Меҳнат шартномасига қандай шартлар киритилиши керак

10.03.2024
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– меҳнат шартномасининг мажбурий шартлари;

– меҳнат шартномасининг қўшимча шартлари;

– қандай шартларни меҳнат шартномасига киритиш мумкин эмас.

Меҳнат шартномасининг мажбурий шартлари 

Меҳнат шартномасига киритиш учун қуйидаги шартлар мажбурий ҳисобланади :

  • иш жойи – ходим шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра меҳнат фаолиятини амалга оширадиган иш берувчи (ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси ёки жисмоний шахс), шунингдек ходим меҳнат қилиши керак бўлган жой;
  • ходимнинг меҳнат вазифаси – муайян касб, мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича иш, шунингдек ходимга топшириладиган ишнинг аниқ тури; 
  • ишнинг бошланиш санаси – ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришга киришиши лозим бўлган календарь сана; 
  • меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (шу жумладан ходимнинг тариф ставкаси ёки маоши миқдори, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлар);
  • меҳнат шартномасининг муддати – агар ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган бўлса, шунингдек бундай шартномани тузиш учун асослар; 
  • иш вақти ва дам олиш вақти режими – агар бу ходим учун ташкилотда белгиланган умумий тартибдан фарқ қилса;
  • кафолатлар ва компенсациялар, нормал шароитлардан фарқ қиладиган шароитлардаги иш учун, агар ходим иш жойидаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари кўрсатилган ҳолда мазкур ишга қабул қилинаётган бўлса;
  • ишнинг хусусиятини белгилайдиган шартлар (кўчма, сайёр, йўлдаги, ишнинг бошқа хусусияти);
  • меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда бошқа шартлар. Масалан, МК 446-моддасига кўра касаначи билан тузилган меҳнат шартномасида юқорида айтилганларга қўшимча равишда касаначиликка хос бўлган ўзига махсус шартларни ҳам киритиш керак:

– ускуналар, инвентарларни тақдим этиш тартиби;
– тайёр маҳсулотни қабул қилиш ва етказиб бериш тартиби;
– иш берувчининг буюртмаси бажарилиши муносабати билан фойдаланилган энергия, сув, алоқа ва бошқалар учун касаначининг харажатларини қоплаш (компенсация) тартиби.

Эътибор беринг
Агар юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортаси меҳнат шартномасига киритилмаган бўлса, бу уни тугатиш ёки тузилмаган деб эътироф этиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси қўшимча битим тузган ҳолда етишмаётган шартлар билан тўлдирилиши керак .

Меҳнат шартномасининг қўшимча шартлари 

Меҳнат шартномасида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганларга нисбатан ходимнинг аҳволини ёмонлаштирмайдиган қўшимча шартлар кўзда тутилиши мумкин. Хусусан:

  • ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ёки ходимнинг меҳнат функцияси туфайли. Масалан, давлат сирларини ва қонун билан ҳимояланган бошқа сирларни ошкор қилмаслик шарти;
  • ходимлар ва унинг оила аъзоларига бериладиган кафолатлар. Масалан, ходимни қўшимча суғурта қилиш шартлари ва турлари, ходим ва унинг оила аъзолари учун ижтимоий-маиший шароитлар назарда тутилиши мумкин.

Шунингдек, қўшимча шартларни ҳам белгилашингиз мумкин:

  • касблар ва лавозимлар ўриндошлиги ҳақида;
  • ишга қабул қилишда дастлабки синов ҳақида;
  • агар ўқитиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилган бўлса, ходимнинг шартномада белгиланган муддатдан кам бўлмаган давр мобайнида ўқишдан кейин ишлаб бериш мажбурияти тўғрисида.

Бундан ташқари, агар керак бўлса, қуйидагиларни аниқлаштириш мумкин:

  • унинг жойлашган ери кўрсатилган таркибий бўлинма. Масалан, ишчи айнан қайси ишлаб чиқариш цехида ишлаши – қандолат маҳсулотлари, сут маҳсулотлари ва бошқалар;
  • иш жойи. Масалан, агар хайдовчига маълум бир транспорт воситаси бириктирилган бўлса, меҳнат шартномасида унинг русуми ва давлат рақами кўрсатилади;
  • ходимнинг иш шароитларига нисбатан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.
Вазият
Чакана савдо корхонаси Тошкентда дўконлар тармоғига эга
Меҳнат шартномасида ва сотувчиларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда, улар ишлайдиган маълум бир дўконнинг рақами ва манзилини кўрсатиш керакми?
– Кўрсатмаслик мумкин. Стационар чакана савдо дўкони – бу сотувчининг иш жойи. Меҳнат шартномасида ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда дўконнинг рақами ва ҳудудий жойлашувини кўрсатмасдан, иш берувчи ташкилотнинг номини кўрсатиш кифоя. Агар маълум бир иш жойи меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлса, кейинги ўзгартириш учун ходимнинг ёзма розилиги талаб қилинади .
Вазият
Туман бандликка кўмаклашиш маркази II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари захира ҳисоби ташкилотига юборди
Меҳнат шартномасида қисқартирилган иш вақти ва бошқа махсус меҳнат шароитларини кўрсатиш керакми?
– Ҳа. Хусусан, қуйидагиларни этиб ўтиш керак:
  • қисқартирилган иш вақти – иш ҳақини камайтирмасдан ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган ;
  • йиллик узайтирилган таътил – камида 30 календарь кун .

