Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Телефон алоқаси хизматидан фойдалаганлиги тўғрисидаги низо бўйича

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ТЕЛЕФОН АЛОҚАСИ ХИЗМАТИДАН

ФОЙДАЛАГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Телекоммуникациялар оператори юридик шахс (бундан кейин - абонент) билан телефон алоқаси хизматларини тақдим этиш шартномасини тузди. Абонент уларга ўз вақтида ҳақ тўламади, оператор эса хўжалик судига қарзнинг асосий суммасини ва тўловни кечиктирганлик учун пеняни ундириш даъвоси билан мурожаат қилди. Биринчи инстанция судининг қарори билан даъво тўлиқ қондирилди. Абонент қайта ташкил этилиши муносабати билан асосий қарз ва жарима унинг ҳуқуқий вориси - давлат корхонасидан ундирилди, у бунга рози бўлмади ва биринчи инстанция судининг қарорини асоссиз қарор сифатида бекор қилиш тўғрисида кассация шикояти билан мурожаат қилди.



ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Абонент давлат корхонасига бўйсунишида иккала субъект бўлган ваколатли давлат органининг қарорига кўра қўшиб юборилган. Давлат корхонаси қўшиб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган унинг барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Бироқ, абонентга ажратилган, телекоммуникациялар оператори билан телефон алоқаси хизматларини кўрсатишга доир тузилган шартномада кўрсатилган телефон рақамидан ҳақиқатда бошқа ташкилот (бундан кейин - акциядорлик жамияти) фойдаланган. Шу сабабли, қарз ва уни ўз вақтида сўндирмаганлик учун жаримани давлат корхонаси - ҳуқуқий ворисдан эмас, балки АЖдан ундириш зарур, чунки ушбу сумма юридик шахс - абонентнинг қарзи ҳисобланмайди. Давлат корхонаси эса ҳуқуқий ворислик тартибида бирор-бир бошқа ташкилотларнинг эмас, балки фақат абонентнинг қарзини сўндириши шарт. У акциядорлик жамияти билан унинг қарзини тўлаш бўйича шартномавий муносабатларга ҳам кирмаган. Шунинг учун ҳам қарзни сўзсиз тартибда ундириш асосланган эмас.



ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР

ОПЕРАТОРИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Унда кўрсатилган, фойдаланиш учун ажратилган рақам бўйича телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномаси юридик шахс билан тузилган, ундан қайта ташкил этилишга қадар шартнома шартларини ўзгартириш ёки уни бекор қилиш, шунингдек акциядорлик жамияти ундан фойдаланиб, бу билан абонентнинг ҳуқуқларини бузганлиги тўғрисида аризалар келиб тушмаган. Шу сабабли, айни юридик шахс қарздор сифатида ҳосил бўлган қарзни сўндириши керак. Давлат корхонаси у телекоммуникациялар оператори билан тузган шартномадан келиб чиқадиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланганлиги сабабли айни у абонентнинг қарзини тўлаши шарт. Ундириш тўғри амалга оширилган.



СУДНИНГ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, қонун қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келди:

- юридик шахс билан телекоммуникациялар оператори ўртасида шартнома тузилган, абонентга унинг сонли идентификацияси билан телефон рақамини ажратиш унинг шартларидан бири ҳисобланган;

- телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномаси юридик шахс томонидан ҳуқуқий ворислик далили содир этилишига қадар ўзгартирилмаган ёки бекор қилинмаган, айни пайтда давлат корхонаси ҳам мазкур шартномани тузишнинг тўғрилиги ва унда кўрсатилган телефон рақамининг кимга мансублиги тўғрисида низо қилмаган;

- юридик шахсни давлат корхонасига қўшиб олиш натижасида давлат корхонаси топшириш ҳужжатига асосан юридик шахснинг телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тўлиқ ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

- телекоммуникациялар оператори билан акциядорлик жамияти ўртасида телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш тўғрисида алоҳида шартнома тузилган, унда юридик шахс билан шартномада кўрсатилган телефон рақами қайд этилмаган;

- юридик шахсга ажратилган, ундан амалда гўё акциядорлик жамияти фойдаланган телефон рақами хусусида юридик шахснинг ўзи ҳам, давлат корхонаси ҳам низолашмаган, телекоммуникациялар операторига бу борада ҳеч қандай ариза ва мурожаатлар келиб тушмаган;

- Фуқаролик кодекси 50-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, давлат корхонаси оператор билан юридик шахс ўртасида тузилган телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасига биноан ҳуқуқ ва мажбуриятлар вориси сифатида мажбурий ундиришга баёнот берилган сумма миқдорида асосий қарзни сўндириши, шунингдек тўлов кечиктирилгани учун пеня тўлаши шарт.

Шу тариқа, биринчи инстанция судининг телекоммуникациялар операторининг талабларини қондириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилди.




Ш А Р Ҳ


Низо моҳиятини ва хўжалик судининг хулосаларини аниқлаштириш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

1) телекоммуникациялар оператори билан абонент ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг шартномавий тусдалиги;

2) юридик шахс давлат корхонасига қўшиб олинганда ва унга телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасининг шартларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўтиши чоғида қонун билан белгиланган ҳуқуқий ворислик қоидалари;

3) абонентга берилган телефон рақамидан бошқа ташкилот (акциядорлик жамияти) ҳақиқатда фойдаланганлиги ҳолатлари муносабати билан давлат корхонасини алоқа хизматлари бўйича қарзни сўндиришдан озод қилиш асослари.

