Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ОСГОР) шартномаси қандай тузилади

18.04.2025
author avatar

Юрий ФЕОКТИСТОВ

«Норма» эксперти
author avatar

Хамида-Бону МИРЗАЕВА

«Kadrovik PRO» мутахассиси

Тавсияномада:

- ОСГОР шартномаси қандай тузилади

- Суғурта мукофотининг миқдори ва тўлаш тартиби қандай

- Суғурта пулининг миқдори қандай белгиланади

- Суғурта товони қандай олинади

Иш берувчи ишдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларида ўзини йирик харажатлардан ҳимоя қилиш учун ОСГОР шартномасини тузади. Бу ишнинг судда кўрилиши хавфини камайтиради ва жабрланган ишчиларнинг молиявий қўллаб-қувватланишини таъминлайди.

Эътибор беринг
ОСГОР шартномаси барча иш берувчилар учун мажбурий ҳисобланади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ОСГОР) шартномаси - бу иш берувчи билан суғурталовчи ўртасидаги келишув. Агар ходим меҳнатда майиб бўлса, касб касаллигига чалинса ёки иш билан боғлиқ ҳолда шикастланса, суғурта компанияси ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплайди. Товон иш берувчига, жабрланувчига ёки суғурта тўловини олувчига суғурта пули доирасида тўланади.   

ОСГОР шартномаси қандай тузилади

Иш берувчи ўзи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ёки иш берувчилар — жисмоний шахслар учун меҳнат шартномаси тузилган санадан эътиборан 15 иш кунидан кечиктирмай ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт.  

ОСГОР шартномаси бир йил муддатга тузилади. Муддати ўтгандан кейин шартнома қайта тузилиши керак.

Муҳим
Агар иш берувчи фаолиятини бир йилдан кам муддат давомида юритишни режалаштираётган бўлса, ОСГОР шартномаси мазкур фаолият ҳақиқатда амалга ошириладиган муддатга тузилади.

ОСГОР шартномасини тузиш учун:

1 қадам. Иш берувчининг мажбурий фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилувчи мос суғурта компаниясини топинг.

Эътибор беринг
Суғурталовчи, агар иш берувчи унга ёзма ёки электрон ариза ва ҳужжатлар билан мурожаат қилса, ОСГОР шартномасини тузишни рад этишга ҳақли эмас.

2 қадам. Суғурта компаниясига мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузиш тўғрисида ариза ёзинг.

Аризада қуйидагиларни кўрсатинг:

  • тарафларнинг реквизитлари;
  • иш берувчининг ИФУТ бўйича фаолият тури;
  • суғурта қилиш лозим бўлган ходимлар сони;
  • ходимларнинг иш ҳақи миқдори;
  • сўралаётган суғурта муддати;

Аризага қуйидагиларни илова қилинг:

  • жисмоний шахслар учун –  иш берувчи паспортининг ёки унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатининг нусхаси (фотосурати ва рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги охирги ёзув мавжуд бўлган бетлари);
  • юридик шахслар учун - иш берувчининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси.

3 қадам.  Суғурта компанияси билан ОСГОР шартномасини тузинг.

4 қадам. Суғурта мукофотини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилган санадан эътиборан 5 иш куни мобайнида тўланг.     

5 қадам.  Суғурта мукофоти тўлагандан кейин 3 иш кунидан кечиктирмай суғурта компаниясидан суғурта полисини олинг. Суғурта полиси мажбурий суғурта расмийлаштирилганлигини тасдиқлайди.

Вазият
Иш берувчи суғурта полисини йўқотган бўлса, нима қилиш керак

"ТехноСтрой" МЧЖ компанияси ОСГОР шартномасини тузди. Суғурта полиси қоғоз шаклида офисда сақланган. Компаниянинг янги офисга кўчиши натижасида ҳужжат йўқолганлиги аниқланди.

Суғурта полисининг дубликатини олиш мумкинми?

Ҳа, мумкин.

Суғурта полиси йўқолган тақдирда иш берувчи унинг дубликатини олиш ҳуқуқига эга. Дубликат суғурталовчи томонидан иш берувчи мурожаат қилган ва у дубликатни тайёрлаш харажатларини БҲМ кўпи билан 0,1 баравари миқдорида тўлаган кундан бошлаб икки кун муддатда берилади.

Эътибор беринг
Агар иш берувчи мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги талабларни бажармаса, МЖтК 49-2-моддасига мувофиқ жазога тортилади.

Суғурта мукофотининг миқдори ва тўлаш тартиби қандай

Суғурта мукофотининг миқдори белгиланган суғурта тарифларига биноан ҳисоблаб чиқарилади. Суғурта компанияси суғурта учун қанча тўлаш кераклигини иш берувчининг аризасида кўрстаилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда белгилайди.

