Ходимни таътилдан неча марта чақириб олиш мумкин
«Март ойида ходимга таътил берилди, бироқ кўп ўтмай ускуна бузилиб қолди ва фақат шу ходим ускунани тузата олиши сабабли уни таътилдан чақириб олишга тўғри келди. Апрелда у дам олиш учун таътилга кетди ва вазият тақозоси билан яна уни ишга чақириб олишди. Ҳозир учинчи марта таътил берилган. Яна ишга чақириб олишга тўғри келиб қолмасин деган хавотирдамиз... Таътилдан чақириб олиш бўйича қандайдир чекловлар мавжудми?».
– Йўқ, амалдаги қонун ҳужжатларида меҳнат таътилидан чақириб олишлар сони чекланмаган. Бироқ учта муҳим шарт мавжуд.
1. Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади .
Ишлаб чиқариш зарурати туфайли иш берувчи ўз ташаббуси билан ходимни таътилдан чақириб олиши мумкин эмас. Фақат – ходимга таътилдан чақириб олишни таклиф қила олади (бошқача айтганда, – ишга чиқишини сўрайди).
2. Таътилни қисмларга бўлишда иш берувчи томонидан таътилнинг бир қисми – яхлит, яъни 12 иш кунидан кам бўлмаган муддатга берилиши лозим .
Масалан, ходимга 18 иш кунидан иборат таътил берилган. 3 кун ўтгач ишлаб чиқариш зарурати туфайли у таътилдан чақириб олинди. 15 иш кунилик таътил фойдаланилмай қолиб кетган, ушбу таътилдан у кейинроқ фойдаланишни бошлаган. Бироқ 3 кун ўтиб у яна ишга чақириб олинган.
Шу тариқа, ходимнинг ҳисобида фақат таътилнинг 12 куни қолган. Энди уни яна таътилдан чақириб олиш мумкин эмас. Унда фақат таътилнинг ажралмас қисми – 12 иш куни қолган.
Бошқа мисол: ходимга 15 иш кунлик муддатга – 2 июнга қадар таътил расмийлаштирилган, 2 июнь ҳам ҳисобга киритилган. Бироқ 10 июнь куни ушбу таътил берилган иш йили тугайди. Мазкур ҳолатда ходимни таътилдан чақириб олиш тўғри бўлмайди, сабаби иш йили якунига қадар ходим 12 иш кунлик мажбурий таътилдан фойдаланишга улгурмайди .
3. Меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътиллардан ушбу таътиллар берилган иш йили давомида қатъий равишда фойдаланилиши шарт
Фақат иш йили мобайнида уларни қисмларга бўлиш мумкин. Ушбу таътилларни кейинги иш йилига кўчириш мумкин эмас.
Шу боисдан, таркибига қўшимча таътилларда ҳам киритилган меҳнат таътилидан чақириб олаётганда, ходим улардан жорий иш йили давомида фойдаланиши лозимлигини унутманг. Ходим иш йили тугагунига қадар улардан фойдалана олиш-олмаслигини дарҳол ҳисоблаб кўринг.
Хулоса:
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда таътилдан чақириб олишлар сонини чеклашни тавсия қиламиз. Бунинг устига, меҳнат таътиллари дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун берилади . Ходим ушбу даврда шаҳардан ва республикадан ташқарига кетган бўлиши, даволанишни режалаштириши мумкин.
Штатдаги ходимлар таътилда бўлган даврида ишлаб чиқаришдаги муаммоларни четлаб ўтиш учун қуйидагиларни тавсия қиламиз:
- таътиллар жадвалини тузиш чоғида ходимларнинг ўзаро бир-бирининг ўрнига ишлай олиши ҳолатларини назарда тутинг;
- «ноёб мутахассис» – бу хатар даражаси юқорилигини англатади, умуман олганда қандай ҳолат юз беришини олдиндан билиб бўлмайди. Унга ёрдамчи бўладиган ходимни ишга олинг, зарурий кўникмаларни ўргатинг. У штатда ва форс-мажор ҳолатларда ўринбосар бўлади;
- бошқа иложи топилмай қолганда таътил даврида четдан шундай малакага эга бошқа мутахассис билан муайян ишларни бажариш учун ФҲШ тузиш мумкин. Бундай мутахассисни зудлик билан топиш мушкул бўлганлиги сабабли олдинги банд кўпроқ маъқул келади.
Валерия ЛЯНДРЕС,
«Норма» компанияси эксперти,
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист, «Норма» компанияси эксперти.