Фуқаролик кодекси 357-моддаси биринчи қисмига, шунингдек 1998 йил 29 августдаги 670-I-сон “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун 13-моддасининг биринчи қисмига кўра шартнома тарафлар учун тузилган пайтдан бошлаб кучга киради ва мажбурий бўлади. ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ эса у, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан келишувга эришилган бўлса, тузилган ҳисобланади. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш чоғида шуни ҳисобга олиш муҳимки, абонент рақамини ажратиш шарти муҳим ҳисобланади, чунки телефон тармоғига уланган абонент қурилмаси у билан бошқа қурилмалар бирлаштирилган чоғда айни унга кўра идентификацияланади (Умумий фойдаланиш телекоммуникация тармоғида телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари 3-бандининг ўн биринчи хатбошиси (ЎзААА бош директорининг Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 15 мартда 1323-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига илова). Иш материалларидан кўринадики, телекоммуникациялар оператори билан юридик шахс - абонент ўртасида тузилган шартномада абонентга телефон рақами ажратилиши кўрсатилган, у аниқ идентификацияланган. Абонент операторга дастлаб берилган рақамни алмаштириш қисмида шартномани ўзгартириш, шунингдек кейин абонентни илгари берилган рақам бўйича телекоммуникациялар тармоғидан узиш билан уни бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилмаган. Ҳолбуки, Фуқаролик кодекси 382-моддасининг биринчи қисмига, шунингдек “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун 15-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш тарафларнинг келишуви бўйича мумкин, агар қонун ҳужжатларида ёки шартноманинг ўзида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса.

Баён этилганларни ҳисобга олиб, суд тузилган шартноманинг ҳақиқийлиги презумпциясидан келиб чиқди ва унинг қонуний фойдаланувчиси ҳисобланган абонент мазкур рақамдан фойдаланиб олиб борилган барча телефон сўзлашувларини шартномада белгиланган тарифларга кўра тўлашга мажбурлигини кўрсатди.

Юридик шахсни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил қилиш унинг фаолияти унда бошқа шахслар билан тузилган ва қайта ташкил этиш пайтигача мавжуд бўлган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг топшириш ҳужжатига мувофиқ у қўшиладиган шахсга ўтиши билан тўхтатилишига олиб келади (Фуқаролик кодекси 49-моддасининг олтинчи қисми, 50-моддасининг иккинчи қисми). Суд кўриб чи??ан низода юридик шахс - абонентнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари шартномага кўра топшириш ҳужжатига биноан давлат корхонасига ўтган.

Шу тариқа, унда телефон алоқаси хизматларини тўлаш бўйича ҳосил бўлган қарзни давлат корхонаси амалга оширилган универсал ҳуқуқий ворислик далили асосида сўндириши керак.

Давлат корхонасининг телефон рақамидан ҳақиқатда бошқа ташкилот (акциядорлик жамияти) фойдаланганлиги хусусидаги важини суд инобатга олмади, чунки:

- телекоммуникациялар оператори билан АЖ ўртасида тузилган шартномада мазкур рақам қайд этилмаган;

- абонент билан шартномага дастлаб ажратилган рақамни алмаштириш қисмида ўзгартишлар киритилмаган ва давлат корхонаси операторга ана шундай талаб билан мурожаат қилмаган. Бу шартнома бекор қилинмаган ва низолашилаётган рақамга давлат корхонаси янги шартнома тузмаган;

- давлат корхонаси акциядорлик жамиятининг тармо??а рухсатсиз уланиш далили тўғрисида баёнот бермаган ва бунинг исботини тақдим этмаган.

Ҳолбуки, Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этаётган ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларининг асоси сифатида кўрсатаётган ҳолатларни исботлаб бериши керак. Умумий фойдаланиш телекоммуникация тармоғида телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари 107-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ, телекоммуникациялар тармоғига рухсатсиз уланиш йўли билан телефон алоқаси хизматларидан чет шахсларнинг фойдаланиши натижасида юзага келган ихтилофлар чоғида амалга оширилган сўзлашувларнинг кимга тегишлилигини аниқлаш учун белгиланган тартибда тергов ўтказилиши керак. Давлат корхонаси операторга ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам тегишли ариза билан мурожаат қилмаганлиги, шунингдек рухсатсиз уланиш далили тўғрисида судга баёнот бермаганлиги сабабли тергов ўтказилмаган ва бунинг далиллари тақдим этилмаган. Берилган рақамдан айни юридик шахс - абонент фойдаланганлиги далили мазкур ишда презумпцияга айлантирилган, шу сабабли ҳам давлат корхонаси томонидан ҳуқуқий ворис сифатида қарзни сўндириш бўйича мажбурияти суд томонидан тўлиқ ҳажмда тасдиқланган.

Субъектлар ташкилотларнинг ҳуқуқий ворислигига асосан ўтадиган қарзларни тўлаш бўйича низоли вазият юзага келишидан қочиш учун юқорида кўрсатилган ҳолатларни ҳисобга олишлари керак.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган