Қисқартирилаётган ходимларга нима ва қандай тартибда тўланиши керак

preview

«Ташкилот иш ҳажмининг қисқариши туфайли ходимларнинг бир қисмини бошқа лавозим таклиф қилмасдан қисқартирмоқда. Огоҳлантириш муддати эвазига уларга ишдан бўшатиш нафақаси ва компенсацияни қандай тартибда тўлашимиз керак?».

Саволга 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги Меҳнат кодексининг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда эксперт ва «Норма»  кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Меҳнат шартномалари ишлар ҳажмининг ёки ходимлар сонининг ўзгарганлиги муносабати билан бекор қилинганда иш берувчи ходимларга қуйидаги тўловларни тўлаб бериши шарт :

1) Барча иш кунлари учун, жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда берилиши керак бўлган иш ҳақи ;

2) Барча фойдаланилмаган таътиллар учун (агар бундайлари қолган бўлса) пулли компенсация ;

3) Огоҳлантириш муддати эвазига мутаносиб пулли компенсация (томонларнинг розилиги бўлганда).

У «огоҳлантириш»да кўрсатилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кунгача ишлаб берилмаган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланади. Бундай ҳолда иш тугаган ҳақиқий сана меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси бўлади .

Огоҳлантириш муддати амал қиладиган давр учун пулли компенсация миқдори ходимнинг ишдан бўшатилганлиги сабабли йўқотган даромадлари миқдорига мос келиши керак. Бу ҳақда батафсил қуйидаги мақолада ўқинг:

 

Эътибор беринг
Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб пулли компенсация тўлаш иш берувчини қонунчилик, ташкилотнинг ички ҳужжатлари ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа тўловларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди .

4) Ходимни ишдан бўшатишда ташкилотнинг ички ҳужжатлари ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа тўловлар;

5) Ишдан бўшатиш нафақаси .

Эътибор беринг

Амалдаги Меҳнат кодексидан фарқли ўлароқ, янги Меҳнат кодексида ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқлиги назарда тутилган. Хусусан, нафақа миқдори қуйидагилардан кам бўлиши мумкин эмас :

  • уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан;
  • уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан;
  • беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан;
  • ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан;
  • ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан.

Жамоа келишувлари, ташкилотнинг ички ҳужжатлари ва ходимлар билан меҳнат шартномаларида иш берувчининг маблағлари ҳисобидан ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш чоғида қўшимча кафолатлар (ТКда белгиланганига нисбатан оширилган) белгиланиши мумкин .

Ишдан бўшатиш нафақаси огоҳлантириш муддати эвазига уларга компенсация тўланган-тўланмаганлигидан қатъи назар, қисқартирилаётган ходимларга мажбурий тартибда тўланади;

6) Иш қидириш даврида иккинчи ой учун ўртача ойлик иш . 

Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин иккинчи ой давомида ишга жойлашмаса, унга  аввалги иш жойи бўйича ёзма ариза асосида иккинчи ой учун ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Янги иш жойининг йўқлиги далилини ходим қоғоз меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма билан тасдиқлайди. Электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини унинг ноёб рақами бўйича my.mehnat.uz сайтида ёки мобил телефон ёрдамида QR код орқали текшириш мумкин;

7) Агар ходим у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, учинчи ой учун ўртача ойлик иш ҳақи .

Учинчи ой учун ўртача иш ҳақини олиш учун собиқ ходим маҳаллий меҳнат органидан маълумотнома ва ариза тақдим қилиши керак;

8) Муддатли меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш (агар бундай шарт ходим билан меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса) .