Пригодится каждому кадровику в декабре:
Вояга етмаган шахс директор бўлиши мумкинми
«Компанияда 17 ёшли ходимни директор сифатида расмийлаштиришга мажбурловчи вазият юзага келди. Вояга етмаган шахс МЧЖ директори бўлишга ҳақлими?».
Саволга «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Директорнинг ёшига нисбатан талаблар бўлмаганидек, вояга етмаган ходимни МЧЖ директори этиб тайинлаш расман тақиқланмаган. Аммо бунда ҳаммаси кўрингани каби осон эмас. Саволни тартиб бўйича таҳлил қилиб чиқамиз.
1. Директор ким
Компанияни бошқариш учун МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши қуйидагиларга ҳақли:
1) жамиятнинг ягона ижро этувчи органи – директорни сайлаш ;
2) коллегиал ижроия органини (кенгаш, дирекция ва бошқалар) тузиш, агар бу жамият уставида назарда тутилган бўлса ;
3) жамият ижроия органининг ваколатларини тижорат ташкилоти (ишончли вакил) шартномаси бўйича ўтказиш .
Саволдан келиб чиқадики, ушбу учта имкониятдан МЧЖ умумий йиғилиши биринчи вариантни танлайди. Бундан ташқари, гарчи ташқаридан профессионални ёллаш мумкин бўлса ҳам, амалдаги ходимлар орасидан ходимни директор этиб тайинлайди.
Бундай ҳолда, компаниянинг 17 ёшли директори унинг қолган ходимлар сингари ходимидир. У билан шартнома имзоланади, у маълум бир ишни бажаради, иш ҳақи олади, ички меҳнат тартиби қоидаларига бўйсунади. Бунда шахс 16 ёшдан мустақил равишда ишга жойлашишга ҳақли, ота-оналарнинг ёзма розилиги билан эса 15 ёшдан . Ҳозирча бу ерда ҳаммаси яхши. Муаммолар ваколатларни аниқлаш жараёнида бошланади.
2. Директорнинг ваколатлари ва муайян ҳаракатларга ёш бўйича чекловлар
- жамият номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, шу жумладан -унинг манфаатларини ифодалайди ва битимлар тузади (фуқаролик шартномаларини тузади, масалан, олди-сотди, етказиб бериш, ижарага бериш, пудрат, хизматлар кўрсатиш ва бошқалар);
- жамият номидан вакиллик ҳуқуқи учун ишончнома беради;
- жамият ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди ва ҳоказо.
Вояга етмаган шахс бундай хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлими?
Умумий қоидаларга кўра, фуқаронинг муомала лаёқати у вояга етгач, тўла ҳажмда вужудга келади . Ҳуқуқий лаёқат – бу фуқаронинг ўз хатти-ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажаришдир. Оддий қилиб айтганда, бу қонун нуқтаи назаридан аҳамиятли хатти-ҳаракатларни амалга ошириш, уларни англаш ва унинг оқибатларидан хабардор бўлиш имкониятидир.
14 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар ўз ҳаракатларида чекланган. Вояга етмаганлар мустақил равишда қуйидагиларга ҳақли :
- ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;
- фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш;
- қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахслар қуйидагиларни амалга оширишга ҳақли:
- майда маиший битимларни тузиш;v
- текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар;
- қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.
Вояга етмаган шахслар битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузишлари мумкин .
Яъни, ушбу қоиданинг бевосита талқинига асослансак, қуйидагилар келиб чиқади: масалан, ташкилотда таъмирлаш ишлари бўйича пудрат шартномасини тузиш учун вояга етмаган директор аввал ота-онасининг розилигини олиши керак. Вазият ноодатий эканлигига қўшилсангиз керак...
3. Нима қилиш керак
Ҳар бир қоидада истиснолар мавжуд. Хусусан, қонунчиликда «эмансипация» тушунчаси қўлланилади.
Фуқаро 16 ёшдан бошлаб меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.
Эмансипация ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади .
Агар вояга етмаган ходимга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи ёки суднинг уни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилгани тўғрисида қарори бўлса, у компания директорининг барча ваколатларини қонуний равишда амалга ошириши мумкин.
Агар вояга етмаган фуқаро турмуш қурган бўлса, барча саволлар кун тартибидан тушиб қолади. Фуқаролик кодексининг 22-моддасига биноан, 18 ёшга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтган фуқаро никоҳдан ўтган вақтдан эътиборан автоматик тарзда тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.
У вояга етмасдан туриб никоҳ бекор қилинган тақдирда ҳам сақланиб қолади.
Хулоса:
Қуйидаги ҳолатларда вояга етмаган ходим директор этиб тайинланганда саволлар пайдо бўлмайди:
- васийлик ва ҳомийлик органи ёки суднинг уни тўлиқ қобилиятли деб эълон қилиш тўғрисидаги қарори бўлганда;
- расман турмуш қурган ёки ажрашган бўлса.
Ҳар қандай ҳолатда МЧЖ асосчилари бундай қадамнинг барча хавфларини чамалаб кўришлари керак. Боз устига, тўлиқ муомалага лаёқатга эга бўлмаган вояга етмаган шахс директор этиб тайинланаётган бўлса.
Ҳатто кам сонли ходимлар билан компанияни бошқариш вояга етмаганлар учун катта руҳий-эмоционал юклама билан боғлиқ. Бу унинг соғлиғига зарар етказиши мумкин . Бунда ота-оналар (васийлар ёки ҳомийлар), шунингдек меҳнат муҳофазасини назорат қилувчи органлар ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, агар ишни давом эттириш унинг соғлиғига хавф туғдирса ёки унга бошқача тарзда зарар етказса, 18 ёшга етмаган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли .
Директорлик лавозими жуда масъулиятли. Аммо вояга етмаган директор вазиятида, агар у ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси битирувчиси бўлса ва уни тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган бўлса, вояга етмаган шахсга синов муддатини белгилаш тақиқланади . Худди шу талаб ОТМ битирувчиларига ҳам тегишли, аммо шахснинг 17 ёшдa олий ўқув юртини тугатган бўлиши эҳтимолдан йироқ.
Агар бирон сабабга кўра вояга етмаган шахс ўз ишини бажара олмаса ёки меҳнат интизомини бузса, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш унчалик осон бўлмайди. Негаки, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун умумий талабларга риоя қилишдан ташқари, иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишда аввал маҳаллий меҳнат органининг розилигини олиш керак бўлади.
Бунда корхона раҳбари Меҳнат кодексининг 97-моддаси 5-банди бўйича (масалан, моддий қимматликлар устидан назоратни таъминламаганлиги ва ҳоказо) ўзи ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасида бевосита назарда тутилган асослар бўйича ишдан бўшатилиши мумкин. Бу ишдан бўшатиш иш берувчининг ташаббуси бўлмайди.
Ниҳоят, вояга етмаган шахс раҳбарлик малака хусусиятларига жавоб бера олиши даргумон.
Одатда, директорнинг лавозим йўриқномасида унинг юқори касбий маълумотга ва бошқарув лавозимларида маълум бир иш стажига эга бўлиши кераклиги кўрсатилади. Бу шартлар вояга етмаган шахс томонидан бажарилиши имконсиз эканлиги кўриниб турибди.