Ўқитувчи ва мураббийлар кунини ҳисобга олган ҳолда қандай дам оламиз

preview

Янги Меҳнат кодекси кучга кирганидан кейин биринчи марта байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни  якшанба кунига тўғри келмоқда. Бу вазиятда кадрлар бўйича мутахассислар нимани ҳисобга олишлари муҳимлигини эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди.

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

2023 йилда 1 октябрь якшанба — дам олиш кунига тўғри келганлиги муносабати билан ушбу дам олиш куни 2023 йил 2 октябрь — душанба кунига  кўчирилади. Бундай кўчириш Меҳнат кодексининг 208-моддаси 2-қисми ва 23.12.2022 й. ПФ-270-сон 2-банди билан назарда тутилган.

Шундай қилиб, ўзбекистонликлар қуйидаги саналарда дам олишади:

  • беш кунлик иш ҳафтасида кетма-кет 3 кун:

30 сентябрда – дам олиш куни, шанба;

1 октябрда – ишланмайдиган байрам куни, якшанба;

2 октябрда – ишланмайдиган байрам кунидан кейин келадиган дам олиш куни.

Иш кунлари сони – 21, иш соатлари сони – 168;

 

  • олти кунлик иш ҳафтаси билан кетма-кет 2 кун:

1 октябрда – ишланмайдиган  байрам куни, якшанба;

2 октябрда – ишланмайдиган байрам кунидан кейин келадиган дам олиш куни;

30 сентябрь, шанба – «олти кунликлар» учун камида 1 соатга қисқартирилган иш куни бўлади .

Иш кунлари сони – 25, иш соатлари сони – 167 (40 соатлик иш ҳафтасида) ва 150 (36 соатлик иш ҳафтасида).

 

Эътибор беринг

Ушбу тартиб Меҳнат кодексида белгиланган ва ҳар сафар байрам дам олиш кунига тўғри келганда қўлланилади (агар қонунчиликка ўзгартиришлар киритилмаса). 2024 йилда Мустақиллик куни календарь бўйича якшанба кунига тўғри келади. Шунингдек, Рўза ҳайит ва Қурбон ҳайит диний байрамларининг биринчи кунларини ҳафта охирига белгилаш мумкин. Бундай ҳолларда иш вақти ва дам олишни ҳисоблаш худди шундай амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 208-моддаси 2-қисмида умумий қоидадан истисно кўзда тутилган: ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

 

1 сентябрь ва 1 октябрь ходимнинг меҳнат таътили даврига тўғри келганда

Фақат МКнинг 208-моддасида белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди . Қўшимча ва кўчирилган дам олиш кунлари таътил кунлари ҳисоб-китобига киритилади.

Мисол

Ходимга 2023 йил 31 августдан бошлаб умумий давомийлиги 36 календарь кундан иборат меҳнат таътили тақдим қилинади. Ташкилотдаги иш режими – шанба ва якшанба кунлари дам олиш кунлари бўлган 5 кунлик иш ҳафтасидан иборат.

Таътилнинг давомийлигини ҳисоблаймиз:

  • август – 31-сана – таътилнинг биринчи календарь куни;
  • сентябрь - 2-дан 30-гача бўлган сана – таътилнинг 29 календарь куни. Биз ҳисоб-китобдан фақат 1 сентябрни байрам куни сифатида чиқариб ташлаймиз;
  • октябрь – 2-санадан 7-санагача – таътилнинг 6 календарь куни. Биз ҳисоб-китобдан фақат 1 октябрни байрам куни сифатида чиқариб ташлаймиз.

Таътилнинг охирги кунидан кейин 8 октябрь, якшанба – барча иш режимлари учун дам олиш куни келади. Шунинг учун ундан кейинги кун ишга чиқиш санаси – 2023 йил 9 октябрь, душанба бўлади.