Эътибор беринг
Агар суғурта тарифлари ОСГОР шартномаси тузилгандан кейин ўзгарса, тўланган суғурта мукофоти миқдори ўзгаришсиз қолади.
Вазият
ОСГОР шартномаси тузилгандан кейин хатолар аниқланса, нима қилиш керак
Компания раҳбари суғурта компанияси билан ОСГОР шартномасини тузди. Бир неча кундан сўнг аризада фаолият турини кўрсатишда хатолик аниқланди: "металларга ишлов бериш" ўрнига "металл конструкциялар ишлаб чиқариш" деб кўрсатилган. Бу касбий хавфлилик даражаси тавсифига ва суғурта мукофоти миқдорига таъсир кўрсатади.

ОСГОР шартномасидаги хатони қандай тузатиш мумкин?

Мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилгандан кейин иш берувчининг аризада хатога йўл қўйганлиги аниқланган тақдирда суғурта мукофоти қайта ҳисолабниши керак. Суғурта мукофоти шартнома тузилган вақтда амалда бўлган тўғри тарифлар ва таваккалчилик класслари бўйича қайта ҳисоблаб чиқилади.

Агар бадал камайтирилган бўлса, иш берувчи фарқни қўшимча тўлаши керак, агар ортиқча тўлаган бўлса, ортиқчасини қайтаришни талаб қилиши мумкин.

Суғурта тарифининг йиллик базавий ставкаси миқдори барча иш берувчилар учун ОСГОР шартномаси бўйича суғурта суммасининг 0,1 фоизини ташкил қилади. Тариф коэффициентлари махсус тасниф бўйича аниқланадиган ишнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади.

Иш берувчи фаолиятининг барча турлари касбий таваккалчилик даражасига қараб классларга бўлинади. Касбий таваккалчилик даражаси аниқ фаолият соҳасидаги ишлаб чиқариш жароҳати, касб касаллиги ва ижтимоий таъминлашга харажатлар даражаси бўйича белгиланади.

Эътибор беринг
Агар иш берувчининг фаолият тури таснифда кўрсатилмаган бўлса, 3,400 миқдоридаги ўртача коэффициент қўлланилади.

Суғурта мукофоти суммасини аниқлашда суғурталовчилар томонидан суғурта тарифлари коэффициентларини қўллаш тартиби қуйидаги тарзда белгиланади:

Агар ОСГОР шартномаси бир йил муддатга тузилса, суғурта мукофоти қуйидаги формула бўйича ҳисобланади

ПР = СС х ТБ х КСТ / 100

бу ерда: 

  • ПР  суғурта мукофоти
  • СС — суғурта пули, 
  • ТБ — йиллик базавий ставка (0,1%), 
  • КСТ — суғурта тарифи коэффициенти. 

Агар шартнома бир йилдан кам муддатга тузилса, ҳисоб-китобда шартноманинг амал қилиш кунлари сони ҳисобга олинади:   

ПР = СС х ТБ х КСТ / 100 / 365 х Д

бу ерда Д — суғурта кунлари сони.

Иш берувчи суғурта мукофотини шартнома тузилгандан кейин 5 иш кун мобайнида бир йўла тўлайди.

  • Суғурта мукофоти нақд пул билан тўланса, тўлов санаси – суғурта компанияси пул маблағларини қабул қилиб олган сана.
  • Суғурта мукофоти нақд пулсиз тўланса, тўлов санаси – пул маблағлари суғурта компанияси ҳисоб рақамига тушган сана.
  • Агар иш берувчининг ҳисоб рақамидаги пул маблағлари етарли бўлмаса, тўлов компаниянинг кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларига мўлжалланган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
  • Агар ишда ходим билан бахтсиз ҳодиса рўй берса, суғурталовчи ходимга сғурта товонини тўлайди. Товон тўлангандан кейин, шартнома бўйича умумий суғурта пули тўланган сумма миқдорига камайтирилади.

Суғурта пулини тиклаш учун, иш берувчи суғурта мукофотини 7 иш куни мобайнида қўшимча равишда тўлаши шарт. Қўшимча тўлов миқдори тўланган товон ва шартноманинг қолган муддатини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.

Суғурта пулининг миқдори қандай белгиланади

ОСГОР шартномаси бўйича суғурта суммаси иш берувчининг фаолияти муддатига қараб белгиланади. Агар иш берувчи 1 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаётган бўлса, мукофот суммаси ОСГОР шартномаси тузилган ойдан олдинги 12 ой учун иш берувчи барча ходимларининг бир йиллик иш ҳақи миқдорига тенг.

Мисол

Компаниянинг ҳар ойлик иш ҳақи фонди 12,5 млн сўмни ташкил қилади.

