Корхонада меҳнат интизоми қандай ўрнатилади
Ташкилотда меҳнат интизомини ўрнатиш муҳим вазифа бўлиб, у комплекс ёндашишни ҳамда раҳбариятнинг ҳам, ходимларнинг ўзларининг ҳам фаол иштирок этишини талаб қилади. Ташкилотда меҳнат интизомини ўрнатиш учун, ходимларнинг хулқ-атворини тартибга солувчи қоидаларнинг аниқ тизимини, шунингдек уларнинг бажарилишини назорат қилиш механизмларини яратишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларга риоя қилиш зарур
. Қуйида бир нечта асосий қадамлар келтирилган:
Локал ҳужжатларни ишлаб чиқиш
Ташкилотда ишлаш тартибини белгиловчи ички ҳужжатларни яратинг ва тасдиқланг
:
- Иш вақти, танаффуслар, ишга чиқиш ва ишдан кетиш тартибини тартибга солувчи Ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ)
. - Интизом тўғрисидаги низом
, унда ходимларнинг мажбуриятлари, рағбатлантириш чоралари ва меҳнат интизоми қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. - Ахлоқ ва хулқ-атвор кодекси, унда касбий маданият, одоб-ахлоқ, ташқи кўриниш ва кийиниш қоидалари белгиланган.
- Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномалар.
ИМТҚ – ташкилотнинг тавсия этиладиган локал ҳужжатларидан бири. МК ИМТҚни тасдиқлаш мажбуриятини юкламайди, бироқ ИМТҚ иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари масалаларини, айниқса интизом ва жавобгарликни таъминлаш масалаларини тартибга солади. Бунда айрим ташкилотлар учун ИМТҚ сифатида Президент, Олий Мажлис ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар амал қилади. Масалан: ИИВ, ҚК ходимлари, темир йўл транспорти ходимлари ва бошқалар учун.
Ахлоқ ва хулқ-атвор кодекси – ташкилот ичидаги касбий муносабатларни тартибга солувчи нормалар ва қоидаларни белгиловчи муҳим ҳужжатдир. У маданият, одоб-ахлоқ, ташқи кўриниш ва кийиниш қоидаларига оид турли жиҳатларни қамраб олиши керак.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномалар иш жойида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган қоидалар ва чора-тадбирларни ўз ичига олади. Барча ходимлар ўқитилиши, ўз вазифаларини хавфсиз бажариш бўйича йўриқномаларни билиши ва кўрсатмаларни бажариши шарт. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқномаларга риоя қилмаганлик учун ишдан бўшатишгача бўлган интизомий чоралар назарда тутилган.
Ходимларнинг мажбуриятларини белгилаш
Меҳнат шартномалари, лавозим йўриқномаларида ходимларнинг мажбуриятларини аниқ кўрсатинг. Бу мажбуриятларни тушунишда турли хил талқинлар ва номувофиқликларнинг олдини олишга имкон беради. Ҳужжатларнинг қоидалари ходимларга тушунарли бўлиши муҳим, шунинг учун аниқ таърифлар ва бир хил изоҳга эга бўлган сўзлардан фойдаланинг.
Меҳнат кодекси лавозим йўриқномаларини тузишни талаб қилмайди. Ходимнинг мажбуриятларини бевосита меҳнат шартномасида кўрсатиш мумкин. Аммо бундай мажбуриятлар кўп бўлса ва улар ўзига хос хусусиятга эга бўлса, уларни алоҳида ҳужжатда белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ходимларни ўқитиш ва мослаштириш
Янги ходимлар учун кириш инструктажларини ўтказинг, унда меҳнат интизоми қоидалари, иш стандартлари, шунингдек хавфсизлик ва иш жойидаги хулқ-атворга бўлган талаблар батафсил тушунтирилади. Амалдаги ходимлар учун меҳнат интизоми ва корпоратив маданият масалалари бўйича мунтазам ўқишларни ташкил этинг.
Янги ходимлар учун кириш инструктажлари уларга жамоага тезроқ мослашишга, компаниянинг хулқ-атвор нормаларни ва вазифаларни бажаришга қўядиган асосий талабларини тушунишга ёрдам беради. Нафақат касбий мажбуриятлар ҳақида, балки ходимнинг ҳамкасблар билан қандай муносабатда бўлиши, шунингдек ички тартиб нормаларига қандай риоя қилиши ҳақида ҳам маълумот бериш муҳимдир.
Интизомга риоя этилишини назорат қилиш
Интизомга риоя этилишини мунтазам назорат қилиш тизимини жорий этинг:
- Иш вақти ҳисобини юритинг. МК иш берувчининг зиммасига ходимларнинг иш вақти ҳисобини юритиш мажбуриятини юклайди. Бу иш вақтини ҳисобга олиш табели, шунингдек бошқа ҳужжатлар (журналлар, карточкалар), шу жумладан электрон ҳужжатлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу мақсадларда аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалардан фойдаланишга йўл қўйилади
. Шунинг учун ҳар бир ташкилот ҳар бир ходимнинг ишлаган вақтини қаерда ва қандай усулда қайд этишни локал тартибда мустақил белгилашга ҳақли. - Лавозим мажбуриятларининг бажарилиши текширувларини ўтказинг.
- Интизомий қоидабузарликлар (улар вужудга келган тақдирда) холисона қайд этилиши учун, ходимлар ишини баҳолашнинг шаффоф тизимини жорий этинг.
