Ходим ишга қабул қилиниши билан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши мумкинми

preview

«Ходимларни ишга қабул қилинган куннинг эртасига иш ҳақи сақланмайдиган таътилга юбориш мумкинми? Ходимни ишга қабул қилгандан кейин бундай таътилга қачон юбориш мумкин?»

Саволга kadrovik.uz  илтимосига кўра «Нормa» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди: 

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– «Таътилга юбориш» нимани англатади? Ушбу ибора иш берувчининг ташаббусига кўра ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил тақдим қилинишини англатади.

Буни ҳеч қандай ҳолатда қилмаслик керак. Иш берувчи ходимни унинг розилигисиз таътилга юборишга, ходим эса, ўз навбатида, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари  уни талаб қилишга ҳақли эмас.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил (бу иш берувчи учун мажбурий эмас) фақат ходимнинг ёзма аризасига биноан тақдим қилиниши мумкин. Таътил давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмаслиги керак .

Корхона фаолиятининг вақтинча тўхтатиб турилишини (бекор  туриб қолинган вақтни) иш ҳақи сақланмайдиган таътил билан алмаштиришга йўл қўйилмайди . Иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади .

Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади .

Агар ходим вакансияни расман «ёпиш» ҳамда иш жойи ва иш стажини сақлаб қолиш мақсадида ишга қабул қилинган бўлса, унда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:

  • иш ҳақи сақланмайдиган узоқ муддатли таътил пенсия учун иш стажига киритилмаслиги мумкин, чунки иш стажида тўланмаган тўлиқ ойлар ҳисобга олинмайди.
  • узоқ муддатли, 2 ҳафтадан ортиқ давом этадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил меҳнат таътили бериладиган ҳисобот даврига (иш йилига) таъсир қилади – ҳисобот даври иш ҳақи сақланмайдиган  таътил кунлари сонига (икки ҳафтадан ортиқ) ўзгартирилади .

Умумий қоидаларга кўра, иш ҳақи сақланмайдиган таътил ва унинг конкрет давомийлиги (аммо йил давомида уч ойдан ошиқ эмас) ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади .

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил тақдим қилиш тартиби Меҳнат кодекси нормаларига мувофиқ меҳнат шартномалари ва корхонанинг бошқа ички ҳужжатлари шартларида назарда тутилиши мумкин.

Агар иш берувчи ва ходим ўртасида ишга қабул қилинган куннинг эртасига иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш тўғрисида келишувга эришилган бўлса (масалан, оилавий сабабларга кўра), бу қонуннинг бузилиши ҳисобланмайди.