Бир вақтнинг ўзида бажариладиган қўшимча иш ва юкламага қандай ҳақ тўланади

preview

«Ходимга лавозим маошининг 50 фоизини тўлаш билан ишда йўқ ходим учун қўшимча мажбуриятлар юкланди. У  бир вақтнинг ўзида асосий лавозими бўйича 8 соатлик иш режимидан 11 соатлик иш режимига ўтказилди. Бу ҳолатда унинг ишига қандай ҳақ тўланиши керак?».

Саволга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Аввало, ходимга қандай шартлар ва қандай тартибда қўшимча иш юкланганини тушуниш керак.

 

1. Агар ходимга унинг розилиги билан ва қўшимча ҳақ эвазига қўшимча мажбуриятлар юкланган бўлса ва бу иш асосий иш билан бир вақтда (яъни иш вақтининг бир хил даврида) бажарилса, бу – бир неча касбда ишлаш саналади .

Бу ҳолда ходимга қўшимча тўловни белгилаш кифоя қилади.

Бу – қуйидагилар учун ҳисобланадиган пулли тўлов :

  • ходим томонидан унинг тўғридан-тўғри мажбуриятларига кирмайдиган қўшимча вазифалар бажарилишини компенсация қилиш (бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик, бажариладиган иш ҳажмининг кўпайганлиги, хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайганлиги, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажарганлик учун қўшимча тўлов ва бошқалар) учун;
  • меҳнатнинг нормал шароитларидан четга чиқилган ҳолларда  (тунги вақтдаги, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, иш вақтидан ташқари иш);
  • иш ҳақи ходимнинг айбисиз камайтирилган тақдирда ходимга иш ҳақининг бир қисмини сақлаб қолиш мақсадида (соғлиғининг ҳолатига кўра, бекор туриб қолиш, ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан кам ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга қўшимча тўловлар ва бошқалар).
Эътибор беринг
Бу ҳолда иш вақти давомийлигини кўпайтиришга йўл қўйилмайди.

Ортиқча ишланганда (иш вақтидан ташқари иш) камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади , аммо ишдан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун кетма кет 2 кун давомида 4 соат  (ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда – кунига 2 соат) ва йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.

Шунинг учун ходимни ички ўриндошликда 11 соатлик иш режимига «ўтказиш» варианти қонуний эмас.

 

2. Агар ходим асосий ишидан  бўш вақтда ўша корхонада қўшимча ишни бажарса, бу ички ўриндошлик саналади .

Ички ўриндошликни расмийлаштириш учун ходим билан маълум лавозимга ишга қабул қилиш тўғрисида алоҳида меҳнат шартномаси тузилади . Агар бундай меҳнат шартномаси асосий ходимнинг йўқлиги вақтига тузилса, у муддатли (асосий ходим чиққунга қадар) бўлиши керак .

Бу ҳолда ходимга қўшимча табель рақами берилади. Ички ўриндошлик асосида иш вақтини ҳисобга олиш асосий ишдан алоҳида олиб борилади.

Ўриндошлик бўйича иш тўғрисидаги меҳнат шартномасида  МК 104-моддасида назарда тутилган шартлардан ташқари ўриндошлик асосидаги иш режими ва иш вақти давомийлиги кўрсатилади.  

Ўриндошлик асосида ишлаш чоғида  унинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларининг шифокор ходимлари мустасно) .

Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда, ишлаб чиқариш натижасига ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартларга қараб амалга оширилади .

Кўриб чиқилаётган вазиятда ходимга ички ўриндошлик учун 5 кунлик иш ҳафтасида 3 соатлик иш куни ўрнатилиши мумкин – 18:00 дан 21:00 гача.

Шунда ички ўриндошлик асосидаги иш  энди ишдан ташқари иш саналмайди, балки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ тўланади. Асосий ишга қўшимча тўлаш шарт эмас.

Эътибор беринг

Янада кўпроқ фойдали тушунтиришларни қуйидаги мақолада топасиз: