Ўриндошлар қонунчиликка мувофиқ ЯММТда қандай рўйхатдан ўтказилади

preview

Яқинда нашр этилган  «Ўриндошлар билан қайси меҳнат шартномалари ЯММТда рўйхатдан ўтказилиши керак» мақоласида ЯММТ ИДАК  бошқарув дирекцияси вакили ўриндошлар билан меҳнат шартномаларига нисбатан ЯММТ  тизимида қандай ёндашувлар борлигини  тушунтирган эди.

Амалиёт ва қонунчилик билан қарама-қаршиликлар юзага келмаслиги учун ушбу тизимни қайси йўналишда такомиллаштириш зарурлигини эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС изоҳлади:

 

1. Агар асосий иш жойи ўша ташкилотнинг ўзи бўлса

(ЯММТда: агар ходим ташкилотда асосий иш жойи бўйича ишласа ва ўриндошлик асосида бошқа мутахассиснинг ишини бажарса, my.mehnat.uz сайтида меҳнат шартномаси асосий иш жойи бўйича рўйхатга олинади, ўриндошлик эса акс эттирилмайди)

– Ўриндошлик – бу ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир . Бунда у асосий иш жойи бўйича тузилган шартнома бўйича эмас, балки бошқа меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.

Ходим ўриндошлик асосидаги ишни асосий иш жойи (ички ўриндошлик) бўйича амалга ошириши мумкин. Бунда асосий иш жойи бўйича ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда (яъни – вақтинчалик) ёки бўш лавозимдаги (яъни – доимий) ишни бажаришда йўл қўйилади .

Шунинг учун, агар иш берувчи ходим билан иккинчи лавозим учун иккинчи меҳнат шартномасини тузса, ушбу иккинчи шартнома ҳам тизимнинг асосий – амалдаги барча меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш вазифасидан келиб чиқиб ЯММТда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Агар ички ўриндошлар кўрсатилмаса, иш берувчиларда ходимларни ташқаридан, шу жумладан –  бандлик хизмати йўналиши бўйича ишга қабул қилишни талаб қиладиган бўш иш ўринлари «осилиб» қолади.

Иш берувчи бўш иш ўрнидан қандай фойдаланишни ўзи ҳал қилишга ҳақли.   Ҳатто иқтисодий нуқтаи назардан ҳам янги мутахассис тўлиқ ставкага, ички ўриндош – фақат 0,5 ставкадан кўп бўлмаган ставкага қабул қилинади.

Баъзи ҳолларда, унинг турли лавозимларда ишлаш тажрибаси кўриниши учун ички ўриндошлик электрон меҳнат дафтарчасида акс эттирилиши муҳим. Масалан, ходим асосий иш жойи бўйича мактабда ўқитувчи, ишдан бўш вақтларида эса шу ернинг ўзида кутубхоначи бўлиб ишлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб,  барча турдаги меҳнат шартномалари – асосий ходимлар, ташқи ва ички ўриндошлар билан – ЯММТ тизимида рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Кўп ҳолларда амалиётда "ички ўриндошлик" ва "бир неча касб ва лавозимда ишлаш" тушунчалари билан чалкашлик юз беради .

Бир неча касб ва лавозимни бирлаштиришда иккинчи меҳнат шартномаси тузилмайди, иш асосий иш билан бир вақтда амалга оширилади ва бу ҳақиқатан ҳам ЯММТга қўшимча маълумотларни киритишни талаб қилмайди.

 

2. Агар асосий иш жойи бошқа ташкилот бўлса

(ЯММТда: Агар асосий иш жойи бошқа ташкилот бўлган ходим ўриндошлик асосидаги ишга жалб қилинса,  бу ҳолда ўриндош ходим билан меҳнат шартномаси my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказилиши керак.  

Бунда, агар ходим аллақачон бошқа ташкилот билан ўриндошлик бўйича амалдаги меҳнат шартномасига эга бўлса, my.mehnat.uz сайти ҳақиқатдан ҳам ўриндош билан  шартномани рўйхатдан ўтказмаслиги мумкин).

– Ўриндошлик асосида ишлаш тартибини Ўриндошлик асосида ҳамда  бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом белгилайди. Низомнинг 7-бандида ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно) аниқ белгиланган.

Аммо на ушбу низомда, на янги, на амалдаги МКда ходим ўриндошлик асосида ишлаши мумкин бўлган ташкилотлар сони кўрсатилмаган.

Иш берувчи энг аввало ходимлар билан, шу жумладан – ўриндошлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва фақат шундан кейингина бу ҳақдаги маълумотларни ЯММТга киритади, аксинча эмас.

Масалан, ходим асосий иш жойи бўйича тўлиқ ставкага эга ва яна иккита ташкилотда – ҳар бири 0,25 ставкадан меҳнат қилади. ЯММТ ўриндошликни иккита ташкилотда рўйхатдан ўтказишга рухсат бермайди, тизим маъмуриятига мурожаат қилишга ва вазиятни тушунтиришга тўғри келади. Бундай чеклаш қонунчиликка зид ва бекор қилиниши керак.