Нима учун фойдаланилмаган таътилларни «тўплаш» мумкин эмас

preview

Кўпинча иш берувчилар ходимларга меҳнат таътилларини ўз вақтида тақдим қилишмайди. Ходимлар эса меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда (фойдаланилмаган таътил учун компенсация) яхшигина суммани тўплаш учун улардан фойдаланишни хоҳламайдилар. Иш берувчи учун бу қандай оқибатларга олиб келади?

«Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС тушунтиради:

 

Мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналига обуна бўлинг.

 

Бу фойдали эмас, иш берувчи икки марта тўлайди

Афсуски, ҳақиқатан ҳам бундай амалиёт кенг тарқалган. Ходимлар дам олиш зарарига даромадни танлайдилар. Иш берувчилар эса буни рағбатлантирадилар: иш жараёни тўхтаб қолмайди, кимнингдир ўрнига ишлайдиган ходимни излаш, қўшимча иш учун кимгадир қўшимча пул тўлаш керак бўлмайди ва ҳоказо. Бунда улар ходим ишдан бўшатилганда барча фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация тўлашади . Кўпинча бундай компенсациялар кўп йиллар давомида тўпланиб, каттагина суммани ташкил қилади.

Тушунарли бўлиши учун мисол келтирамиз.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган вақтга келиб (2024 йил 29 февраль) ходимда 2018 йил 1 июлдан 5 йил ва 8 ой – тўлиқ 68 ой учун фойдаланилмаган таътиллар «тўпланиб қолди». Бунинг 10 ойида янги Меҳнат кодексига мувофиқ янги қоидалар ва меҳнат таътиллари миқдори амал қилади. Янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар меҳнат шартномасига мувофиқ ҳар йилги таътил (30.04.2024 йилгача) 24 иш кунини ташкил этган. Янги Меҳнат кодексига мувофиқ таътил миқдори ўзгартирилгандан сўнг (30.04.2024 йилдан) меҳнат таътили миқдори 28 календарь кунни ташкил қилади.

Эски Меҳнат кодекси бўйича таътил олмасдан ишланган 58 ой учун иш берувчи ишдан бўшаш санасига ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб,  ходимга 116 иш куни учун компенсация тўлаши керак.

Янги Меҳнат кодексига кўра ишдан бўшатилгунга қадар 10 ой учун иш берувчи ходимга 23 календарь кун учун компенсация тўлаши керак.

Компенсация қилинадиган кунлар сонини жамлаш учун кунларни битта ўлчов тизимига – календарь кунларга келтириш керак. 116 иш куни 135 календарь кунга тўғри келади.

Натижада ходимга 135 + 23 = 158 календарь кун (!) учун пулли компенсация тўланиши керак.

Ходим таътил олмай ишлаган  барча йиллар учун иш ҳақи олган, энди эса компенсация ҳам олади, яъни бу вақт учун икки мартa ҳақ тўланади. Бу иш берувчи учун фойдалими?

Компенсация суммаси салмоқли бўлади, иш берувчида эса ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни бундай компенсацияни тўлаш учун молиявий имконият бўлмаслиги мумкин, лекин тўловни амалга ошириш унинг мажбуриятидир.

Агар таътиллар ўз вақтида тақдим этилганда эди, ходим таътилларда бўлган вақт учун «таътил пули»ни олган, бу давр учун унга иш ҳақи ҳисобланмаган бўлар эди. Тегишинча, ишдан бўшатишда бу давр учун икки ҳисса тўлов ҳам бўлмас эди.

 

Агар таътил ўз вақтида тақдим этилса, Меҳнат кодексининг 234-моддаси бўйича ишдан бўшатишда компенсация юзага келиши мумкинми?

– Ҳа, агар ходим жорий иш даврида таътилдан тўлиқ фойдаланишга улгурмаса, мумкин. Меҳнат кодексининг 234-моддаси айнан шу нарсани назарда тутади. Буни ходимларга йиллар давомида таътил бермаслик учун ҳуқуқий имконият сифатида тушуниш нотўғри.

Шунингдек, таътил миқдори 21 календарь кундан ошадиган ходимлар (янги МК бўйича) фақат 21 кундан ошадиган кунлар сони учун пулли компенсация олишга ҳақли .

Агар ходимнинг таътили 28 календарь кунни ташкил қилса, у 21 кун дам олиши (фойдаланиш) керак, 7 кун учун эса у иш берувчидан рад эта олмайдиган пулли компенсацияни сўраши мумкин.

Одатда бундай компенсация ходимнинг аризаси бўйича иш йили давомида бир вақтнинг ўзида ёки таътилнинг асосий қисмидан фойдаланилгандан кейин тўланади. Бу ҳолатда ходим ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилидан тўлиқ фойдаланган деб ҳисобланади.

Таътилнинг қайси қисми учун компенсация тўлаш мумкин, бу ҳақда алоҳида мақолада ўқинг.

 

Таътилларнинг «тўпланиши» учун жавобгарликка тортиш мумкинми

Ташкилотни текширишда меҳнат таътилини тақдим қилмаслик, таътиллар жадвалини бажармаслик ёки корхонада унинг йўқлиги ҳолатлари аниқланса, иш берувчининг мансабдор шахслари МЖТКнинг 49-моддаси бўйича қуйидаги тартибда жаримага тортилиши мумкин:

  • биринчи мартасига – БҲМнинг 5–10 баравари;
  • маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такрорий қоидабузарлик учун – БҲМнинг 10–15 баравари.