Ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби

28.01.2025

Тавсияномада:

- Аттестациянинг қандай турлари мавжуд

- Аттестацияга қандай тайёрланади

- Аттестацияга материаллар қандай тайёрланади

- Аттестацияни қандай ўтказиш керак

- Аттестация натижалари қандай расмийлаштирилади

Ходимларни аттестациядан ўтказиш – бу ходимларнинг иш самарадорлиги ва касбий даражасини ошириш, шунингдек ходимнинг малакасини ва эгаллаб турган лавозимига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган текширувдир.

Қонунчиликда аттестациядан ўтказишнинг ягона тартиби мавжуд эмас. Бироқ айрим тоифадаги ходимлар учун аттестациядан ўтказиш мажбурияти норматив ҳужжатларда белгиланган:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари учун – 27.10.2011 йилдаги  289-сон  БМҚ;
  • ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасидаги давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотлари раҳбарлари учун – Президентнинг 19.02.2018 йилдаги 5349-сон Фармони, АТКР вазирининг 11.04.2018 йилдаги 168-сон буйруғи, АВ томонидан 08.05.2018 йилда 3007-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
  • давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари учун – 22.11.2007 йилдаги 244-сон ВМҚ;
  • врачлар ва фармацевтлар учун – 18.09.2023 йилдаги 477-сон ВМҚ;
  • педагог кадрлар бўйича – 17.09.2021 йилдаги 572-сон ВМҚ.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда аттестацияни ўтказиш тартибини йўлга қўядиган алоҳида локал ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқ. Масалан, «Аттестация тўғрисидаги низом».

Аттестациянинг асосий турлари ўтказиш асослари ва мақсадлари бўйича фарқланадиган қуйидаги шаклларни ўз ичига олади:

1. Режали ёки мажбурий аттестация:

Белгиланган жадвал бўйича ўтказилади – масалан, уч йилда бир марта ёки муайян иш даври тугагандан сўнг. Айрим ҳолларда, агар бу қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, режали аттестация муайян тоифадаги ёки лавозимдаги ходимлар учун ўтказилади. Шунингдек бундай аттестация, ходимлар малакасини ва уларнинг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлигини мунтазам текшириш учун, ташкилотда тасдиқланган Аттестация тўғрисидаги низом билан мустаҳкамланиши мумкин.

Муҳим
Ходимнинг аттестациядан ўтиши мажбуриятини меҳнат шартномасида ёки лавозим йўриқномасида мустаҳкамлаб қўйинг.

2. Режадан ташқари аттестация:

 Жадвалдан қатъи назар, заруратга қараб ўтказилади ва иш берувчи томонидан ҳам, ходим томонидан ҳам ташаббус кўрсатилиши мумкин. Режадан ташқари аттестация қуйидаги ҳолларда тайинланиши мумкин:

  • • Иш берувчининг ташаббуси билан:
    • Ходимнинг меҳнат вазифалари ёки лавозим мажбуриятлари ўзгарганда, бошқа лавозимга ўтказилганда ёхуд иш кўрсаткичлари қониқарсиз бўлган тақдирда иш берувчи режадан ташқари аттестацияни тайинлаши мумкин. Бундай аттестациянинг мақсади ходимнинг малака даражасини текшириш ва унинг янги ёки мавжуд лавозим талабларига мувофиқлигини аниқлашдан иборат.
  • • Ходимнинг ташаббуси билан:
    • Ходим, ўз малакасини тасдиқлаш учун, режадан ташқари аттестацияни талаб қилиши мумкин, масалан: агар у мартаба ўсишини режалаштирса, кўтарилишга даъво қилса ёки меҳнат шароитларини яхшилашга интилса. Бундай ҳолларда ходим, аттестациядан ўтказиш зарурлигини асослаган ҳолда, ариза беради, иш берувчи эса компетенцияларни режадан ташқари текширишни ўтказишнинг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқади.

