Интизомий жазо сабабли ходимни таътилдан маҳрум қилиш мумкинми

preview

«Корхонада касаба уюшмаси қўмитаси билан ҳар йилги таътилларни тақдим қилиш жадвали келишилган ва тасдиқланган. Бироқ, иш берувчи амалдаги интизомий жазога асосланиб, ходимга жадвал бўйича ёзда тақдим қилиниши керак бўлган таътилни беришдан бош тортди. Ёз ўтди, ходим меҳнат таътилидан ўзи мўлжаллаган даврда фойдалана олмади. Бу қонунийми? Касаба уюшмаси қўмитаси жадвал ижросини назорат қилиши керакми?».


Эслатиб ўтамиз. Муҳим тушунтиришлардан ҳеч бирини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

 Иш берувчи ходимга таътиллар жадвалига мувофиқ таътил беришни рад этиб, ноқонуний ҳаракат қилган.

 Меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли :

  • ҳайфсан;
  • ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиб қоидалари билан ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50% дан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳолатлари назарда тутилиши мумкин. Ходимнинг иш ҳақидан жаримани ушлаб қолиш иш берувчи томонидан Меҳнат кодексининг 269 ва 270-моддаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади;
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш .

 

Эътибор беринг
Ходимни таътилдан маҳрум қилиш ёки таътиллар жадвалига мувофиқ бўлмаган ҳолда унинг фойдаланиш муддатини ўзгартириш интизомий ҳуқуқбузарлик учун жазо сифатида қўлланилиши мумкин эмас.

Таътиллар  жадвали –  бу ижро қилиш иш берувчи учун ҳам, ходимлар учун ҳам мажбурий бўлган ички норматив ҳужжатдир. На иш берувчи, на ходим таътилга чиқиш учун жадвалда белгиланган вақтни бир томонлама ўзгартиришга ҳақли эмас.  

Меҳнат кодексининг 228-модда 1 ва 2- қисмлари  ҳар бир ташкилотда таътиллар жадвалини ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқлаш мажбурийлигини белгилайди.

Тасдиқланган таътиллар жадвали ташкилотнинг барча ходимлари этиборига етказилади: одатда уни бўлимларда илиб қўйишади ёки ходимлар у билан имзо остида таништирилади. Бироқ бу иш берувчини ҳар бир ходимни унинг таътили бериладиган вақт тўғрисида таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиш мажбуриятини истисно қилмайди .

Агар иш берувчини жадвал билан белгиланган таътил вақти қониқтирмаса, у ходимга таътил даврини ўзгартириш илтимоси билан мурожаат қилиши мумкин. Жадвалда белгиланган ҳар йилги меҳнат таътилини бериш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан розилик олингандан кейингина ўзгартирилиши мумкин .

 

Эътибор беринг
Агар иш берувчи таътилни тақдим қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаса ва тасдиқланган таътиллар жадвалини бузса, ходимлар ўзларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун текширувчи ва назорат қилувчи органлар (давлат ҳуқуқий меҳнат инспекцияси, прокуратура) ёки меҳнат низоларини кўрувчи органларга (меҳнат низолари бўйича корхона комиссияси, суд) мурожаат қилишга ҳақли   .

Каcаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари иш жойларида иш берувчиларнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, шунингдек жамоа келишувлари ҳамда жамоа шартномаси, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган бошқа ҳужжатлар қоидаларига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга .

 


Валерия ЛЯНДРЕС янгилади