Декретдаги ходима лавозимини қонуний қисқартиришнинг 4 усули

preview

Корхонада ташкилий тузилма янгиланиб, айрим штат бирликлари қисқартирилмоқда. Улардан бирини болани 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилида бўлган аёл эгаллаб турибди. Унинг ишда бўлмаган вақтига бошқа ходим ишга қабул қилинган. МК 237-м. мувофиқ, декретдаги ходимани ишдан бўшатиб бўлмайди. Вақтинчалик ходим билан қандай йўл тутиш керак? Штат қисқариши муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлимизми?

«Норма» экспертлари Валерия ЛЯНДРЕС ва Ленара ХИКМАТОВА муаммони ҳал қилиш вариантларини таклиф қилдилар:

 

– Дарҳақиқат, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади . Шу сабабли штат қисқариши муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди. Ходиманинг боласи 3 ёшга тўлганидан кейингина уни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин .

МК 105-м. мувофиқ, иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Болани парваришлаш таътилида бўлган шахснинг лавозимини «қисқартиришга» йўл қўйилмас экан, у ҳолда ушбу лавозимга вақтинча қабул қилинган ходимни ҳам иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиб бўлмайди. Чунки ҳақиқатда лавозим қисқартирилмаяпти. Шу сабабли асосий ходим болани парваришлаш таътилидан чиқмагунча ушбу иш жойига «тегишни» тавсия этмаймиз.

Бироқ корхонада ушбу лавозимга бошқа ҳеч қандай эҳтиёж қолмаган ва демакки, меҳнат ресурсидан (ўрнини босаётган ходимдан) фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан самара бермаётган бўлса, МК талабларини бузмай, бир нечта усул ёрдамида вазиятдан чиқиш мумкин.

 

1-усул. Ходима вақтинча таътилдан қайтади – ўрнини босаётган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади – ходима яна болани парваришлаш таътилига чиқади

Декретдаги ходимага ҳеч бўлмаса бир неча кунга расман болани парваришлаш таътилидан қайтишни таклиф қилинг.

У иш берувчини муддатидан олдин таътилдан қайтаётгани ҳақида ёзма равишда хабардор қилади. Унинг аризасига асосланиб «фалончи болани парваришлаш таътилидан қайтган ва фалон санадан бошлаб ишга тушган деб ҳисоблансин…» деб  буйруқ чиқарасиз. Бу ҳолда унинг ўрнини босаётган ходимни ишдан бўшатиш шартига расман риоя этилган бўлади, сабаби унинг меҳнат шартномаси муддати «асосий ходим болани парваришлаш таътилидан қайтгунча» деб белгиланган.

Ишдан бўшатиш ҳолатини my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказишни ва шу ернинг ўзига таътилдаги ходимани «қайтаришни» унутманг. Шундан сўнг у яна болани парваришлаш таътилига чиқиши мумкин. Бироқ шу муносабат билан юзага келган бўш иш ўрни my.mehnat.uz сайтида «осилиб» тураверади, сабаби болани парваришлаш таътилида бўлган декретдаги ходима эгаллаган бўш иш ўрнини тизимдан чиқариб ташлашга йўл қўйилмайди.

Маҳаллий меҳнат органи ушбу бўш иш ўрнига номзодларни йўлламаслиги учун уни ушбу бўш иш ўрнини «тўлдиришга» эҳтиёж йўқлигини, корхона ходима таътилдан қайтгач уни қисқартирмоқчи эканлигини ёзма равишда маълум қилиш мақсадга мувофиқ.

 

2-усул. Ходима таътилдан қайтади – ўрнини босаётган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади – ходима бошқа ишга ўтказилади – штат бирлиги қисқартирилади

Ўрнини босаётган ходим ишдан бўшатилгач, декретдаги ходимани унинг розилиги билан бошқа доимий ишга ўтказишингиз мумкин. Корхонада бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, у ходимага маъқул келса, албатта.

Бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги қўшимча келишувни my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказгач, кераксиз бўш иш ўрнини чиқариб ташлашингиз мумкин. Бу ҳақда бу ерда батафсил сўз юритган эдик.

Бу ҳолда шундай йўл тутиш тўғри бўлади, сабаби ходима таътилдан аввалги жойига қайтган ва ундан бошқа лавозимга ўтказилган деб ҳисобланади. Шундан сўнг ходима ўз хоҳишига кўра янги лавозимда ишлашда давом этиши ёки яна болани парваришлаш таътилига чиқиши мумкин.

