Ходимлар иссиқ минтақага хизмат сафарига юборилса

preview

«Ишчиларни Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳрига хизмат сафарига жўнатмоқдамиз. Уларга устама ва иссиқ иқлим шароитида ишлагани учун қўшимча таътил кунларини тақдим этишимиз шартми? Директор бундай имтиёзлар фақат у ерда доимий ишлайдиганларга берилишини таъкидлаб, буни бажаришни рад этмоқда».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Дарҳақиқат, табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаганлик учун:

1)иш ҳақи (устамалар)га туман коэффициентлари қўлланилади;

2) ходимларга йиллик қўшимча таътиллар берилади.

Устамалар миқдори ва қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги маълум туманга ёки ҳудудга боғлиқ. Уларнинг рўйхати Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-иловасида келтирилган.

Эътибор беринг
Ушбу кафолатлар нафақат ушбу ҳудудларда доимий ишлайдиган ходимларга, балки у ерга хизмат сафари билан юборилганларга ҳам татбиқ қилинади.

Устама

Қуйидаги вазиятларда ушбу ҳудудда бўлиш вақти учун устама тўланади:

  • агар ходим бундай ҳудудга бир ойдан ортиқ муддатга сафарга юборилган бўлса;
  • меҳнатга доир қонунчиликда назарда тутилган сафарларда харажатларни қоплаш учун тўловдан қатъи назар.

Учқудуқда ишлаганлик учун иш ҳақига устама миқдори 60%ни ташкил этади. Турли вазиятларда устамаларни ҳисоб-китоб қилишнинг аниқ тартиби (тўлиқ ой, тўлиқсиз ой ва бошқалар учун) Низомга 2-иловада келтирилган.

Эътибор беринг
Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар меҳнатнинг табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишлаганлик учун кўрсатилган устамаларни тўлашлари ва қўшимча таътиллар тақдим қилишлари шарт.
Эслатиб ўтамиз

Умумий қоидаларга кўра, республика ҳудудидаги хизмат сафарининг муддати йўлдаги вақтни ҳисобга олмаган ҳолда 40 кундан кўп бўлмаслиги керак.

Бунда монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини бажариш учун юбориладиган ходимлар, раҳбарлар ва мутахассисларнинг хизмат сафарлари муддати 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Ушбу муддатни узайтиришга истисно тариқасида фақат хизмат сафарига юборган ташкилот раҳбарининг ёзма рухсатномасига асосан рухсат берилади .

Йиллик қўшимча таътил

Низомнинг 2-бандига мувофиқ рўйхатга киритилган жойларда иш бажарувчи барча ходимларга йиллик қўшимча таътиллар берилади. Тегишинча, ушбу кафолат у ерга хизмат сафарига юборилган ходимларга ҳам тегишли.

Агар ходим ноқулай ҳудудда 1 иш йилидан кам ишлаган бўлса, қўшимча таътилнинг давомийлиги ишлаган вақтга мутаносиб равишда аниқланади. Қўшимча таътилнинг умумий миқдори 12га бўлинади ва тўлиқ иш ойлари сонига кўпайтирилади. Қўшимча таътил кунлари сони яхлитлаш қоидаларига мувофиқ бутун сонга яхлитланади.

Масалан:

1. Ходим 2 ой давомида монтаж ишларини бажариш учун Учқудуқ шаҳрига хизмат сафарига юборилган. Учқудуқ учун қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги – 6 иш куни.

  • 6: 12 х 2 = 1.

Шундай қилиб, ходим Учқудуқда 2 ойлик хизмат сафари учун 1 кунлик қўшимча таътил олишга ҳақли.  

2. Ходим 4 ой давомида Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги қурилиш ишларида хизмат сафарида бўлди. Бу ҳудуд учун қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги – 5 иш куни.

  • 5: 12 х 4 = 1.6.

Бу рақамни ходимнинг фойдасига яхлитлаймиз ва 2 кунлик қўшимча таътилга эга бўламиз.

Ленара ХИКМАТОВА

ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти

Хизмат сафарлари Хизмат сафарлари Хизмат сафарлари /publish/doc/text182509_hodimlar_issiq_mintaqaga_hizmat_safariga_yuborilsa