Директор ўриндошлик асосида ёки бир неча касбда ишлашини қандай расмийлаштириши лозим (қадамма-қадам йўриқнома)

preview

«Директор раҳбарлигидаги компанияда ўзини яна бир лавозимга расмийлаштириши мумкинми? У дастурчи, меҳнат стажида бу акс эттирилишини хоҳлайди. Буни қандай расмийлаштириш лозим?».

 

– Корхонадаги исталган ходим ички ўриндошлик тартибида ёки бир неча касбда ишлаши мумкин. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг  4 ва 26–бандларида санаб ўтилган айрим ҳолатлар бундан мустасно. Шу боисдан аввало директор ёши бўйича бундай лавозимни эгаллаши ёки ишлар тури бўйича бундай фаолият юритиши тақиқланган ходимлар тоифасига кирмаслигини текшириб кўринг.

Таъкидлаб ўтамиз, ўриндошлик асосида ёки бир неча касбда ишлаш, аввало, бу меҳнат дафтарчасида бошқа мутахассислик бўйича иш тажрибаси ва кўникмаларини акс эттириш усули эмас, балки лавозим (мажбуриятлар) йўриқномасига мувофиқ ишларни бажариш  ҳисобланади.

Шунингдек директорнинг иш юкламаси юқорилиги ва масъул эканлиги сабабли бошқа лавозим бўйича мажбуриятларни бажара олиш имкониятини ҳам ҳисобга олинг.

 

Қарорни ким қабул қилади 

Корхона раҳбарини ишга қабул қилиш корхона мулкдорининг ҳуқуқи ҳисобланади. У мазкур масала (шу жумладан ўриндошлик ва бир неча касбда ишлаш) юзасидан ўзи қарор қабул қилиши ёки буни ваколатли органига топшириши мумкин.

Директор корхонанинг ягона мулкдори ҳисобланса, ўзи қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Ички ўриндошлик қандай расмийлаштирилиши лозим

Ички ўриндошлик асосида ишлаш – ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши.

Расмийлаштириш босқичлари:

  1. Бўш лавозимга (иш ўрнига) ўриндошлик асосида ишлашга қабул қилиш тўғрисида янги меҳнат шартномасини тузинг. Унда эгалланган лавозим, иш тури (ўриндошлик), ставка миқдори, иш вақтининг ярмидан ошмайдиган иш режимини  меҳнат ҳақи миқдори ҳамда меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларни кўрсатинг.
  2. Меҳнат шартномасига асосан буйруқни расмийлаштиринг.
  3. Ўриндош ходимга янги табель рақамини беринг. Иш вақтини ҳисобга олиш табелида ходим икки марта – асосий иши бўйича ушбу иш бўйича иш вақти кўрсатилган ҳолда ҳамда ўриндошлик асосида ишлаши бўйича ўриндошликдаги иш вақти кўрсатилган ҳолда акс эттирилади.
  4. Иккала лавозим бўйича Т-2 шаклидаги карточкаларни алоҳида-алоҳида юритиш мумкин. Ёки мавжуд карточкага ўриндошлик асосида ишлаши тўғрисидаги маълумотларни киритиш мумкин бўлади, бунда янги лавозим бўйича иш йили бошланиши кўрсатилади. Бу ўриндошлик бўйича таътилни, ишдан бўшатишда ушбу давр учун компенсацияни тўғри ҳисоб-китоб қилиш учун керак бўлади.
  5. Янги лавозим бўйича ўриндошлик асосида ишлашга тузилган меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги маълумотларни ЯММТ тизимига киритинг. Ходимнинг хоҳишига кўра, ўриндошлик асосида ишлаши қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига ҳам киритилиши мумкин .

 

Касб ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаш қандай расмийлаштирилиши лозим

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш – ходим томонидан ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш.

Касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга, қоидага кўра, жумласига ушбу ходим кирадиган ходимларнинг ана шу тоифаси доирасида рухсат этилади . Истисно ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин, ушбу масалани ҳал этиш иш берувчи зиммасига юклатилади.

Расмийлаштириш босқичлари:

  1. Янги меҳнат шартномасини расмийлаштириш шарт эмас, ходимнинг илтимосига кўра ёки унинг розилиги билан ўриндошликда ишлаш тўғрисида буйруқ чиқарилишининг ўзи етарли бўлади. Унда ишларни бажариш муддати ва ўриндошликда ишлаганлик учун ҳақ тўлаш тартиби кўрсатилади . Буйруқда ходим нафақат буйруқ билан таништирилганлигини, балки унинг матнига рози эканлигини ҳам кўрсатинг. Буйруққа асос бўладиган ўриндошликда ишлаш шартлари тўғрисидаги ёзма битимни ҳам шундай тартибда тузиш мумкин.
  2. Янги табель рақами берилиши ва иш вақтини ҳисобга олиш табелига янги сатр киритилиши шарт бўлмайди. Асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномаси тузилган пайтдан бошлаб таътил тақдим этиш учун иш даври ўзгартирилмайди.
  3. Т-2 шаклидаги карточкага ўриндошликда ишлаш вақти тўғрисидаги маълумотларни ўриндошлик бўйича лавозим ҳамда ўриндошлик асосида ишларни бажариш муддати (ҳолат бўйича) кўрсатилган ҳолда киритиб қўйишни тавсия қиламиз.
  4. Ўриндошлик асосида ишлаш даврлари қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасида ва ЯММТ тизимида акс эттирилиши шарт эмас, сабаби ўриндошлик асосида ишлашга меҳнат шартномаси тузилмайди.

 

Валерия ЛЯНДРЕС,

«Норма» компанияси эксперти