Айрим тоифадаги шахсларга нафақалар тайинлаш тартибида нималар ўзгарди

preview

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга – ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги янги Низомга мувофиқ, нафақа проактив шаклда – фуқароларнинг аризасисиз тайинланади. Бундан ташқари, ҳужжат ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларни парваришлаш нафақаси, ногиронлик нафақаси, боқувчисини йўқотганлик нафақаси ва ёшга доир нафақа тўлашни тартибга солади:

 

23.03.2023 й. 119-сонли ВМҚ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг 5 та тоифаларига нафақа тайинлаш тартибини белгилайди:

1) ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар;

2) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакил;

3) давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

4) давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган вафот этган шахснинг қарамоғидаги оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари;

5) давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналар.

Пенсия жамғармаси ногиронлиги бўлган ўн саккиз ёшгача болаларга ва уларни парвариш қилиш учун нафақани «проактив» шаклда тайинлайди. Бошқа – ёшга доир, боқувчисини йўқотганлик муносабати билан ва ҳоказо нафақаларни олиш учун – давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш ёки ЯИДХП орқали ариза топшириш керак.

Парваришлаш нафақаси қонуний вакилга у пенсия ёки нафақа олишидан қатъи назар, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган ҳар бир 18 ёшгача боланинг парвариши учун алоҳида тайинланади .

Агар меҳнатга лаёқатсиз бўлган оила аъзоси таълим ташкилотининг ўқувчиси ёки талабаси бўлса, нафақа тўлаш муддати нафақа олувчи 23 ёшга тўлган ойгача ёки таълим ташкилотини тугатган ойга қадар узайтирилади .

Ҳужжатда нафақа ва пенсияни ишончнома асосида олиш имкони алоҳида белгиланган . Агар бундай ишончнома Ўзбекистондан ташқарида берилган бўлса, унга апостиль қўйилиши керак. МДҲнинг фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар Кенгашига аъзо давлатлар бундан мустасно (Mинск, 22.01.1993 й.).

Бунда бундай ишончномани берадиган нафақа олувчининг ўзи ваколатли органга йилига камида бир марта шахсан келиши ва ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Агар пенсионер чет давлатда бўлса ва Ўзбекистонга келиш имконига эга бўлмаса, у чет давлат ҳудудида доимий яшаш мақомига эга эмаслигини ва ушбу чет давлатда пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаш учун Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик идорасига мурожаат қилиши мумкин.

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади