Сменали меҳнат жадвалида иш вақти тўғрисида 5 жавоб

preview

Сменали иш жадвали  ташкилотга, айниқса савдо ва хизмат кўрсатишда афзалликларни беради. Аммо уни ўрнатишда иш берувчи учун фойда ва шахсий манфаатлар, ходимнинг дам олиш ҳуқуқи ўртасида қулайлик, муросани топиш, шунингдек меҳнат қонунчилиги талабларини ҳисобга олиш муҳимдир.

Сменали ишларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатларини kadrovik.uz учун «Нормa» мутахассиси Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди.

 

Сайтимизда ходимларни ҳисобга олиш ва ходимларни бошқариш бўйича маслаҳатлар ва ечимлар нашр қилиб борилади. Уларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

«Савдо маслаҳатчилари жадвал бўйича ишлашади: 10:00 дан 22:00-23:00 гача 2 кун иш, 2 кун дам. Бир ойда 12 соатдан 14 иш сменаси = 168 иш соати ҳосил бўлади. Бошқа ойда кўпи билан 12 соатдан 16 иш куни = 192 соат бўлиши мумкин. Бундай жадвал сменаларга бўлиниб ишлаш деб аталади.

Нормал иш жадвали учун тасдиқланган иш вақти нормалари сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалига татбиқ қилинадими? (Янги МК ҳисоб даврида сменаларга бўлиниб ишлаш жадвали учун иш вақти нормасини белгиламайди)»

 – Эътиборингизни ходимлар учун сменаларга бўлиниб ишлаш жадвали нотўғри белгиланганига қаратамиз.

Ишнинг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш давомийлиги, шу жумладан дам олиш ва овқатланиш учун танаффус ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас . Шунинг учун савдо  маслаҳатчиларининг ишини ҳар икки кунда эмас, балки кун ора 12 соатдан ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Ушбу қоидабузарлик учун МЖТКнинг 49-моддасига кўра БҲМнинг 5–10 баравари миқдорида жарима назарда тутилган. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида қайта содир этилган қоидабузарлик БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Иш берувчига жарима солиш уни Меҳнат кодекси нормаларига мувофиқ ишни ташкил этиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Агар савдо маслаҳатчиси ярим ой давомида 12 соатдан ишласа (15 х 12 = 180 ёки 14 х 12 = 168), унда иш вақти суммаси, қоида тариқасида, белгиланган меъёрдан ошади.

Иш вақтини ҳисоблаш Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланади. 2023 йил учун у 01/00-05/12-11700-сон буйруқ билан тасдиқланган. Шунга ўхшаш ҳужжат 2024 йил учун Президентнинг  байрамлар даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги Фармони имзолангандан кейин қабул қилинади. Иш вақтини ҳисоб-китоб қилиш бўйича ходимларнинг иш вақти нормаси ҳар йили белгиланади.

Ташкилотларда (корхоналарда) иш вақтининг режими ички меҳнат тартиби қоидаларида, сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалларида, бошқа ички ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида белгиланади .

 

«12 соатдан 2/2 сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалининг 5/6 кундузги жадвалнинг соат нормаси 8 соатдан, яъни одатдагидан ошиб кетиши мумкинми? Натижада йилига кўпроқ иш соатлари ҳосил бўлса (ойда сменалар сони турлича бўлгани сабабли) нима қилиш керак?

Агар бунга йўл қўйиб бўлмаса, у ҳолда бундай вазиятда қонунчиликнинг қайси қоидалари бузилмоқда ва қандай жавобгарлик юзага келади?» 

– Сизда ишлаб чиқариш (иш) шароитларига кўра ушбу тоифадаги ходимлар учун белгиланган иш вақтининг кунлик ёки ҳафталик давомийлигига риоя этиш имкони бўлмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни жорий этишга йўл қўйилади . Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш бу давр  учун иш вақтининг давомийлиги иш соатлари нормасидан ошмаслиги учун кўпроқ маслаҳатчи-сотувчиларингизга  мос келади .

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллаш тартиби, зарур бўлган тақдирда эса ҳисобга олиш даври мобайнида ходимларга тўланадиган иш ҳақи миқдорини тенглаштиришга қаратилган чора-тадбирлар жамоа шартномасида белгиланади. Агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра аниқланади .  

Бунда ҳисобга олиш даври ўн икки ойдан, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса ўн икки соатдан ошмаслиги керак .

