Чет эл хизмат сафарига юборилган ходимнинг ишдан ташқари меҳнатига қандай ҳақ тўланади

preview

«3 нафар ходим чет эл хизмат сафарига юборилди. Хизмат сафари жойидан  уларга ишдан ташқари ишлаганлик билан ҳақиқатда ишланган  вақтини ҳисобга олиш жадвалини  олдик. Бундай  ортиқча ишга қандай ҳақ тўланади?».

Саволга «Нормa» эксперти, юрист Нурали Нурмуҳамедов жавоб берди:

Эътибор беринг
Керакли тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

–  Хизмат сафарига юборилган ходимга нисбатан хизмат сафарининг мақсадига қараб қуйидаги  иш вақти режими татбиқ этилади :

1) ушбу ходим хизмат сафарига юборилган иш берувчида белгиланган;

2) ходимни хизмат сафарига юборган иш берувчи томонидан тасдиқланадиган хизмат сафарига оид топшириқ билан белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, агар хизмат сафарига юборилган ходим ушбу корхонада белгиланган иш вақтидан ташқари ишлаган бўлса (ишдан ташқари иш ёки дам олиш кунларидаги иш), бу вақт учун камида икки ҳисса кўп ҳақ  тўланади. Ёки – ходимнинг хоҳишига кўра иш вақтидан ташқари иш учун оширилган ҳақ тўлаш ўрнига иш вақтидан ташқари ишлаб берилган вақтнинг давомийлигига мувофиқ келадиган қўшимча дам олиш вақтини бериш билан компенсация қилиниши мумкин .

Эслатиб ўтамиз

Аввалроқ хизмат сафарида бўлган ходимларга хизмат сафарига юборилган ташкилотларнинг иш вақти ва дам олиш режими татбиқ қилиниши тўғрисидаги меъёр фақат 1268-сон «Ўзбекистон Республикаси ичкарисидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Йўриқнома»да келтирилган. Бунда хизмат сафари давомида фойдаланилмаган дам олиш кунлари эвазига қайтиб келгандан кейин бошқа дам олиш кунлари тақдим қилинмаган. Ҳозирги вақтда ҳужжат ўз кучини йўқотган.

 

Агар хизмат сафари жойида аниқ иш жадвали бўлмаса ёки жадвал аввалбошдан алоҳида бўлса

Хизмат сафарига юборилган ходим қандайдир шошилинч топшириқни бажариши керак бўлган ҳолатлар учраб туради. Ёки – у аниқ иш жадвали билан бирон бир корхонага юборилмайди. Бундай ҳолларда  хизмат сафари топшириғида иш вақти режимини белгилаш ва буни хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқда  акс эттириш тўғрироқ бўлади. Ушбу белгиланган режимдан келиб чиқиб,  ишдан ташқари иш соатлари ёки дам олиш кунларидаги иш учун ҳақ тўланади.