Меҳнат шартномасининг баъзи шартларига мувофиқ ушбу шартлар аниқ акс этган корхонанинг ички ҳужжатларига тегишли ҳаволаларни тақдим этишингиз мумкин. Бундай шартлар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • иш ҳақи ва мукофотлаш тизимлари. Улар жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар (иш ҳақи ва мукофотлаш тўғрисидаги қоидалар ва бошқалар) билан белгиланиши мумкин ;
  •  таътил турлари, уларнинг давомийлиги, бериш тартиби ва шартлари (жамоа шартномасида ва таътил жадвалида акс эттирилиши мумкин);
  • меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш шартлари (ички меҳнат қоидаларида акс эттирилган).
Эътибор беринг
Ходимларни уларнинг иш фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган бундай ички ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништириш керак.

Агар маълум бир мутахасислик, касб ёки лавозим бўйича тасдиқланган лавозим йўриқномаси мавжуд бўлса, меҳнат шартномасида ходимнинг барча меҳнат мажбуриятларини кўрсатманг. Улардан фақат энг муҳимларини санаб ўтинг ва лавозим йўриқномасида келтирилган тўлиқ рўйхатга ҳавола беринг. Ходимга имзо қўйдирган ҳолда у билан албатта таништиринг. Ҳатто ходимга лавозим йўриқномаси нусхасини ёки аслини бериш тавсия этилади, шунда у доимо унинг қўлида бўлади. Бундай йўриқномалар бўлмаса, шартномада ходим мажбуриятларининг тўлиқ рўйхати кўрсатилиши керак.

Агар ходимга доимий равишда касбларга (лавозимларга) оид ўриндошлик тартибида мажбуриятлар юклатилган бўлса, буни шартномада кўрсатиб ўтинг. Масалан, сиз бухгалтерга  кадрлар билан ишлашни буюрасиз. Шу билан бирга лавозим йўриқномасида  назарда тутилган бўлса, ўриндошлик касби (лавозим) бўйича мажбуриятларнинг аниқ рўйхатини кўрсатманг. Ходимни у билан таништириб, имзо кўйдиринг.

Шартномада томонларнинг моддий жавобгарлигини белгилашингиз мумкин. Иш берувчининг ходим олдидаги шартномавий жавобгарлиги Меҳнат кодексида назарда тутилганидан кам бўлмаслиги, ходимнинг эса иш берувчи олдидаги жавобгарлиги МКда назарда тутилганидан юқори бўлмаслиги керак .

Қандай шартларни меҳнат шартномасига киритиш мумкин эмас 

Белгиланган меҳнат қонунчилиги ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардагига нисбатан ходимларнинг аҳволини ёмонлаштирадиган шартларни меҳнат шартномасига киритманг. Масалан:

  • ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги, агар унинг меҳнат функцияси пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаса ;
  • Меҳнат кодексининг 312-моддасида кўрсатилмаган интизомий жазо чоралари;
  •  бошқа ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлаш, МК 487-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно;
  • дастлабки синов муддати 3 ойдан ошганда ва МКнинг 486-моддаси 4-қисмида кўрсатилган ишчиларнинг маълум тоифалари учун – 6 ой;
  • ҳафтада 40 соатдан ортиқ иш вақти (агар иш вақтининг жамланган ҳисоби ўрнатилмаган бўлса), айрим тоифадаги ишчилар учун эса 36, 24 дан ортиқ ва бошқалар    ;
  • дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек иш вақтидан ташқари ишлар учун иш ҳақи миқдори икки баравардан кам бўлса  .  

Бундай шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва иш берувчининг айбдор мансабдор шахси жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин  .

Ситуация
Ходимга рақобатчи корхонада ишлашни тақиқлаш мумкинми

Ходимнинг меҳнат шартномасида у ишдан бўшатилган тақдирда бир неча йил давомида рақобатдош компанияга ишга жойлашиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгилаб қўйилган. Акс ҳолда у собиқ иш берувчига маълум миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлади. Меҳнат шартномасининг бундай шарти қанчалик қонунийлигини?

Ходимларнинг рақобатчиларга ёки шерикларга ишга кетишини тақиқлаш мумкин эмас. Киши қаерга ишга жойлашиш,  касбий билимлари, кўникмалари ва тажрибаларини қаерда қўллашни ўзи танлайди.

Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Меҳнат кодексига кўра меҳнат эркинлиги – индивидуал меҳнат муносабатлари ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойилларидан биридир. Меҳнат эркинлиги – бу ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Иш берувчи бу ҳуқуқни чеклай олмайди ва ходимга ишдан бўшагандан кейин қаерда ишлаши мумкинлигини ва қаерда ишлай олмаслигини буюра олмайди.

Шунга кўра, рақобатчиларга ишга жойлашишни тақиқлаш ходимнинг амалдаги қонунчиликка нисбатан вазиятини ёмонлаштиради. Демак, бундай бандни на меҳнат шартномасига, на бошқа қандайдир ҳужжатга киритишга йўл қўйилмайди.

Агар бундай шарҳ меҳнат шартномасида барибир ёзилган бўлса ва ходим бу ҳақда била туриб меҳнат шартномаси ёки қўшимча келишувни имзолаган бўлсачи (агар қўшимча кейинроқ, ишга қабул қилингандан кейин киритилган бўлсачи)? Бундай ҳолда бундай банд ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва юридик кучга эга бўлмайди. Ходим, агар у дастлаб бунга розилик билдирган бўлса ҳам, бундай шартни бажаришга мажбур эмас.

Агар собиқ ходим собиқ иш берувчининг тижорат сирини ошкор қилса ва шу билан унга моддий зарар етказса, жавобгар бўлиши мумкин.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал