Ходимнинг ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризаси асосида буйруқни тўғри ёзишнинг аҳамияти

preview

«Меҳнат кодексининг 170-моддасида охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун эканлиги айтилган. Ходим 31 май куни эртароқ келиб, уни 31 май куни ишдан бўшатиш ҳақида ариза ёзди, тегишинча, у шу куни ишламаган. Кадрлар бўлими ходими эса Меҳнат кодексининг 170-моддаси ва унинг аризасини далил қилиб кўрсатиб, «31 майдан ишдан бўшатиш» ҳақида буйруқ тузди ва 31 май иш куни эканлигини, ишдан бўшатиш 1 июндан амалга оширилишини айтди. Агар ходим ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризада «31 майдан ишдан бўшатишингизни сўрайман» деб  ёзган бўлса, 31 май унинг иш куни бўладими ёки ишдан бўшатиш куни ҳисобланадими?»

Саволга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

Эксперт-амалиётчиларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Меҳнат кодексининг 170-моддаси 2-қисмига мувофиқ, охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун ҳисобланади. Шу муносабат билан аризалар, буйруқлар ва шартномаларда «дан» кўмакчисини ишлатмасликни тавсия қиламиз. Шу тариқа, кадрлар ҳужжатлари амалдаги қонунчиликка мос келади, «дан»  кўмакчиси (мантиқ бўйича) шартнома айнан кўрсатилган санадан бошлаб ҳақиқий эмас деб тахмин қилади, ҳисоб-китоблар амалга оширилиши керак бўлган  сана арафасидаги охирги иш куни эса МК талабларига зид.

Сизнинг вазиятингизда, агар ходим ва иш берувчи ўртасида ариза топширилган кун арафасида ёки ариза топширилган кунда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида келишувга эришилган бўлса ёки ишдан бўшатиш меҳнат муносабатларини давом эттира олмаслик билан боғлиқ бўлса, ходимга аризани қайта ёзишни сўраб мурожаат қилинг. Аризада ходим Меҳнат кодексининг 170-моддаси 2-қисми талабларига мувофиқ, яъни «дан» кўмакчисисиз меҳнат шартномасини бекор қилишнинг аниқ санасини кўрсатиши керак. Келгусида ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризани қабул қилаётганда ходимларга аризани қандай қилиб тўғри ёзишни тушунтиринг.

Мисол
Ходимнинг аризаси ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ матнларига
Ходим 31 май куни пенсияга чиқиши муносабати билан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш тўғрисида ариза ёзади. Бундай ҳолда Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисмига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномасини ходим талаб қилган муддатда бекор қилиши керак.

Ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза матни қуйидагича бўлиши мумкин:

«Сиздан 2023 йил 31 майда пенсияга чиқиш муносабати билан ўз хоҳишимга кўра  мен билан меҳнат шартномасини бекор қилишингизни сўрайман».

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ матни:

«Хизмат автомобили ҳайдовчиси Саидов Карим Равшанович (Saidov Karim Ravshanovich) билан 15.09.2001 йилдаги 29-сонли меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра 2023 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 160-моддаси саккизинчи қисмига мувофиқ пенсияга чиқиши муносабати билан бекор қилинсин».

Бу ҳолда ходим билан барча ҳисоб-китоблар 2023 йил 31 майгача амалга оширилади. Охирги иш куни – 2023 йил 31 май саналади.

Умумий қоидага кўра, ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида олдиндан ариза бериши зарур . Ушбу қоидадан иккита истисно ҳолат мавжуд:

  • меҳнат шартномаси бекор қилинадиган кун тўғрисида ходим ва иш берувчи ўртасида келишувга эришилганда ;
  • меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза у ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлган ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши керак .

Янги Меҳнат кодексига кўра меҳнат шартномаларини ходимларнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатлари эгаллаб турган лавозим ва бошқа мезонлардан келиб чиққан ҳолда ўзгаради :

  • ташкилот раҳбари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини икки ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак ;
  • Раҳбарнинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, алоҳида бўлинмалар раҳбарлари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини бир ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак ;
  • мавсумий ходим иш берувчини уч календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли ;
  • вақтинчалик ходим иш берувчини уч календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли ;
  • иш берувчи бўлган микрофирма ходими иш берувчи бўлган микрофирмани етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда, меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли ;
  • ходим якка тартибдаги тадбиркор билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу тадбиркорни етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли ;
  • уй ишчиси меҳнат шартномасини иш берувчи бўлган жисмоний шахсни етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда, ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақлидир .

Юқорида кўрсатилмаган бошқа тоифадаги ходимлар иш берувчини ишдан бўшаш тўғрисида 14 календарь кун олдин огоҳлантирадилар. Огоҳлантириш муддати ариза топширилган кундан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади .

Агар сизнинг ходимингиз 14 календарь кунлик огоҳлантириш муддати тўғрисидаги умумий қоидага бўйсунса ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги ариза 2023 йил 31 май санаси билан ёзилган бўлса, у ҳолда у билан меҳнат шартномаси  2023 йил 14 июнда бекор қилиниши керак. Огоҳлантириш муддати дам олиш кунларини ҳам, байрам кунларини ҳам ўз ичига олади . Айнан 14 июнь – ходимнинг охирги иш куни. 31 майдан 14 июнгача бўлган даврда эса ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши шарт.

Ўз хоҳишига кўра  меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ходим меҳнат муносабатлари тугатилгунга қадар ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши, меҳнат интизоми ва корхона ички тартиб-қоидаларининг барча талабларига риоя қилиши шарт. Огоҳлантириш муддати даврида ишга чиқмаслик прогул (меҳнат интизомини бузиш) сифатида малакаланиши мумкин. Ходимга меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишгача бўлган интизомий жазо белгиланиши мумкин .