Ходимга байрам кунида ишлагани учун бошқа дам олиш куни берилса, унга ҳақ тўланадими

preview

«Ишлаб чиқариш зарурати туфайли ишчилар дам олиш кунлари 2023 йил 19 ва 20 март кунлари ишга жалб қилинди. Ишга чиққанлар ўзларига  бошқа куни отгул беришни илтимос қилишмоқда. Бу ҳолда отгул кунларига иш кунлари сифатида тўланадими ёки уларга иш ҳақи ҳисобланмайдими?».

Саволга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

Амалдаги МК бўйича (1995 йилдаги таҳрир)

– Амалдаги Меҳнат кодексининг 157-модда 2-қисмининг маъносидан келиб чиққан ҳолда, байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланади, байрам ёки дам олиш кунидаги иш камида бир ҳисса миқдорда тўланади.

Отгул учун ҳақ тўланмайди, чунки у аввал   дам олинмаган  кунни қоплайди.

Агар ходим байрам ёки дам олиш кунидаги  иш учун тўловни икки ҳисса миқдорда (агар корхананинг ички ҳужжатларида белгиланган бўлса, ундан кўпроқ) тўланишига рози бўлса, у бошқа дам олиш кунини олишга ҳақли эмас.

Агар ходим дам олиш кунида ишлагани учун отгул талаб қилса ва олса, иш камида бир ҳисса миқдорида тўланади (агар бу ташкилотнинг ички ҳужжатларида белгиланган бўлса, ундан кўпроқ).

 

Янги МК бўйича (2022 йилдаги таҳрир)

Янги Меҳнат кодекси ушбу масала бўйича аниқроқ тушунтириш беради, унинг қоидаларини фақат 2023 йил 30 апрелдан бошлаб қўллаш мумкин:

1) «отгул» атамаси янги Меҳнат кодексининг фақат 469-моддасида қўлланилади ва вахта усулида ишлашда меҳнат ва дам олиш режимига тегишли;

2) дам олиш ёки байрам кунидаги ишларни компенсация қилиш мақсадида «бошқа дам олиш куни» атамаси қўлланилади;

3) дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинади, бундай иш учун камида бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади, дам олиш куни учун эса ҳақ тўланмайди .