Иш берувчининг ташаббуси билан 3 ёшгача боласи бўлган ходимани ишдан бўшатиш мумкинми

preview

Ҳа, янги Меҳнат кодекси энди бу масалада унчалик қатъий эмас ва бундай ходималар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси бўйича нафақат корхона тўлиқ тугатилаётганда, балки бошқа ҳолларда ҳам бекор қилишга рухсат беради.

Бунга айнан қайси ҳолатларда йўл қўйилишига юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодекси муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ ва «Норма»  эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА изоҳ беришди:

 

Эътибор беринг

Ушбу мақолада уч ёшгача боласи бўлган ходималар ҳақида гап боради. Ҳомиладор аёллар билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил бу ерда ёзганмиз:

Улар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси бўйича фақат ташкилот тугатилиши (унинг алоҳида бўлинмаси) ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тугатилиши муносабати билан бекор қилиниши мумкин .

– Эслатиб ўтамиз, амалдаги Меҳнат кодекси иш берувчининг ташаббуси бўйича 3 ёшгача боласи бўлган аёллар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлайди, корхона тўлиқ тугатилган ҳоллар бундан мустасно . Ҳатто бу ҳолда ҳам иш берувчи ходимани ишга жойлаштириш чораларини кўриши,  бу масала билан шуғулланувчи маҳаллий меҳнат органига у ҳақида маълумотни  тақдим қилиши керак.

Янги Меҳнат кодекси иш берувчи ўз ташаббуси билан бундай ходималар билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлган ҳолатлар рўйхатини кенгайтирди. Қуйидагилар асос бўлиб хизмат қилиши мумкин :

1) ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилиши;

2) иш берувчи – якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) фаолиятининг тугатилиши;

3) ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш. Аввал меҳнат мажбуриятларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида ходим томонидан такроран интизомий ножўя ҳаракат содир этилганлиги меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш саналади;

4) ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш. Бундай қоидабузарликлар рўйхати қуйидагилар билан белгиланади:

  • ички меҳнат тартиби қоидалари;
  • МКда назарда тутилган ҳолларда ташкилот мулкдори ва раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси.  Хусусан, агар иш берувчи микрофирма, якка тартибдаги тадбиркор ёки уй ишчисини ёллаётган жисмоний шахс бўлса, ходимнинг меҳнат шартномасида бир марталик қўпол қоидабузарликлар рўйхати кўрсатилиши мумкин;
  • айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом тўғрисидаги қоидалар ҳамда низомлар.
Эътибор беринг
Иш берувчи, шунингдек 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз ўзи тарбия қилаётган ота (васий) билан меҳнат шартномасини ўз ташаббуси бўйича бекор қилишга ҳақли эмас, юқорида келтирилган ҳоллар бундан мустасно. Бунда ходим иш берувчига тасдиқловчи ҳужжатни – онанинг ўлими тўғрисидаги гувоҳномани, унинг муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисидаги қонуний кучга кирган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган суд қарорини ва ҳоказоларни тақдим этиши керак.

 

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси бўйича бекор қилинганда боласи бор ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланадими

Ташкилот ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаси тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ҳар қандай ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Унинг миқдори  ушбу иш берувчидаги иш стажига боғлиқ – ўртача ойлик даромаднинг 50%дан 200%гача . Истисно – ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлари муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш. Бундай ҳолда, иш берувчи нафақани тўлашга мажбур эмас.

Алоҳида иш берувчиларда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш масаласи бироз бошқача ҳал қилинади.

Агар иш берувчи микрофирма ёки уй ишчисини ёллаётган жисмоний шахс бўлса, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ҳоллари ва мидори ходимнинг меҳнат шартномасида белгиланади. Меҳнат шартномасида бундай келишув бўлмаган тақдирда ходимларга МК ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган умумий кафолатлар қўлланилади.

Агар иш берувчи ЯТТ бўлса, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш асослари ва унинг миқдори ҳам ходимнинг меҳнат шартномасига киритилади. Бироқ, бу ҳолда, агар меҳнат шартномасида бундай банд бўлмаса, МК ҳеч қандай муқобил вариант таклиф қилмайди. Агар ушбу масала бўйича иш берувчи билан низо юзага келса, ходимлар меҳнат инспекциясига мурожаат қилишлари керак.

Эътибор беринг
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимларда бола парвариши бўйича нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади .

 

Иш берувчи ходимани меҳнат шартномасини бекор қилиниши тўғрисида рухсат берилган асослар бўйича қайси муддат давомида огоҳлантириши шарт

Иш берувчи ходимани (отаси, васийсини) меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қуйидаги муддатларда огоҳлантиради :

  • камида 2 ой олдин – меҳнат шартномаси ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилиши муносабати билан бекор қилинганда;
  • камида 3 кун олдин – меҳнат шартномаси ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан бекор қилинганда.

Иш берувчи огоҳлантириш муддатини огоҳлантириш даврининг давомийлигига мутаносиб пуллик компенсация билан алмаштиришга ҳақли.

Эътибор беринг

Микрофирмалар ва жисмоний шахслар ходимларини огоҳлантириш муддатлари меҳнат шартномаси билан белгиланади. Агар меҳнат шартномасида бундай шарт бўлмаса, умумий тартибда белгиланган шартлар қўлланилади.

ЯТТ ходимларини огоҳлантириш муддатлари ҳам  меҳнат шартномасида кўрсатилади. Бироқ, меҳнат шартномасида бундай банд бўлмаса, ишдан бўшатиш нафақаси ҳолатида бўлгани каби, умумий қоидалар қўлланилмайди. Шунинг учун шартнома тузишда келгусида  томонлар низога киришмаслиги учун МК бўйича зарур шартларни киритиш жуда муҳимдир.

 

 

Ўзбекистонда меҳнат шартномасини бекор қилиш – меҳнат шартномасини бекор қилиш шартлари, меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби ҳақида батафсил ўзбекистонда меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш Ўзбекистонда меҳнат шартномасини бекор қилиш. Бу ерда сиз меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёни қандай содир бўлиши ҳақида маълумот олишингиз мумкин /ru/publish/doc/text186290_ish_beruvchining_tashabbusi_bilan_3_eshgacha_bolasi_bulgan_hodimani_ishdan_bushatish_mumkinmi