Огоҳлантириш муддати ўтиш даврига тўғри келса, ишдан бўшатиш нафақаси қайси кодекс бўйича тўланади

preview

«Ходимга 2023  йил 10 март куни «қисқартириш» муносабати билан ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш берилди. Огоҳлантириш муддати 10 май куни тугайди. Бу пайтда аллақачон ходимнинг иш стажидан келиб чиқиб ишдан бўшатиш нафақасини тўлашда янги ёндашувни ўрнатадиган янги Меҳнат кодекси амал қилади. Тегишинча, баъзи ходимлар учун нафақа миқдори ҳозиргисидан  икки баравар юқори бўлади. Биз «қисқартирилаётган» ходимга ишдан бўшатиш нафақасини қайси МК – огоҳлантириш пайтидаги амалдаги ёки янгиси бўйича тўлашимиз керакми? Ходимнинг ташкилотдаги иш стажи 15 йилдан кўп».

Саволга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

– Янги Меҳнат кодекси 2023 йил 30 апрелдан кучга киради. Шу санадан бошлаб барча иш берувчилар унинг қоидаларига риоя қилишлари шарт.

Янги Меҳнат кодексининг 173-моддасига мувофиқ, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:

  • уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан;
  • уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан;
  • беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан;
  • ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан;
  • ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

 

Эслатиб ўтамиз

Иш берувчи қуйидагилар сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақасини тўлайди:

– иш берувчининг ташаббусига кўра –айрим ҳоллар бундан мустасно ;

– томонларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ;

– ходим янги меҳнат шартларида меҳнат қилишни рад этиши муносабати билан ;

– ходим тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши муносабати билан, ёхуд – агар иш берувчида бундай иш бўлмаганда ;

– ходимнинг иш берувчи билан бошқа жойга кўчиб ўтишни рад этганлиги муносабати билан ;

– ходимнинг ташкилот мулкдори алмашганда,  идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ишни давом эттиришни рад этиши .

Бу ҳақда батафсил бу ерда ёзганмиз:

Эътибор беринг

Ўриндошлар учун ишдан бўшатиш нафақасини тўлашнинг бошқа тартиби белгиланган – икки ҳафталик ўртача иш ҳақи миқдорида.  Ўриндошнинг мазкур иш берувчидаги иш стажи ишдан бўшатиш нафақаси миқдорига таъсир қилмайди . Бу ҳақда батафсил қуйидаги мақолада ўқинг:

Тегишинча, 2023 йил 30 апрелдан кейин меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимни бўлғуси ишдан бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантириш санасидан қатъи назар, нафақа миқдори янги қоидалар бўйича – янги Меҳнат кодексининг 173-моддасига мувофиқ ҳисобланиши керак. Агар бу вақтга келиб ходимнинг ушбу иш берувчидаги иш стажи 15 йилдан ошса, тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори унинг ўртача ойлик иш ҳақининг камида 200% ни ташкил қилади.

 

Агар ходим бошқа иш топгани учун  огоҳлантириш муддати тугашини кутишни ўзи истамаса…

Агар тарафлар огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштириш борасида ўзаро келишувга эришса ва  меҳнат шартномаси 2023 йил 30 апрелгача бекор қилинса, ишдан бўшатиш нафақаси 1995 йилда ўзгартирилган Меҳнат кодексининг 109-моддасида белгиланган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади – ходимнинг камида ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида.

Аммо ёдда тутинг: ходим билан келишар экансиз, унга ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш шартлари тўғрисида хабар беришингиз шарт. Акс ҳолда, ходим кейинчалик ўзини алданган деб ҳисоблаши ва ушбу масала бўйича суд жараёнини бошлаши мумкин.