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишда ходим иш вақти нормасини ишлаб бериши керак бўлган ҳисобот даври бир ҳафтадан ошади. Меҳнат кодексининг 199-моддасида кўрсатилган чегаралар доирасида ҳар кунлик ёки ҳар ҳафталик иш давомийлиги иш куни соатларидан (8 соатдан ошиқ) ёки иш ҳафтасидан (40 соатдан ошиқ) четга чиқиши мумкин. Шу муносабат билан юзага келадиган ортиқча ишлаб бериш ёки чала ишлаб бериш соатлар суммаси аниқ календарь даврларида шундай мувозанатлаштирилиши керакки, ушбу ҳисобот даври учун соат миқдори мазкур  давр учун иш вақти нормасига тенг бўлсин.

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишга мисоллар келтирамиз:

  • агар ташкилотда ҳисобот даври белгиланган бўлса – бир ой

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан йилнинг маълум бир ойи учун белгиланган иш вақти нормасига риоя  қилинади. Ходим томонидан ҳар бир нормадан ортиқ ишлаб берилган соат - иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади;

  • агар ҳисобот даври уч ой бўлса,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан йилнинг маълум уч ойи учун белгиланган иш вақти нормасига риоя қилинади. Ходим томонидан ушбу нормадан ортиқ ишлаб берилган ҳар бир соат - иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади;

  • агар ҳисобот даври ўн икки ой бўлса, (ҳисобот даврининг йўл қўйиладиган давомийлиги)

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан бир йил (12 ой) учун белгиланган суммада иш вақти нормасига риоя қилинади. Ходим томонидан ушбу меъёрдан ортиқ ишланган ҳар бир соат иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади.

Иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда бир ҳафтадан ошадиган ҳисобга олиш даври учун ходимга белгиланган иш вақтининг давомийлигидан ташқари иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади .

12 соатлик иш сменаси давомийлигида иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмаслиги сабабли , сизнинг иш режимингизда иш вақти нормаси ошмаслиги учун савдо маслаҳатчиларига ўзгарувчан жадвал бўйича дам олиш кунларини назарда тутишингизни тавсия қиламиз.

 

«Овқатланиш учун танаффусни киритмасдан 12 соатлик иш учун меҳнат шартномасини тузиш мумкинми?»

– Овқатланиш учун танаффус Меҳнат кодексининг 181-моддаси маъносидан келиб чиққан ҳолда иш вақтига киритилмайди. Шунинг учун меҳнат шартномасини тузишда, иш вақти қисмида иш вақтининг ҳақиқий давомийлигини – кун ора 12 соатлик иш кунини ва алоҳида овқатланиш учун вақтни – уларнинг аниқ давомийлигини кўрсатган ҳолда сменада иккита танаффусни ёзиб қўйинг .

 

«Меҳнат кодексига кўра ходим дам олишга ҳақли (овқатланиш учун танаффус). Қонун бўйича рухсат этилган овқатланиш учун энг кам танаффус қанча ва у иш вақтига киритиладими?»

– Эски МКда иш вақтига киритилган дам олиш ва овқатланиш учун танаффуснинг давомийлиги тартибга солинмаган эди. Янги Кодекс бу бўшлиқни бартараф этди. Бундай танаффус камида 30 дақиқа ва кўпи билан 2 соатни ташкил қилади.

Истисно – бажарилган ишнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли ходимга 2 соатдан ортиқ танаффус назарда тутилгани. Бундай ҳолда иш куни қисмларга бўлинган деб тан олинади .

Танаффуснинг аниқ давомийлиги ва уни тақдим этиш вақти томонларнинг келишувига кўра ёки ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.

Агар ходим учун белгиланган кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, унга мазкур танаффус берилмаслиги мумкин.

Агар иш вақти саккиз соатдан ошса, ходимга иккита танаффус берилиши керак .

 

«Меҳнат шартномасида ходим овқатланиш учун танаффусда иш берувчининг ҳудудини тарк этмаслиги кераклигини назарда тутиш мумкинми?» 

– Ходимлар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади. Бу вақтда улар иш жойини тарк этишлари мумкин. Шунинг учун иш берувчилар бу вақтда ходимларнинг ташкилот ҳудудидан чиқиб кетишини тақиқлашга ҳақли эмас .

Истисно – ишлаб чиқариш шароитлари ва ўзига хослиги  туфайли ходимга танаффус бериш имкони бўлмаганда ва у иш жойида овқат еса. Бундай ишларнинг рўйхати, шунингдек дам олиш ва овқат ейиш учун жойлар ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади .