Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ўриндошга қанча миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади
Янги Меҳнат кодекси ўриндошларга ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш учун қўшимча асослар ва уни ҳисоблашнинг бошқа тартибини назарда тутади. Бу масалани ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилишнинг ўзига хос жиҳатларини «Норма» мутахассиси, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
– Эслатиб ўтамиз: меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинганда иш берувчи ишдан бўшатиш нафақасини тўлайди:
1) ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан ;
2) тиббий хулосага мувофиқ ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказилишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати билан ;
3) ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишни рад этиши муносабати билан ;
4) ташкилот мулкдори алмашганда, унинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги, қайта ташкил этилганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши муносабати билан ;
5) иш берувчининг ташаббусига кўра – айрим ҳоллар бундан мустасно ;
6) тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра .
Бу ҳақда батафсил бу ерда ёзганмиз:
Бу – ходим билан, шу жумладан ўриндошлик асосида ишловчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлган умумий асослардир.
Аммо айнан ушбу тоифадаги ходимларни ишдан бўшатиш учун қўшимча асослар ҳам мавжуд. Масалан:
1) мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилиниши;
2) ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар жорий этилиши.
Масалан, вояга етмаган шахсларнинг ўриндошлик асосида ишлашига йўл қўйилмайди. Ёки – ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда, агар ўриндошнинг асосий иши худди шундай шароитлар билан боғлиқ бўлса ва ҳоказо.
Бундан ташқари, иш берувчининг ўзи, агар ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг, бошқа шахсларнинг соғлиғига ёки ишлаб чиқариш жараёни хавфсизлигига зиён етказиши мумкин бўлса, ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар белгилаши мумкин. Бу ходимлар касаба убшмасининг вакиллик органи билан келишилган ва меҳнат шарт-шароитлари ҳамда тартибининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Юқоридаги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг барча ҳолларида – умумий ва қўшимча асослар бўйича ҳам – ўриндош ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Бунда бу ички ёки ташқи ўриндошлик эканлигининг аҳамияти йўқ. Аммо ишдан бўшатиш нафақаси миқдори шунга ўхшаш вазиятда «асосий» ходим олиши мумкин бўлган ишдан бўшатиш нафақасидан фарқ қилади.
Асосий иш жойидаги ходим учун нафақа миқдори иш стажига қараб ўртача ойлик иш ҳақининг 50% дан 200% ни ташкил қилади (батафсил бу ерда қаранг). Ўриндош ходимга ишдан бўшатиш нафақаси икки ҳафталик ўртача иш ҳақи миқдорида тўланади. Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги ўриндошнинг иш стажига боғлиқ бўлмайди .