Аттестацияни ўтказиш тартиби қандай

Аттестацияни қонунчиликда белгиланган тартибда ёки локал ҳужжатда, масалан, аттестация тўғрисидаги Низомда, белгиланган тартибда ўтказиш зарур. Ходимларни аттестацияга тайёрлаш бўйича ташкилий ишлар бир неча босқичларни назарда тутади:

1. Аттестацияга тайёрланиш

2. Материалларни тайёрлаш

3. Аттестацияни ўтказиш

4. Аттестация хулосаси ва натижалари

Аттестацияга қандай тайёрланади

Аттестация тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

Ходимларни аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низом – бу ташкилотнинг локал ҳужжати бўлиб, у касаба уюшмаси билан, ташкилотда мавжуд бўлган тақдирда, келишилади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Намуна сифатида қонунчилик билан тасдиқланган қоидалардан фойдаланиш ёки, ташкилот фаолиятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ўз қоидаларини ишлаб чиқиш мумкин.

Аттестация тўғрисидаги низомда қуйидагилар бўлиши керак:

  • аттестация ўтказиш мақсади ва вазифалари;
  • аттестациядан ўтиши керак бўлган ходимлар тоифалари, шунингдек аттестациядан ўтказилмайдиган ходимлар тоифалари;
  • жадвални тасдиқлаган ҳолда аттестацияни ўтказиш даврийлиги ва муддатлари;
  • аттестация комиссиясини шакллантириш тартиби, унинг ваколатлари ва регламенти;
  • аттестацияни ўтказиш тартиб-таомили;
  • ходимнинг ўз функционал вазифаларини бажаришини баҳолаш мезонлари;
  • аттестация комиссияси томонидан ходимларни аттестациядан ўтказиш якунлари бўйича қабул қилинадиган қарорлар, шунингдек ушбу қарорларни ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи ва аттестациядан ўтказилаётган ходимлар эътиборига етказиш тартиби;
  • ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи томонидан аттестация натижалари бўйича қарор қабул қилиш муддатлари;
  • ходим томонидан аттестация натижалари устидан шикоят қилиш тартиби.
Муҳим
Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилгандан сўнг Низом раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланиши ва у билан ходимлар, имзоланган ҳолда, таништирилиши керак.

Аттестацияни ўтказиш тўғрисида буйруқ тайёрлаш

Раҳбар аттестацияни ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаради, унда қуйидагилар кўрсатилади:

• аттестация ўтказиш асослари, мақсади ва муддатлари;

• аттестация комиссияси таркиби. Комиссия раҳбарият, кадрлар хизмати вакиллари ва холисона баҳолаш ваколатига эга бўлган бошқа мутахассислардан шакллантирилади. Комиссия таркибига, агар у ташкилотда мавжуд бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси вакилларини киритиш зарур;

• аттестациядан ўтказилиши лозим бўлган лавозимлар ёки ходимлар тоифалари рўйхати.

Буйруқ аттестацияни ўтказиш жадвалини ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олиши мумкин. Раҳбар буйруқни имзолагандан сўнг у билан аттестация комиссиясининг барча аъзолари, шунингдек аттестацияда иштирок этаётган ходимлар таништирилиши лозим.

Ходимларни хабардор қилиш

Ходимлар аттестациядан ўтказиш тўғрисида олдиндан хабардор қилинади. Умумий қоидага кўра, хабардор қилиш тартиби ва муддатларини ташкилотнинг ўзи белгилайди. Бироқ юридик хизмат ходимлари учун бундай муддатлар белгиланган – аттестацияни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисидаги хабарнома аттестация санасидан камида 10 кун олдин юборилади. 

