Чет элда ишлайдиганлар учун пенсия стажи ва даромадлари қандай ҳисобланади

preview

Қандай ҳолларда чет элда ишлаш пенсияни ҳисоблашда иш стажига киритилиши ва бунда даромад қандай ҳисобланишини kadrovik.uz илтимосига кўра бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро бошқармаси методология бўлими бошлиғи Фаррух Пардаев тушунтирди:

Эътибор беринг
Пенсия стажини ҳисоблашнинг кўриб чиқилаётган тартиби фақат чет элда меҳнат шартномаси ва меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида ишлайдиганлар учун амал қилади.

– Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаш чет элда ёлланиб ишлаган Ўзбекистон фуқаролари учун пенсияларни ҳисоблашда иш стажини ҳисобга олиш кафолати саналади.

Чет элда ишлаган даврлар қуйидаги шартларга кўра фуқароларнинг* меҳнат стажига қўшилади :

  • 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
  • 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда;
  • 2020 йил 1 январдан — ижтимоий солиқ тўланган тақдирда.

* Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар. Улар учун чет элда ишлаган даврини меҳнат стажига киритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади .

 

Ушбу даврлар учун тўланган суммалардан даромад ҳисоблаб чиқарилади .

Чет элда ёлланиб ишлаш (шартнома) далили ваколатли органлар томонидан меҳнат дафтарчаларига киритилган ёзувларга мувофиқ белгиланади. Буларга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик  вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги киради. Агентлик ўзбекистонлик фуқароларни танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини ўтказиш ва хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ҳамда назорат қилиш орқали уларга хорижда меҳнат фаолиятини олиб боришга  кўмаклашади .

Иш даврлари қуйидагилар билан тасдиқланади (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 41-бандига қаранг):

  • меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар;
  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик  вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар;
  • чегарани кесиб ўтганлиги тўғрисидаги паспортдаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар);
  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар.

 

Чет элда ишлаш даврида ижтимоий солиқни қачон ва қанча  миқдорда тўлаш мумкин

Чет элда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган фуқаролар ижтимоий солиқни ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ихтиёрий тарзда йилига камида БҲМ 1 баравари миқдорида тўлашлари мумкин . Қуйидагилар мумкин:

1) сумманинг 1/12 қисмини ҳар ойда  ёки 1/4 қисмини ҳар чоракда тўлаш;

2) Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида бутун суммани бир йўла тўлаш.

 

Ижтимоий солиқни қайси валютада тўлаш керак

Миллий валютадаги ижтимоий солиқ меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади.

Фуқаро солиқни мустақил равишда тўлаши ёки бу ишни оила аъзоларига ёхуд ишончли вакилга топшириши мумкин (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 41-бандига қаранг).

Алла РОМАШКО тайёрлади