Директор текинга ишлаши мумкинми

preview

Вақтинчалик молиявий қийинчиликлар туфайли хайрия ННТ директори ва бош бухгалтери бир муддат иш ҳақи олишдан воз кечмоқчи. Шундай қилиш мумкинми? Қолган ходимлар  ташкилотнинг асосий фаолияти доирасида ҳақ олмасдан ёрдам берадиган кўнгиллилар.

 

– Йўқ, меҳнат шартномаси доирасида директор ва бош бухгалтер зиммасига юклатиладиган вазифаларни текинга бажариб бўлмайди.

МК 72-м. 1-қ. мувофиқ, меҳнат шартномаси  ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишув саналади.

Кўнгиллилар деб ҳомийлик олувчининг ёхуд ҳомийлик ташкилотининг манфаатларини кўзлаб бепул ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклидаги ҳомийликни амалга оширувчи жисмоний шахслар тан олинди. Бунда ҳомийлик (ҳомийлик фаолияти) юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан, пул маблағларини қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами (фаолияти) сифатида белгиланади .

Яъни, кўнгиллилар ҳомийлик ташкилоти билан ҳеч қандай меҳнат муносабатларини ўрнатмайди, директор ва бош бухгалтер эса ташкилот штатида бўлган ҳолда унинг ишлашини таъминлайди. 

Шу тариқа, директор ва бош бухгалтер меҳнат шартномаларида белгиланган меҳнат вазифалари доирасида текинга ишлай олмайди. Улар бажарадиган меҳнат мажбуриятларидан ташқарида кўнгилли сифатида ҳаракат қилишлари мумкин.