12 ой учун иш ҳақининг умумий суммаси: 12,5 млн × 12 = 150 млн сўм

Суғурта мукофоти 150 млн сўмни ташкил қилади.

Агар иш берувчи фаолиятини энди бошлаган бўлса, суғурта суммаси ОСГОР шартномаси тузилган ойдан кейинги 12 ой учун иш берувчи барча ходимларининг бир йиллик иш ҳақи миқдорида ҳисобланади. Бунда йиллик иш ҳақи биринчи ойдаги иш ҳақи миқдорини 12 кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқарилади.

Агар фаолият бир йилдан кам муддат давомида амалга оширилаётган бўлса, сумма бутун иш давридаги иш ҳақига мувофиқ бўлади.

Вазият
Йиллик иш ҳақи миқдори ўзгарса, нима қилиш керак
Йилнинг иккинчи ярмида "Alfa" компаниясида ходимларнинг иш ҳақини ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бироқ, шартнома (ОСГОР) олдинги йилдаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларга асосланиб, илгари тузилган.

Суғурта пули ва мукофоти миқдорини ўзгартириш мумкинми?

Агар ОСГОР шартномасининг амал қилиш муддати давомида ходимларнинг йиллик иш ҳақи миқдори ўзгарган бўлса, шартномага ўзгартишлар киритилади. Бунинг учун иш берувчи ва суғурталовчи қўшимча келишув тузади.

Суғурта пули ва мукофоти иш ҳақининг янги миқдори  бўйича қайта ҳисобланади. Бунда қолган суғурта муддати ва шартномани имзолашда амалда бўлган тарифлар ҳисобга олинади.

Вазият
Ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш татбиқ этиладими
Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси муддати тугаши муносабати билан уни қайта тузишни режалаштирмоқдамиз.
Суғурта суммасини ҳисоблашда ташқи ўриндошларни ҳисобга олиш керакми?

Ҳа, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги шартномани қайта тузишда барча ходимларнинг, шу жумладан ташқи ўриндошларнинг ҳам, иш ҳақини ҳисобга олиш зарур.
Суғурта суммаси штат жадвалига киритилган барча ходимларнинг йиллик иш ҳақи миқдори бўйича аниқланади .
Ташқи ўриндошлар ташкилот ходимлари бўлиб, улар билан меҳнат шартномалари тузилган ва улар меҳнат вазифаларини бажарадилар. Шунинг учун уларнинг иш ҳақи умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киради, унинг асосида суғурта суммаси ҳисоблаб чиқилади.
Шундай қилиб, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотини ҳисоблашда барча ходимларнинг иш ҳақи, шу жумладан ташқи ўриндошларнинг ҳам, иш ҳақи ҳисобга олинади.

Суғурта товони қандай олинади

Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани текшириш якунларига кўра суғурталовчига суғурта товони талабидан иборат бўлган ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади. 

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни қандай ҳисобга олиш ва текшириш, қандай бахтсиз ҳодисалар текширилиши ва қандайлари текширилмаслиги, бахтсиз ҳодисани текшириш қандай ўтказилиши ҳақида батафсил тавсияномада ўқинг.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • иш берувчининг етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги буйруғининг нусхаси;
  • ходимнинг ёки наф олувчининг етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаби кўрсатилган, иш берувчининг номига ёзилган аризасининг нусхаси;
  • суғурта ҳодисаси юз бергунига қадар ходим олган ўртача ойлик ёки йиллик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;
  • меҳнат шартномасининг (контрактининг) нусхаси;
  • касб касаллигида —  ходимнинг касб касаллиги тўғрисидаги тиббий хулоса;
  • ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир бўлганлигини ва ходим учун унинг оқибатини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Эътибор беринг
Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ходим вафот этган тақдирда ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси ва зарарнинг ўрни қопланишига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиб олган суғурталовчи иш берувчига тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини ва улар қабул қилиб олинган санани кўрсатган ҳолда маълумотнома бериши шарт

Суғурталовчи ҳужжатлар тақдим этилган санадан эътиборан 10 иш кунидан кечиктирмай суғурта ҳодисасини тан олиш тўғрисида қарор қабул қилади ва суғурта товонини тўлайди

Суғурта ҳодисаси тан олингандан кейин суғурталовчи суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатнома тузади. Далолатномани суғурталовчи ва иш берувчи икки нусхада имзолайди: бир нусхаси суғурталовчида, иккинчи нусхаси иш берувчида қолади

Суғурталовчи суғурта товонини тўлашни рад этган тақдирда, у бу ҳақида иш берувчига у ариза билан мурожаат қилганидан кейин 15 беш иш куни мобайнида хабар қилиши керак.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал