Қачон ва қандай қоидаларга кўра электрон меҳнат дафтарчаларига ўта бошлаймиз

preview

Йил бошида ОАВда бу йил мамлакатимиз меҳнат шартномаларини тузиш ва меҳнат дафтарчаларини юритишнинг электрон тизимига ўтиши ҳақида кўп гапирдилар. Шу муносабат билан кадрлар бўлими ходимларида бир қатор саволлар юзага келмоқда. Инновациялар айнан қайси пайтдан жорий этила бошлайди? Янги тартибот қандай бўлади? Ўқув йили якунланиши билан биринчи марта ишга кираётганларнинг меҳнат дафтарчаларини қандай расмийлаштиришни билмадилар. Келинг, масалани биргаликда кўриб чиқамиз.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қўнғироқ қилдик. Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармасидагилар аввал эълон қилинган тизимни яратиш устида иш олиб борилаётганини, унинг ишга тушиш муддати ҳали аниқ белгиланмаганини маълум қилдилар.

Мутахассислар техник ишлар билан бир қаторда электрон шартномаларни тузиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш таомилини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга ҳам эътибор қаратдилар. Янги тартибот аниқ қайд этиладиган низом тасдиқланиши керак.

Вазирликда қайд этишларича, айни пайтда ташкилотлар амалдаги Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ иш юритишлари, яъни ушбу ҳужжатларни одатдаги режимда расмийлаштиришда давом этишлари керак.

«Norma» МЧЖнинг «Жавоб берамиз» маълумот бериш хизмати экспертлари иш стажисиз ва меҳнат дафтарчасисиз ишга кирувчи ходимларга меҳнат дафтарчаларини расмийлаштиришнинг амалдаги тартиби тафсилотларини тушунтириб бердилар:

– Айни пайтда электрон меҳнат дафтарчаларини расмийлаштиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаганлиги боис биринчи марта ишга қабул қилинган ходимлар учун Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ меҳнат дафтарчаларига буюртма бериш ва уларни расмийлаштириш лозим. Меҳнат дафтарчалари ва уларга қўшимча варақлар корхона томонидан маҳаллий меҳнат органларидан (туман ва шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказларидан – таҳр. изоҳи) олди-сотди шартномаси асосида сотиб олинади. Меҳнат дафтарчаларини бошқача тартибда сотиш, шунингдек фуқаролар томонидан уларни сотиб олиш тақиқланади (Йўриқноманинг 1.3-банди).

Шуни қайд этамизки, меҳнат дафтарчаларини юритишга инновацион технологияларни жорий этиш билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳанузгача фаол муҳокама қилинмоқда. Кўп масалалар юзасидан ҳали бир фикрга келингани йўқ. Шу жумладан янги тизим жорий этилгунига қадар очилган меҳнат дафтарчалари билан боғлиқ масалада ҳам.  

Ҳозирча ушбу механизм лойиҳаси расман эълон қилинмаганини қайд этиб ўтамиз. 2019 йилдан бошлаб фақат янги ишга қабул қилинган (стажсиз биринчи бор) ходимларга электрон дафтарчалар очишни мўлжаллаган эдилар, ходимларнинг қолган дафтарчалари 2021 йилгача қоғоз вариантда юритилавериши керак эди. Унинг тартиби ҳам белгиланмади.

Кадрлар хизматига алоқадор бўлмаган ходимлар орасида янги тартибда қуйидагилар назарда тутилиши керак деб ҳисоблайдиганлар кўп:

  • иш берувчиларнинг зиммасига белгиланган муддат давомида ташкилотлардаги барча ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидаги ахборотни маълумотлар базасига ўтказиш мажбуриятини юклаш;
  • ходим пенсия тайинлашларини сўраб мурожаат қилганда тизимдаги ахборотдан фойдаланиш имконини берувчи ва маълумотларни архив маълумотномалари билан тасдиқлаш заруратини истисно этувчи механизмларни назарда тутиш. Маълумотларни жамғариб бориладиган пенсия тизимидаги (ШЖБПҲ) маълумотлар билан солиштирган ҳолда текшириб кўриш мумкин бўларди.

Бироқ тажрибали кадрлар хизмати ходимлари бундай ёндашув салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтмоқдалар. Уларнинг сўзларига қараганда, иш берувчиларда барча ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидаги ахборотни тизимга ўтказиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Бир неча минг киши ишлайдиган ташкилотни кўз олдингизга келтиринг. Ёзилганидек, муайян санадан янги ходимларга электрон дафтарчаларни очиб, муайян санагача эски дафтарчалардан фойдаланиб, босқичма-босқич ўтиш лозим. Яна бир жиҳатни олайлик. Исталган дафтарчани олинг – баъзи корхоналарда уларнинг аксарияти ўзбек тилида, бошқалари рус тилида юритилади, қаеридадир муҳр аниқ-тиниқ кўринади, қаеридадир эса йўқ. Маълумотларни кўчириб ёзиш ёки ўтказиш қўпол хатоликларга йўл қўйишга ва турлича талқин қилишга олиб келади. Электрон базага қўпол хатолар киритилса, бунинг оқибати қандай бўлишини тасаввур қилаяпсизми?  

Юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан атиги биттасини тилга олдим. Лойиҳа муаллифлари шошма-шошарликка йўл қўймай, қандай бўлмасин аввал эълон қилинган муддатда жорий этишга уринмаганлари яхши бўлгандир. Бу ўринда «Етти ўлчаб, бир кес» мақолига амал қилган маъқул. Қарорлар имкон қадар пухта ўйлаб қабул қилиниши ва самарали бўлиши, барча меҳнат муносабатлари иштирокчиларининг манфаатларини инобатга олиши лозим.   

Олег Гаевой.

 

ЯММТ ЯММТ ЯММТ /ru/publish/doc/text175515_qachon_va_qanday_qoidalarga_kura_elektron_mehnat_daftarchalariga_uta_boshlaymiz1