Аттестацияга материаллар қандай тайёрланади

Дастлаб аттестациядан ўтказилаётганларнинг бевосита раҳбарлари томонидан ходимларнинг касбий фаолияти натижаларини акс эттириши мумкин бўлган хизмат тавсифномалари, мажбуриятларни бажариш тўғрисидаги ҳисоботлар, сўнгги йиллардаги иш натижалари ва бошқа ҳужжатлар тайёрланади. Сўнг аттестация варақлари расмийлаштирилади. Аттестация варақлари аттестация комиссияси томонидан тўлдирилади ва ҳар бир ходимнинг баҳолаш натижаларини тизимлаштириш ва қайд этишга хизмат қилади. Уларда ходим тўғрисидаги асосий маълумотлар, шу жумладан лавозими, стажи, малакаси, шунингдек лавозим мажбуриятларини бажариши, касбий ютуқлари ва кўникмалари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Варақларда белгиланган мезонларга кўра эгаллаб турган лавозимнинг мувофиқлигини ёки мувофиқ эмаслигини баҳолаш учун жадваллар, шунингдек комиссия хулосаси учун жой мавжуд бўлиб, унда: малака ошириш зарурати, бошқа ишга ўтказиш ва бошқа ҳаракатлар каби тавсиялар қайд этилади. Аттестация варақалари комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ва ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Аттестациядан олдин ходимнинг лавозим мажбуриятлари у билан тузилган меҳнат шартномасида ёки унинг лавозим йўриқномасида ёзилганлигини текширинг. Меҳнат низоси бўлган тақдирда, агар иш берувчида ходимнинг лавозим мажбуриятлари ёзилган ҳужжат бўлмаса, суд аттестация натижаларини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Аттестацияни қандай ўтказиш керак

Аттестация ўтказиладиган кунда комиссия тақдим этилган материалларни кўриб чиқади, аттестациядан ўтказилаётган шахснинг бевосита раҳбарини, шунингдек ходимнинг ўзини тинглайди.

Эслатиб ўтамиз
Билимларнинг ҳақиқий даражасини баҳолаш учун аттестацияни ўтказиш усули ҳар хил бўлиши мумкин: ёзма тест ёки имтиҳон, суҳбат, амалий машғулот.

Аттестация комиссияси ходим бўйича тўпланган барча маълумотларни, шу жумладан унинг ютуқлари, меҳнат вазифаларини бажариши ва бошқа мезонларни баҳолайди.

Аттестация натижалари қандай расмийлаштирилади 

Комиссия, ўтказилган аттестация натижаларидан келиб чиққан ҳолда, қарор қабул қилади. Комиссия аъзолари ва ходим имзоси қўйилган аттестация комиссияси баённомаси шахсий йиғмажилдга ва Т-2 шахсий карточкага киритилади. Аттестациядан ўтказилаётган ходимлар аттестация натижалари тўғрисида ўз фикрларини билдиришлари ва аттестация комиссиясининг қарорларига рози бўлмаган тақдирда шикоят қила олишлари учун, уларни аттестация натижалари билан таништириш лозим.

Аттестация комиссиясининг натижалари қуйидагича бўлиши мумкин:

  • эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги;
  • шартли мувофиқлик (агар қайта ишлаш ёки ўқитиш талаб этилса);
  • бошқа ишга ўтказиш, малака оширишга юбориш ёки ишдан бўшатиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган лавозимга номувофиқлик.
Муҳим
Аттестация комиссиясининг қарори мажбурий эмас, балки тавсиявий характерга эга.

Аттестация материаллари бўйича ташкилот раҳбари буйруқ чиқаради. Агар аттестация комиссияси «малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига мувофиқ эмас» деган баҳо берган бўлса, ташкилот раҳбари:

  • ходимни аввалги лавозимида қолдириш;
  • унинг розилиги билан бошқа ишга ўтказиш;
  • меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Агар иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, қонунчиликда белгиланган ҳаракатлар тартибига риоя қилиш зарур. Ходимнинг малакаси етарли эмаслиги сабабли лавозимга нолойиқлиги учун уни ишдан қандай бўшатиш мумкинлиги ҳақида батафсил – тавсияномада.
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал