Янги МК бўйича қўшимча таътилларни қандай ҳисоблаш керак

preview

«Янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар ходимнинг асосий таътили 15 иш кунини ташкил қилган, ҳозир – 21 календарь кун. Иш жойларини аттестациядан ўтказишга кўра ходим 12 кунлик қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга.

Янги МК қабул қилинишидан олдин асосий таътил кунларига қўшимча кунлар қўшилган ва у иш кунларида ҳисобланган. Янги МК бўйича таътилни календарь кунларида ҳисоблаш керак. Бундай ҳолда ходим 1 кунлик қўшимча таътилни йўқотади, чунки аввал якшанба куни ҳисобга олинмаган.

Бунда қўшимча таътил кунларини қандай ҳисоблаш керак?» 

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тавсияларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Бугунги кунгача Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом амал қилади . Унда ноқулай меҳнат шароитида ишлаганлик ва ишнинг алоҳида хусусияти учун ҳар йилги қўшимча таътилнинг давомийлиги иш кунларида белгиланган.

Шуни ҳисобга олиб, ходим неча кун дам олишини аниқлаш учун қуйидагиларни тавсия қиламиз:

1. Ходимнинг қўшимча таътил давомийлигини (12 иш куни) календарь кунларга қуйидаги формулага мувофиқ қайта ҳисобланг:

Иш кунлари сони: 6 х 7 = Календарь кунлар сони

12: 6 х 7 = 14.

Шундай қилиб, 12 иш куни 14 календарь кунга тўғри келади.

 

2. Янги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнат таътилининг умумий давомийлигини билиш учун асосий (21 календарь кун) ва қўшимча (14 календарь кун) таътил кунларини жамлаб ҳисобланг.

Ходимга тақдим этилиши зарур бўлган 35 календарь кун ҳосил бўлади.

 

Бундай ҳисоблашда ходим аввалги шартларга нисбатан таътилнинг умумий давомийлигида ютқазадими?

Янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар ходимнинг таътил давомийлиги:

15 + 12 = 27 иш кунини ташкил қилар эди.

27 иш куни 31,5 календарь кунга тўғри келади (27: 6 х 7).

Янги МКга кўра таътилнинг давомийлиги:

21 + 14 = 35 календарь кунни ташкил қилади.

Кўриб турганингиздек, ходимнинг таътил давомийлиги ҳақиқатда ошади, бу унинг иш шароитининг ёмонлашишига олиб келмайди.