Ходим уни иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан чақириб олишни талаб қилиши мумкинми

preview

«Ходимга унинг аризасига биноан икки ойга иш ҳақи сақланмайдиган таътил тақдим қилинган. Аммо бир ой ўтгач, ходим уни муддатидан олдин чақириб олишни талаб қилди, чунки у иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишига сабабчи бўлган вазият ўзгарди».

Иш берувчи ходимнинг талабини қондириши ва таътил муддати тугашидан олдин уни чақириб олишни расмийлаштириши шартми? Бу саволга - янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича эксперт гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:

 

Ностандарт вазиятлар бўйича экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш масаласи умумий қоида бўйича меҳнат шартномаси томонларининг келишуви билан ҳал қилинади   (шунингдек, иш берувчи бундай таътилни уларнинг талабига кўра беришга мажбур бўлган ходимларнинг алоҳида тоифалари мавжуд – бундай ҳолатлар тўғрисида қуйида).

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил ходим ва иш берувчининг ўзаро келишуви билан расмийлаштирилганлиги сабабли бундай таътилдан чиқариб олиш учун ҳам худди шундай шарт мажбурий деб ҳисоблаймиз.

Аммо Меҳнат кодексида чақириб олиш фақат меҳнат таътиллари учун назарда тутилган, шунинг учун иш ҳақи сақланмайдиган таътилга нисбатан уни муддатидан олдин тугатиш тартибини қўллаш тўғрироқ бўлади. Амалдаги қонунчиликда бунга тақиқ йўқ.

Шундай қилиб, иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган ходим иш берувчига таътилни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилишга ҳақли. Иш берувчи, ўз навбатида, ходимнинг илтимосини қондириши ёки рад этиши мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмаслиги керак .

 

Энди ходимнинг талабига кўра мажбурий тартибда  иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериладиган ходимларнинг тоифалари ҳақида . Уларга қуйидагилар киради:

  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга).  Иш берувчи ушбу тоифадаги ходимларга уларнинг талабига кўра ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача таътил беришга мажбурдир;
  • икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига.Яъни, бу ерда гап икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган ижтимоий таътил ҳақида бормоқда. Бундай таътил даврида ходим тўлиқсиз иш вақти ёки иш берувчи билан келишилган ҳолда уйда ишлаши мумкин;
  • қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.  

Агар ушбу рўйхатдаги ходимларнинг тоифаларига уларнинг талабига кўра иш ҳақи сақланмайдиган  таътил тақдим қилинса, улар иш берувчининг розилигидан қатъи назар, муддатидан олдин бекор қилишга ҳақли.  Албатта Меҳнат кодексининг 242-моддасида уларга кафолатланган таътил муддати давомийлиги доирасида.

 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни муддатидан аввал бекор қилишни қандай расмийлаштириш керак

Таътилни муддатидан олдин бекор қилишдан манфаатдор бўлган ходим иш берувчига ариза бериши керак. Ходимнинг аризасида унинг илтимоси сабаблари кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир. Масалан: «профилактик даволаниш учун чет элга саёҳат бекор қилинганлиги муносабати билан сиздан менга берилган иш ҳақи сақланмайдиган таътилни муддатидан олдин бекор қилишингизни ва мени фалон санадан бошлаб иш бошлаган деб ҳисоблашингизни сўрайман».

Ходим ва иш берувчи таътилнинг қолган қисми кейинроқ ишлатилиши ҳақида келишиб олишлари мумкин – бу ҳам тақиқланмаган. Ариза матни қуйидагича бўлиши мумкин: «профилактик даволаниш учун чет элга саёҳат қилиш санаси кечиктирилиши муносабати билан сиздан менга берилган иш ҳақи сақланмайдиган таътилни муддатидан олдин бекор қилишингизни ва мени фалон кундан бошлаб иш бошлаган деб ҳисоблашингизни сўрайман. Сиздан иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг қолган фойдаланилмаган қисмини фалон кундан бошлаб тақдим этишингизни сўрайман».

Агар иш берувчи таътилни муддатидан олдин тугатишга қарши бўлмаса, ходимнинг аризаси асосида тегишли буйруқ чиқарилади.

 

Таътилдан фойдаланишдаги ўзгаришлар Т-2 шаклидаги шахсий варақада, «Таътиллар» бўлимида акс эттирилиши керак. Ахир икки ҳафтадан ортиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил сизга ҳар йилги таътил ҳуқуқини берадиган иш стажига таъсир қилиши мумкин. Таътил кунлари сони ва таътил тугаган сана тўғрисидаги дастлабки ёзувлар устидан чизилади ва таътилни муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги буйруқ реквизитлари кўрсатилган янги маълумотлар киритилади. Агар Т-2 қоғоз «карточкаси» билан бирга унинг электрон версиясини ҳам сақласангиз, маълумот у ерга ҳам киритилиши керак.

 

Эътибор беринг
Кадр ҳужжатларида, хусусан буйруқларда қўлланилиши керак бўлган ушбу турдаги таътилнинг тўғри номи – «иш ҳақи сақланмайдиган таътил» . «Тўловсиз таътил», «ўз ҳисобидан таътил» – бу кундалик иборалар, уларни расмий ҳужжатлардан ташқарида қолдиринг.