Янги МК бўйича таътилларнинг давомийлигини олдиндан қандай назарда тутиш мумкин

29.12.2022

2023 йил 30 апрелдан бошлаб таътилларнинг давомийлиги календарь кунларда ҳисобланиши керак. Ушбу санага қадар таътилнинг давомийлиги 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб  иш кунларида ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда. Кadrovik.uz янги МКни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари Алексей НИЯЗМЕТОВ ва Юрий ФЕОКТИСТОВдан уларга жавоб беришни сўради: 

 

– Янги Меҳнат кодекси бўйича ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этади , амалдаги кодекс бўйича у 15 иш кунига тенг . Кўплаб кадрлар бўйича мутахассислар таътиллар жадвалидаги ўзгаришларни олдиндан қандай назарда тутишни, таътилни иш кунидан календарь кунларига қандай қайта ҳисоблашни, 2023 йил бошидан янги МКга мувофиқ давомийликни белгилаш мумкинми ва бошқа масалаларни аниқлай олмаяптилар.

 

Таътил кўпайгани қандай расмийлаштирилади

Асосий меҳнат таътилининг кўпайиши – бу меҳнат шартларининг ўзгариши, шунинг учун ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув расмийлаштиринг ва унга асосланиб буйруқ чиқаринг.

Таътиллар жадвалида 2023 йил 30 апрелдан бошлаб 21 календарь кун давомийлигидан келиб чиқан ҳолда минимал таътил тақдим этишингиз кераклигини олдиндан ҳисобга олинг.

 

2023 йил бошидан бошлаб таътилнинг давомийлигини календарь кунларда белгилаш мумкинми

Амалдаги меҳнат қонунчилиги таътилни календарь кунларда ҳисоблашни тақиқламайди. Муҳими, у 15 иш кунидан кам бўлмаслиги, бу 17 календарь кунга тенг. Шунинг учун, 2023 йил бошидан бошлаб янги МКга мувофиқ асосий меҳнат таътилининг энг кам муддатини белгилаш мумкин – 21 календарь кун.

Эътибор беринг
Бюджет ташкилотлари 2023 йил сметасида таътилни кўпайтириш харажатларини ҳисобга олишлари ва уни қонун ҳужжатларига мувофиқ келишиб олишлари керак.

Йил бошида таътил давомийлигини ўзгартириш кадрлар бўйича мутахассиснинг ишини осонлаштириши мумкин. Масалан, янги ходимлар билан қўшимча келишувлар тузиш, таътилнинг давомийлигини қайта ҳисоблаш ва таътиллар жадвалидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш керак бўлмайди.

 

2023 йил давомида таътил давомийлигини қандай қайта ҳисоблаш керак

Ҳозирданоқ саволлар пайдо бўлмоқда  – ходимларнинг таътилларини, агар уларнинг бир қисми иш кунларида, баъзилари эса календарь кунларида «ишланган» бўлса, қандай қайта ҳисоблаш керак. Ҳисоблаш қуйидагиларга асосланади деб тахмин қиламиз:

1) ходимга таътил бериладиган календарь ва иш йили – ҳар хил нарсалар ва бир-бирига тўғри келмаслиги мумкинлигини ҳисобга олиш керак;

2) муайян ҳисоб-китоб даврида белгиланган минимал таътил муддатини қўллаш керак.

 

Саволни мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.

Ходим 2022 йил  1 ноябрдан бошлаб меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинди. Таътилнинг давомийлиги – 15 иш куни. Иш йили  2023 йил  31 октябрда тугайди. Ходим билан қўшимча келишув тузилди ва 2023 йил  1 майдан бошлаб таътилнинг давомийлиги 21 календарь кун қилиб белгиланди. Ходим таътилга 2023 йил  5 июндан чиқади.

1. 2022йил 1  ноябрдан 2023 йил  30 апрелгача бўлган давр учун таътил 15 иш куни давомийлигига қараб ҳисобланади:

15 : 12 × 6 = 7,5 иш куни (8,5 календарь кунга тенг).

2. 2023 йил 1 майдан  31 октябргача бўлган давр учун таътил 21 календарь кун давомийлигидан келиб чиқиб ҳисобланади:

21 : 12 × 6 = 10,5  календарь кун.

3. Иш йили учун таътилни жамлаймиз:

8,5 + 10,5 = 19 календарь кун.

Шундай қилиб, ходимнинг таътили 2023 йил 23 июнда тугайди. Агар ташкилотда 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса, ходим таътилдан 26 июнь куни, агар 6 кунлик бўлса – 24 июнь куни қайтади.

Эътибор беринг
Янги МКда бу саволга аниқ жавоб йўқлиги сабабли, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ёки бошқа давлат органи таътилни қайта ҳисоблаш тартиби бўйича тақдим этилган мисолдан фарқ қиладиган йўриқнома ёки тушунтиришлар тайёрлаши мумкин.
Kadrovik.uz тавсия қилади

«Янги МК:назариядан амалиётгача» курсида Алексей НИЯЗМЕТОВ ва Юрий ФЕОКТИСТОВ сизга қуйидагиларни тушунишга ёрдам беради:

  • таътилнинг қандай турлари мавжуд;
  • таътиллар қандай жамланади ва ҳисобланади (шу жумладан – ишланган вақтга мутаносиб равишда);
  • биринчи иш йили ва ундан кейинги таътил қандай тақдим қилинади;
  • таътилни бошқа муддатга қандай ўтказиш ва уни қисмларга бўлиш мумкин;
  • ишдан бўшатилганда таътилни қандай бериш керак;
  • таътил бўйича  бошқа амалий масалаларда.

Курс дастури билан Кадровик Академияси сайтида танишиш ва рўйхатдан ўтиш мумкин.

 

 

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал