Ходим профилактик эмлашни рад этганда ишдан қандай четлаштириш керак
Тавсияда:
- Ходим ушбу асосга кўра қачон ишдан четлаштирилади
- Ишдан четлаштириш қанча муддатга амалга оширилади
- Ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки йўқми
- Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади
Ходим ушбу асосга кўра қачон ишдан четлаштирилади
Ишдан четлаштиришнинг ушбу асосининг аниқ таърифи қуйидагича: «Карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиш таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда, Бош давлат санитария врачининг қарори асосида, қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмаганда) ходимни ишдан четлаштириш».
Ходимни бу сабабга кўра ишдан четлаштириш қуйидаги шартларда қонуний бўлади:
- Бош давлат санитария врачининг ходимлар профилактик эмлашдан ўтиши зарурлиги тўғрисидаги қарори мавжуд бўлганда;
- иш берувчи ходимни эмлаш зарурати тўғрисида хабардор қилган бўлиши. Амалиётда бу иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади, ходимлар у билан имзо қўйиб таништирилади. Буйруқда ходим эмланиши керак бўлган муддат ва эмлашни рад этган тақдирда ишдан четлаштирилиши ҳақида огоҳлантириш кўрсатилиши керак. Бош давлат санитария врачининг тегишли қарори буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади;
- ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра профилактик эмлашга қарши кўрсатмалар бўлмаган тақдирда ходимни ишдан четлаштиришга йўл қўйилади;
- ходим ҳақиқатан ҳам профилактик эмлашдан бош тортганда. Меҳнат низоси юзага келганда иш берувчи ушбу фактнинг ишончли далилларини тақдим этиши керак. Шунинг учун ходимдан профилактик эмлашдан ўтмаганлиги сабаблари тўғрисида ёзма тушунтириш хати талаб қилиш, бундай тушунтириш беришдан бош тортган тақдирда эса – гувоҳлар иштирокида бу ҳақда далолатнома тузиш мақсадга мувофиқ.
Ишдан четлаштириш қанча муддатга амалга оширилади
Ходим профилактик эмлашдан ўтиш талабини бажармагунча ишдан четлаштирилади.
Ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки йўқми
Ушбу асосга кўра ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди
.
Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади
Ходимни ишдан четлаштириш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзолайдиган иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади
.
Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:
- ходимни ишдан четлаштириш сабабини унинг Ф.И.Ш. ва лавозими (касби, мутахассислиги)ни кўрсатган ҳолда МК 151-модда 3-қисмига, шунингдек эмлашни рад этган ходимни ишдан четлаштиришни мажбур қилувчи Бош давлат санитария врачининг қарорига ҳавола қилган ҳолда;
- ишдан четлаштириш муддати. Бу ҳолда ишдан четлаштиришнинг аниқ муддатини олдиндан белгилаш мумкин эмас. Шунинг учун буйруқда ходимни ишдан четлаштиришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунга қадар, яъни: «...ходим тасдиқловчи тиббий ҳужжатни тақдим этган ҳолда профилактик эмлашдан ўтгунга қадар» ишдан четлаштирилиши кўрсатилади;
- бухгалтерияга ишдан четлаштирилган давр учун ходимга иш ҳақи ҳисобламаслик тўғрисида фармойиш.
Ходимни ишдан четлаштириш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асос унинг эмлашдан ўтмаганлиги сабаблари тўғрисидаги ёзма тушунтириши, бундай тушунтириш беришни рад этганда эса – гувоҳлар иштирокида тузилган далолатнома ҳисобланади.
- Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилиши керак
- Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилиши керак
- Ходим шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаса, уни ишдан қандай четлаштириш керак
- Ходимни тиббий қарши кўрсатмалар бўйича ишдан қандай четлаштириш керак
- Хизмат текшируви ўтказилиши муносабати билан ишдан четлаштириш тартиби


Канал в телеграм