Рағбатлантириш ва интизомий таъсир чоралари
Қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин бўлган рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқинг: пул бонуслари, мукофотлар, миннатдорчилик хатлари ёки хизмат бўйича кўтарилиш. Рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқишда:
- айнан қандай натижалар ёки хулқ-атвор рағбатлантирилишини белгиланг (масалан, унумдорлик, иш сифати, мажбуриятларни намунали бажариш);
- ходимларнинг ютуқларини баҳолаш қандай мезонлар бўйича амалга оширилишини кўрсатинг.
Шу билан бир қаторда, интизомий жазо чораларини қўллашнинг аниқ тартибини, шу жумладан уларнинг амал қилиш муддатларини ҳам назарда тутинг. Интизомий жазо чоралари рўйхати
белгиланган:
- Ҳайфсан.
- Жарима. МКда жарима солиниши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларнинг аниқ рўйхати йўқ. Умуман олганда, ходим ўз хатти-ҳаракатлари билан ихтиёрий ёки беихтиёр равишда иш берувчига зарар етказган ҳолларда жарима солиниши мумкин. Бунда МК ходимга солиниши мумкин бўлган жариманинг энг кўп миқдорини белгилайди
. - Ишдан бўшатиш. Иш берувчи интизомий жазонинг охирги чораси сифатида ходимни жиддий қоидабузарликлар содир этган тақдирда, аммо бунинг учун асослар мавжуд бўлгандагина, ишдан бўшатишга ҳақли. Бунда интизомий жазо чораларини қўллашда мутаносиблик принципига амал қилиш муҳим

.
Таъсир чоралари адолатли бўлиши ва барча ходимларга тенг қўлланилиши муҳим. Бу жамоада тенглик ва ишонч туйғусини яратади.
Самарали коммуникация
Корхонада очиқ ва шаффоф коммуникация тизимини сақланг. Корхонада меҳнат интизомини сақлашда самарали коммуникация муҳим роль ўйнайди. Бу ходимлар ўз вақтида ва аниқ йўриқномалар оладиган, юзага келадиган масалаларни муҳокама қила оладиган ва ўзларини ташкилотнинг бир қисми деб ҳис қиладиган жараёндир. Бунга эришиш учун, бир нечта тамойилларга риоя қилиш керак:
- Мунтазам учрашувлар. Ходимлар саволлар бериши, иш ҳолатларини муҳокама қилиши ва раҳбариятдан фикр-мулоҳазалар олиши мумкин бўлган йиғилишларни мунтазам равишда ташкил этинг. Бу жамоавий учрашувлар ҳам, индивидуал суҳбатлар ҳам бўлиши мумкин.
- Очиқ алоқа каналлари. Ходимларга саволлар ва таклифлар билан тўғридан-тўғри раҳбариятга мурожаат қилиш имкониятини беринг. Фикр-мулоҳаза билдириш учун email, корпоратив чатлар ёки махсус шакллардан фойдаланинг. Бу ишонч муҳитини яратади ва ҳал қилинмаган муаммолар тўпланиб қолишининг олдини олишга ёрдам беради.
- Рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш. Раҳбарлар нафақат интизомни назорат қилишлари, балки ходимларни рағбатлантиришлари ҳам муҳимдир. Хизматларни эътироф этиш ва тўғри рағбатлантириш интизомни мустаҳкамлашга ёрдам беради, чунки ходимлар компания учун ўзларининг қадрли эканликларини ҳис қилади.
Ходимлар эркин фикр алмашишлари ва меҳнат интизомини яхшилаш бўйича ўз ғояларини таклиф қилишлари мумкин бўлган очиқлик муҳитини сақланг. Ходимлардан уларнинг меҳнат шароитлари ва интизомни яхшилаш бўйича таклифларга оид фикр-мулоҳазаларни мунтазам равишда йиғиб боринг.
- Сўровлар ва анкеталар. Вақти-вақти билан ходимлар ўртасида уларнинг мавжуд интизом тизими ва меҳнат шароитларига муносабатини билиш учун, аноним ёки очиқ сўровлар ўтказинг. Бу ходимлар тўғридан-тўғри айтмайдиган яширин муаммоларни аниқлашга ёрдам беради.
- Яккама-якка суҳбат ва учрашувлар. Ходимлар билан мунтазам равишда алоҳида суҳбатлашиш уларнинг фикрини чуқурроқ тушуниш ва ишдан қониқиш даражасини баҳолаш имконини беради. Масалан, бу норасмий муҳокама бўлиши мумкин, унда раҳбар ташкилотда нимани яхшилаш мумкинлиги ҳақида саволлар беради.
- Таклифлар қутиси. Баъзи ташкилотларда жисмоний ёки виртуал "таклифлар қутиси" мавжуд бўлиб, унда ходимлар аноним ёки очиқ, исмини кўрсатган ҳолда, ўз ғоялари билан ўртоқлашишлари ва шикоятларини билдиришлари мумкин. Бу яширин муаммоларни аниқлаш учун фойдали восита.
Самарали коммуникация ва фикр-мулоҳаза билан ишлаш корхонада интизом тазйиқ воситаси сифатида эмас, балки корпоратив маданиятнинг табиий қисми сифатида қабул қилинадиган шаффоф, ишончли муҳитни яратишга ёрдам беради.


Канал в телеграм