Ставка ўзгаришини қандай расмийлаштириш керак

preview

Ходим 0.5 ставкадан тўлиқ ставкага ўтказилмоқда. Бу жараён қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади, янги меҳнат шартномасини тузиш керакми? Саволга  эксперт ва «Норма»  кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:


- Расмийлаштириш тартиби ходим ставкасининг ўзгариши сабабига боғлиқ.

Эътибор беринг
Ставка (юклама) миқдорининг ўзгариши ва бунинг оқибатида иш вақти ва иш ҳақининг ўзгариши меҳнат шартларининг ўзгариши ҳисобланади .

Ставка иш берувчининг ташаббуси билан ёки ходимнинг хоҳишига кўра ўзгартирилиши мумкин.

Янги меҳнат шартномасини тузиш шарт эмас, амалдагисига қўшимча келишув тузиш кифоя.  Ушбу келишув асосида – буйруқ чиқариш, барча бухгалтерия ва кадрлар ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш (Т-2 шахсий варақаси, иш вақтини ҳисобга олиш табели ва ЯММТ) керак.
 
 

Агар ставка иш берувчининг ташаббуси билан ўзгартирилса :

1. Ходимни бўлажак ставка ўзгариши ҳақида камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантиринг. Бу муддат фақат ходимнинг розилиги билан қисқартирилиши мумкин.

2. Ходим қарши бўлса, ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб, у билан меҳнат шартномасини бекор қилишингиз мумкин.

3. Агар ходим рози бўлса, меҳнат шартлари ўзгаришини МКнинг 96-модда 7-қисм талабларига мувофиқ расмийлаштиринг.
 
 

Ставка ходимнинг хоҳишига кўра ўзгараётган бўлса

Агар ходим ставкани ўзгартирмоқчи бўлган сабаб қонунчилик ва меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган бўлса, ходим буни (ёзма равишда) талаб қилишга ҳақли ва иш берувчи бундай талабни қондириши шарт. Бошқа барча ҳолларда ходим иш берувчига ёзма шаклда мурожаат қилишга ҳақли, иш берувчи эса рози бўлиш ёки рад этиш ҳуқуқига эга.

1. Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши лозим.

2. Рад этилган тақдирда, иш берувчи унга рад этишнинг сабабини ёзма шаклда маълум қилиши керак.

3. Агар рози бўлсангиз, меҳнат шартлари ўзгаришини МКнинг 96-модда 7-қисмига мувофиқ расмийлаштиринг.