Ходимни тиббий қарши кўрсатмалар бўйича ишдан қандай четлаштириш керак

20.01.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

- Тиббий хулосага мувофиқ меҳнат шартномасида шартлашилган ишни бажаришга қарши кўрсатмалар аниқланганда ходим қачон ишдан четлаштирилади

- Ишдан четлаштириш қанча муддатга амалга оширилади

- Ходимни ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки йўқми

- Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади

Тиббий хулосага мувофиқ меҳнат шартномасида шартлашилган ишни бажаришга қарши кўрсатмалар аниқланганда ходим қачон ишдан четлаштирилади

Ушбу четлаштириш асосининг ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганлиги сабабли четлаштиришдан фарқи қуйидагича. Тиббий кўрикдан ўтмаганлик сабабли иш берувчи МКнинг 360-моддасига мувофиқ фақат мажбурий тартибда уни ўтиши керак бўлган ходимларни четлаштириши керак. Меҳнат шартномасида шартлашилган ишни бажаришга қарши тиббий кўрсатмалар аниқланганда ишдан четлаштириш эса умумий хусусиятга эга. Исталган ходим, тиббий хулоса билан тасдиқланган қарши кўрсатмалар мавжуд бўлса, бундай ишга қўйилмаслиги керак.

Иш берувчи соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказишга муҳтож ходимни унинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ бундай ишга – вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда ўтказиши шарт.

Ишдан четлаштириш қанча муддатга амалга оширилади

Ишдан четлаштириш даври тиббий хулосага мувофиқ белгиланади. Бунда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:

  • агар тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра 4 ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга  ўтказишга муҳтож бўлган  ходим бундай ўтишни рад этса ёки иш берувчида бундай иш бўлмагани сабабли ходимга тегишли ишни таклиф этиш мумкин бўлмаганда, 4 ойгача муддатга ишдан четлаштириш тиббий хулоса билан белгиланади. Бунда бундай четлаштириш даврида иш берувчида четлаштирилган ходим тиббий кўрсатмаларга мувофиқ бажариши мумкин бўлган иш пайдо бўлиши мумкин (масалан, бошқа ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин бўш иш ўрни пайдо бўлди). Бу ҳолда иш берувчи четлаштирилган ходимга шу ишга ўтишни таклиф қилиши керак;
  • агар тиббий хулосага мувофиқ ходим 4 ойдан ортиқ муддатга бошқа ишга вақтинча ўтказилиши ёки доимий ўтказилиши керак бўлса, у ўтишни рад этганда ёки иш берувчида тегишли иш бўлмаганда, у билан меҳнат шартномаси МКнинг 143-моддаси 2-қисмига мувофиқ бекор қилиниши мумкин (Буни қандай тўғри қилиш ҳақида «Ходимни бошқа ишга доимий ўтказиш қандай амалга оширилади» тавсиясидан ўқинг). Лекин, одатда, бўш иш ўринларини танлаш, ходимнинг бошқа ишга ўтишга розилигини олиш ва ўтказишни расмийлаштириш ёки ходимдан бошқа ишга ўтишни рад этишни олиш тартиб-таомили вақт талаб қилади ва камдан-кам ҳолларда бир кунда (ходим тиббий хулосани тақдим этган куни) амалга оширилади. Бундай вазиятда ходимга ҳали янги иш берилмаган, аввалгисига эса иш берувчи қўйишга ҳақли эмас, чунки у ходимга соғлиғи ҳолатига кўра тавсия этилмайди. Шунинг учун ходимни бошқа ишга ўтказиш ёки у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласини ҳал қилгунга қадар иш берувчи ходимни ишдан четлаштириши шарт;
  • агар ходим тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб топилса, иш берувчи тиббий хулосани олгач, ходим билан меҳнат шартномасини МКнинг 168-моддаси биринчи қисми 5-банди бўйича бекор қилиши керак. Бу ҳолда меҳнат муносабатларини давом эттиришга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар юзага келган.
Мисол
Ходим меҳнатга тўлиқ қобилиятсиз деб топилди
Иш берувчи 19 майда ходим тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб топилганидан хабар топди. Шу куни иш берувчи ходимни ишдан четлаштириши ва у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши керак.

Ходимни ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки йўқми

Тиббий қарши кўрсатмалар аниқланганлиги сабабли ишдан четлаштирилган давр учун ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди.

Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади

Ходимни ишдан четлаштириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади, уни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзолайди .

Эътибор беринг
Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқни тузиш ва у билан ходимни таништириш бўйича умумий қоидаларни қуйидаги тавсиядан қаранг: Ишдан четлаштириш нима ва у қандай ҳолларда амалга оширилади.

Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • МКнинг 151-моддаси 2-қисми 6-хатбошига ҳавола қилган ҳолда ходимнинг Ф. И. Ш. ва лавозими (касби, мутахассислиги)ни кўрсатган ҳолда уни ишдан четлаштириш сабабини;
  • тиббий хулосада кўрсатилган ишдан четлаштириш муддатини;
  • ходимга ишдан четлаштирилган давр учун иш ҳақи ҳисобламаслик тўғрисида бухгалтерияга фармойиш.
  • Меҳнат шартномасида белгиланган ишни бажаришга қарши тиббий кўрсатмалар кўрсатилган тиббий хулоса буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади.
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал