Кимни ва қайси ёшдан ишга қабул қилиш мумкин

preview

Ўзбекистонда ким ишчиларни ёллашга ҳақли? Ишга неча ёшдан ва қандай шартларда қабул қилиш мумкин? Ходимларнинг ёши билан боғлиқ меҳнат шартларининг бузилиши учун ким ва қай даражада жавобгар бўлади? 

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

Ходимлар ва иш берувчилар

Шахсий меҳнат муносабатларининг субъектлари – бу ходим ва иш берувчидир. Иш берувчилар сифатида қуйидагилар чиқиши мумкин:

  • мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, ташкилотлар;
  • ташкилотларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари (масалан, дирекциялар);
  • жисмоний шахслар:

– юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар;

–  уй ишчиларини шахсий хизмат кўрсатиш ва уй хўжалигини бошқариш учун ёллайдиган шахслар (энагалар, ошпазлар ва бошқалар);

–  касбий фаолияти рўйхатдан ўтказилиши ва (ёки) лицензияланиши керак бўлган ва қонунчилик  ушбу фаолиятни амалга ошириш учун ходимлар билан меҳнат муносабатларига киришишига рухсат берилган шахслар (хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ва бошқалар) .

Қуйидагилар ходим бўлиши мумкин:

  • Ўзбекистон фуқаролари;
  • чет эл фуқаролари;
  • фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Агар улар меҳнатга оид ҳуқуқ/муомала лаёқатига эга ва Меҳнат кодексида белгиланган ёшга етган бўлса,  иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришишлари мумкин.


* Меҳнат қобилияти бу меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш қобилияти. Меҳнат лаёқати бу фуқаронинг (жисмоний шахснинг) ўз хатти-ҳаракатлари орқали меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун меҳнат мажбуриятларини олиш ва уларни бажариш лаёқати. Ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати у ўн олти ёшга тўлган пайтидан эътиборан бир вақтнинг ўзида вужудга келади, алоҳида ҳоллар бундан мустасно ( улар ҳақида – қуйида ).

Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда Ўзбекистон Республикасига келган чет давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистонда ишлашлари мумкин. Бунинг учун улар меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олишлари керак . Буни қандай қилиш кераклиги ҳақида бу ерда ўқинг:

 

Неча ёшдан ишга қабул қилиш мумкин

Ёшлар ўн олти ёшдан бошлаб мустақил равишда ишга жойлашишга ҳақли .

Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини қуйидаги шартларга риоя қилинганда ишга қабул қилиш мумкин:

  • ўсмирнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган енгил меҳнат;
  • ўқитиш жараёнини бузмайдиган меҳнат ўқишдан бўш вақтда бажарилади;
  • ота-онадан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) бунга ёзма розилик берганда .

Ўн беш ёшга тўлмаган ўсмирни маданий-томоша ташкилотлари, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотлари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ва асарларни яратиш ва (ёки) ижро этиш учун ишга қабул қилиш мумкин:

  • соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан;
  • ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги;
  • васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан.

Бу ёш профессонал спортчиларга ҳам тегишли.

Бундай ҳолда ходимнинг номидан меҳнат шартномасини унинг ота-онаси (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) имзолайди.  Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл қўйиладиган давомийлиги ҳамда иш бажарилиши мумкин бўлган бошқа шартлар кўрсатилади.

Ўн беш ёшгача бўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари ҳукумат томонидан тасдиқланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларни қуйидаги ишларга олиш тақиқланади :

  • меҳнат  шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига  ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган: тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар (тўлиқ рўйхат – бу ерда);
  • ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши

Ушбу талабларнинг бажарилмаслиги иш берувчининг мансабдор шахсини МЖК 49-1-м. бўйича  маъмурий жавобгарликка – БҲМнинг 10 бараваридан 20 баравари миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлиши мумкин. Худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, ЖКнинг 148-1-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка сабаб бўлади ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар фақат иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади. Келгусида эса бундай ходимлар ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим .

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари соҳасида эса улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади .

Ленара ХИКМАТОВА

 «Норма» эксперти, юрист


Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /publish/doc/text188328_kimni_va_qaysi_eshdan_ishga_qabul_qilish_mumkin