Ногиронлиги бўлган ходимнинг таътилини пулли компенсация билан алмаштириш мумкинми?

preview

«I гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган таътилга чиқишга ҳақли. Аммо у бунчалик узоқ вақт давомида дам олишни истамай, таътилнинг бир қисмини пулли компенсация билан алмаштиришни сўрамоқда.

Бу ҳолатда ходимнинг алоҳида тоифасини ҳисобга олган ҳолда таътилнинг йигирма бир кунини асл ҳолича, таътилнинг қолган кунларини эса пул билан компенсация қилиш мумкинми?» 

Вазиятни kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА изоҳлади:

 

Экспертларнинг ҳеч бир тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга ўттиз календарь кун давомийликда ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади . Меҳнат кодекси жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, маҳаллий ҳужжатларда ва меҳнат шартномасида кўпроқ таътил кунларини белгилаш орқали ушбу муддатни ҳам оширишга имкон беради.

Ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили учун таътилнинг МКнинг 217-моддасида белгиланган энг кам давомийлигидан, яъни йигирма бир календарь кундан ташқари пулли компенсация тўланиши мумкин. Аммо алоҳида ҳолатлар учун ушбу қоидадан истиснолар мавжуд.

Хусусан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга бериладиган ҳар йилги узайтирилган асосий меҳнат таътилларидан асли ҳолида фойдаланилади ҳамда меҳнат даврида уларни пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди .

Шундай қилиб, ногиронлиги бўлган ходим учун асосий узайтирилган таътилнинг барча ўттиз календарь куни қатъиян асли ҳолида берилиши керак. Агар ходимнинг ўзи ушбу таътилнинг бир қисмини пулли компенсация билан алмаштириш тўғрисида ариза берган бўлса ҳам, иш берувчи бундай сўровни рад қилиши керак. Акс ҳолда қонунчиликни бузган иш берувчининг мансабдор шахси МЖтКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Эътибор беринг
МЖтКнинг 49-моддасига кўра иш берувчининг мансабдор шахси томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима назарда тутилган.

 

Агар ногиронлиги бўлган ходим давомийлиги узоқ бўлган таътилга чиқишни истамаса, у иш берувчи билан келишилган ҳолда асосий таътилини қисмларга ажратиши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми камида ўн тўрт календарь кун бўлиши керак. Яъни, ходим икки ҳафта давомида узлуксиз таътилда бўлиши лозим. Қолган ўн олти кунлик таътилдан жорий иш йили давомида бошқа вақтларда фойдаланишга рухсат берилади. Ушбу ўн олти кунни узлуксиз равишда ҳам, қисмларга, ҳеч бўлмаганда бир кунга бўлиш ҳам мумкин.

Таътил қисмларидан фойдаланиш кетма-кетлиги муҳим эмас. Аввал бўлинмайдиган ўн тўрт кунлик таътилни, кейин эса қолган кунларни ёки аксинча олиш мумкин. Асосийси, таътил берилиши керак бўлган иш йилининг охиригача барча таътил кунларидан фойдаланиш.

Эътибор беринг
Ногиронлиги бўлган ходимнинг асосий таътилининг ҳатто бир қисмини ҳам кейинги иш йилига ўтказишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда МКнинг 230-м. 3-қисмида гап боради.