Эътибор беринг

Ушбу иккала усулни декретдаги ходиманинг розилиги билангина қўллаш мумкин. Ходима болани парваришлаш таътилини тўхтатиб, ҳатто бир неча кунга бўлса ҳам ишга чиқишдан бош тортса, – бу унинг ҳуқуқи, уни мажбурлаб бўлмайди. Унинг розилигисиз бошқа доимий ишга ўтказилишини расмийлаштиришга ҳам йўл қўйилмайди .

Бу ҳолда иш берувчининг таътил тугашини ёки ходима ўз хоҳишига кўра таътилдан муддатидан олдин қайтишини кутишдан бошқа иложи йўқ. Бунинг устига, гарчи ҳаммаси расман қонуний бўлса ҳам, ушбу вариантлар  вақтинчалик ходимга нисбатан унчалик ахлоққа мос эмас.

 

3-усул. Декретдаги ходима болани парваришлаш таътилидан қайтмай туриб бошқа лавозимга ўтказилади ва ушбу штат бирлигида бўлган ҳолда таътилини давом эттиради – унинг ортидан ўрнини босаётган ходим айни шу лавозимга ўтказилади – аввалги бирлик қисқартирилади.

Кўриб турганимиздек, ушбу вариант вақтинчалик ходим билан меҳнат муносабатларини сақлаб қолиш, бунда кераксиз штат бирлигини қисқартириш имконини беради. Бироқ, ушбу усулни фақат агар ташкилотда мос бўш иш ўрни мавжуд бўлса ва иккови – асосий ходим ҳам, унинг ўрнини босаётган ходим ҳам бошқа доимий ишга ўтказишга рози бўлса, қўллаб бўлади.

Иккала ходимнинг бошқа доимий ишга ўтказилишини қўшимча келишув тузиш ва уни ЯММТда рўйхатдан ўтказиш йўли билан расмийлаштиринг.

 

4-усул. Ўрнини босаётган ходим бошқа ишга ўтказилади ёки тарафларнинг келишувига кўра у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади

Корхонада мос келадиган бўш иш ўрни мавжуд бўлса, вақтинчалик ходимга уни таклиф қилинг ва унинг розилиги билан бошқа доимий ишга ўтказилишини МК 96-м. 1–2-ққ. қоидаларига риоя этган ҳолда расмийлаштиринг

Тарафларнинг келишувига кўра – МК 97-м. 1-б. бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш эҳтимоли ҳақида ходим билан суҳбат ўтказиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бу ҳолда тарафлар ўртасида меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳақидаги келишув ишдан бўшатиш учун асос бўлади .

Ишдан бўшатиш ҳақидаги ёзма келишувда иш берувчининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб ишдан бўшатишнинг фойдали шартларини назарда тутиш мумкин.   Ходимни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча тўловлар тўланиши шулар жумласидан.

Ўрнини босаётган ходимни бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш муносабати билан юзага келган бўш иш ўрни my.mehnat.uz сайтида «осилиб туради», декретдаги ходима унда рўйхатдан ўтказилганлиги сабабли уни чиқариб ташлаб бўлмайди. Бу ҳолда ҳам маҳаллий меҳнат органини бўш иш ўрнига эҳтиёж йўқлиги ҳақида огоҳлантирган маъқул.

 

Ўрнини босаётган ходимга «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшашни таклиф қилиш мумкинми?

Бу – жуда хатарли йўл. Зеро бу ҳолда ходимнинг ҳақиқатан меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисидаги хоҳиш-истагини намоён этиши керак бўлган ёзма аризаси ишдан бўшатиш учун асос бўлади .

Кўндириш, боз устига, босим ўтказиш тақиқланади, сабаби ходим кейинчалик ишдан бўшашга мажбурлашгани боис ишга тиклашларини сўраб судга мурожаат қилса, суд иш берувчининг фойдасига зид қарор чиқариши мумкин.


Таътил ва ишламайдиган вақт-Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексига мувофиқ дам олиш вақти, таътилни рўйхатдан ўтказиш ва тартибга солиш ўзбекистонда ишламайдиган вақт, таътил ва ишламайдиган вақт, таътил Ўзбекистонда байрамлар қандай ташкил етилган. Ишламайдиган соатлар, байрамлар ва таътиллар ҳақида. Кадрлар бўлими ходими учун байрамлар ва таътиллар ҳақида маълумот /ru/publish/doc/text178341_shtat_qisqartirilganda_dekretdagi_hodimani_qonuniy_ishdan_bushatishning_4_usuli