим.

Аввалги иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш, биринчи навбатда, ходимнинг маълумотлар базасини шакллантириш учун зарур бўлади.

Меҳнат фаолияти тарихи ва шахсий маълумотлардан келгусида давлат органлари ва ташкилотларига мустақил танлов асосида истиқболли кадрларни ишга олишда фойдаланилади. Шунингдек бу бўлғуси иш берувчи ва ходимнинг вазифаларини анча соддалаштиради, сабаби ходим тўғрисидаги шахсий маълумотлар базасида мавжуд бўлади ва уларнинг тиклаш ёки тасдиқлаш шарт бўлмайди. Ниҳоят, ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг электрон тарзда шакллантирилиши пенсияга бўлган ҳуқуқни расмийлаштиришда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг (меҳнат стажини нотўғри ҳисоблаш, меҳнат дафтарчасининг фойдаланиш ва аниқ маълумот олиш учун яроқсизлиги, уни қалбакилаштириш ёки йўқотиш ҳолатларининг) олдини олади.

Шунингдек 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорнинг 4-бандида белгиланишича, 2020 йил 1 январга қадар ходимнинг меҳнат стажи ушбу даврга белгиланган тартибда (қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидаги маълумотлар бўйича), 2020 йил 1 январдан кейин эса ЯММТ тизимида мавжуд маълумотлар асосида (электрон меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар бўйича) ҳисобланади. 

2020 йил 1 январдан кейинги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар бўйича саволлар юзага келмаса керак, сабаби улар иш берувчининг масъул шахси томонидан киритилмоқда ва бошқа ҳеч ким маълумотларни ўзгартира олмайди.

Ходимнинг пенсияга оид ҳуқуқларини расмийлаштириш, пенсия тўловларини ҳисоблаш учун солиқ тўловчи сифатида иш берувчининг (ташкилотнинг) номи эмас, балки СТИР талаб этилади. Ҳисобланган иш ҳақи ва тўланган ЖШДС суммалари, фуқароларнинг ШЖБПҲга ўтказилган бадаллари тўғрисидаги маълумотлар иш берувчининг СТИРи орқали олинади.

Истиқболда ЯММТ тизимида ташкилотлар номи ва бошқа реквизитларидаги ўзгартиришларни акс эттириш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.