Иш берувчи намунали хулқ учун жазони муддатидан аввал олиб ташлашга мажбурми

preview

«Ходимга прогул учун ҳайфсан эълон қилиниб, интизомий жавобгарлик даврида чораклик мукофотлардан маҳрум қилинди. Бир неча ой ўтгач, ходимнинг бевосита раҳбари директорга намунали хатти-ҳаракати учун ҳайфсанни муддатидан аввал олиб ташлаш илтимоси билан мурожаат қилди. Иш берувчи бундай илтимосни рад этиши мумкинми? Олиб ташлаш ва сўндириш ўртасидаги фарқ нимада? Ҳайфсанни олиб ташлашга алоҳида буйруқ расмийлаштириш керакми?».

Саволларга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

– Эслатиб ўтамиз: меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга учта интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли :  

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима*.


*Ташкилот ИМТҚда ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин;

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш .

Аммо интизомий жазони олиб ташлаш ва сўндириш  қоидалари фақат ҳайфсан ёки жазога нисбатан қўлланилади .

Иш берувчи ходимдан интизомий жазони унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар:

  • ўз ташаббусига кўра;
  • ходимнинг илтимосига кўра;
  • ходимнинг бевосита раҳбарининг, касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органининг илтимосномасига кўра олиб ташлаш ҳуқуқига эга .

Бунда интизомий жазони олиб ташлаш – бу  иш берувчининг ҳуқуқи, мажбурияти эмас.

Меҳнат кодекси интизомий жазони қўллаган мансабдор шахс уни муддатидан олдин олиб ташлаши шарт бўлган ҳеч қандай асосларни назарда тутмайди. Иш берувчи эса бунинг учун ариза (илтимоснома)ни қондиришдан бош тортса, жавобгар бўлмайди.

Эътибор беринг

Интизомий жазони олиб ташлаш ва сўндиришни адаштирманг.

Интизомий жазонинг сўндирилиши – бу унинг 1 йилдан ошмайдиган амал қилиш муддатининг тугаши. Амал қилиш муддати тугаганидан сўнг интизомий жазо автоматик равишда сўндирилади. Бунинг учун алоҳида буйруқ чиқариш шарт эмас .

Интизомий жазони муддатидан аввал олиб ташлаш  эса иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади .

  Интизомий жазони муддатидан аввал олиб ташлаш тўғрисида буйруқ чиқариш учун қуйидагилар асос бўлиб хизмат қилади:

  • ходимнинг аризаси – агар у ўзи жазони олиб ташлашни сўраса;
  • ходим рўйхатга олинган бўлим бошлиғининг илтимосномаси (масалан, ходим ҳисобда турган бўлим бошлиғи);
  • касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг илтимосномаси.

Агар ташкилот раҳбари интизомий жазони ўз ташаббусига кўра бекор қилса, буйруқ қўшимча ариза ва илтимосномаларсиз расмийлаштирилади.

 

Интизомий жазони муддатидан аввал олиб ташлашнинг ҳуқуқий оқибатлари

Интизомий жазо муддатидан аввал олиб ташланганидан кейин:

1) ходим жазоланмаган деб ҳисобланади. Тегишинча, агар бундан кейин ходим яна ҳуқуқбузарлик қилса, уни Меҳнат кодексининг 161-модда 2-қисм 4-бандига биноан меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатиб бўлмайди. Кейинги жазо чораларини қўллашда муддатидан аввал олиб ташланган интизомий жазо энди ҳисобга олинмайди;

2) агар ходим интизомий жазо муддати давомида мукофотлардан маҳрум қилинган бўлса, уларнинг тўлови жазони муддатидан аввал олиб ташлаш тўғрисида буйруқ берилган пайтдан бошлаб қайта тикланади.