Меҳнат шартномаси қандай тузилади
Тавсияномада:
- меҳнат шартномаси қандай шаклда тузилади
- меҳнат шартномасига ўзгартиришлар қандай киритилади
- меҳнат шартномасининг қоғоз ва электрон шаклларининг асосий фарқлари қандай
Меҳнат шартномаси шунчаки расмиятчилик ёки "ҳисобот учун" тўлдириладиган стандарт бланк эмас. Бу муҳим ҳужжат бўлиб, унда ходим ва иш берувчи ўртасидаги ҳақиқий келишувлар қайд этилади:
- иш қандай лавозим бўйича ва қандай шартлар асосида бажарилади;
- меҳнатга ҳақ тўлаш қандай бўлади;
- тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қандай.
Қуйидагилар меҳнат шартномасининг қанчалик тўғри ва аниқ тузилганига боғлиқ бўлади:
- тарафларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги;
- низоли вазиятларни адолатли ҳал этиш;
- ўзаро мажбуриятларга риоя қилиш;
- назорат қилувчи органлар томонидан эътирозларнинг бўлмаслиги.
Айнан шунинг учун шартномани расмийлаштиришга жиддий ёндашиш керак - шунчаки “шаблонни тўлдириш” эмас, балки шартноманинг ҳақиқий меҳнат шартларини акс эттириши ва қонунга мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бунда меҳнат шартномасининг нафақат мазмуни, балки тўғри шакли ҳам муҳимдир: барча мажбурий реквизитларнинг мавжудлиги, уларни расмийлаштириш тартибига риоя қилиш, ўзгартиришлар бўлганда эса – тузатишларни ўз вақтида ва тўғри киритиш.
Меҳнат шартномаси қандай шаклда тузилади
Меҳнат шартномаси ёзма (қоғоз ёки электрон) шаклда тузилади. Ушбу талаб барча иш берувчиларга тегишли ва истисноларга эга эмас.
Меҳнат шартномасининг ёзма шакли қуйидагилардан қатъи назар, ҳар доим мажбурийдир:
- қандай меҳнат шартномаси тузилиши: номуайян муддатга ёки муддатли, асосий иш бўйича ёки ўриндошлик асосида, бевосита корхонада ёки уйда ишлаш бўйича ва бошқалар;
- ходим қандай ишни бажариш учун ёки қандай лавозимга қабул қилиниши;
- иш берувчи сифатида ким бўлиши: ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси в.ҳ.) ёки жисмоний шахс;
- ходим ишга жойлашадиган ташкилотнинг мулкчилик шакли ва ташкилий-ҳуқуқий шаклининг қандайлиги.
Шартноманинг ёзма шакли иш берувчининг ихтиёрига кўра қоғоз ёки электрон вариантда бўлиши мумкин
. Ҳужжатлар айланишида бир хилликни таъминлаш ва чалкашликларнинг олдини олиш учун ташкилотлар шартномалар шаклини танлашда ягона ёндашувни белгилашлари ва тартибга солишлари мақсадга мувофиқдир. Демак, агар иш берувчи фақат электрон вариантдан фойдаланишга қарор қилган бўлса, уни ишга қабул қилинадиган барча ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузишда қўллаш лозим.
Шу билан бирга, ягона ёндашув шартнома шаклларини ишнинг хусусияти ва ўзига хослигига қараб тақсимлаган ҳолда қўллашни назарда тутиши мумкин. Масалан:
- Қоғоз шакли - кўпчилик ходимлар учун асосий шакл сифатида;
- Электрон шакл - алоҳида ҳолларда қўлланиладиган муқобил вариант сифатида. Масалан, масофадан туриб ишлашда ёки бошқа ҳудудда ишлашда.
Танланган тартибни локал ҳужжатда (масалан, кадрлар бўйича иш юритиш тўғрисидаги низомда) мустаҳкамлаш ва у билан ходимларни имзо қўйдириб таништириш зарур.
Меҳнат шартномасининг қоғоз шакли
Тузиладиган нусхалар сони
Қоғоз шаклдаги ёзма меҳнат шартномаси бир хил юридик кучга эга бўлган камида 2 нусхада тузилади. Уларнинг ҳар бири ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан тасдиқланади.
Ходимга меҳнат шартномасининг нусхаси бериладиган ҳоллар ҳам учраб туради. Бу - қоидабузарлик. Ходим иш берувчи билан бир қаторда меҳнат шартномасининг тўла ҳуқуқли тарафидир, шунинг учун у шартноманинг нусхасини эмас, балки "жонли" имзолар қўйилган асл нусхаларидан бирини олиши керак
Амалиётда меҳнат шартномаси одатда 2 нусхада тузилади, улардан бири иш берувчида қолади, иккинчиси эса ходимга берилади. Алоҳида ҳолларда, зарур бўлганда иккитадан ортиқ нусхада расмийлаштирилади. Масалан, агар ходим ишни ташкилот жойлашган жойдан ташқаридаги объектда бажараётган бўлса, шартноманинг қўшимча нусхаси ушбу объект раҳбарига ҳам берилади. Шунда у ходим билан тузилган меҳнат шартномаси шартларини билади ва уларга риоя қилади, ходимдан-унда кўрсатилган мажбуриятларни аниқ бажаришни талаб қилади.
Шартноманинг бир нусхаси ходимга берилади, бошқаси (бошқалари) иш берувчида сақланади. Ходимнинг ўз нусхасини олганлиги унинг иш берувчида қоладиган нусхадаги "Меҳнат шартномасининг нусхасини олдим" деган имзоси билан, олинган санаси кўрсатилган ҳолда, тасдиқланади.
МК меҳнат шартномасини 3 нусхада тузиш мажбуриятини юклайдиган ҳоллар мавжуд:
- якка тартибдаги тадбиркорнинг (ЯТТ) ходими билан;
- жисмоний шахснинг уй хизматчиси (энага, ошпаз, боғбон ва бошқалар) билан.
Шартноманинг бир нусхаси ходимда, иккинчи нусхаси - иш берувчида қолади, учинчи нусхаси - ЯТТнинг солиқ бўйича ҳисобга қўйилган жойи/иш берувчи - жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича солиқ хизматига тақдим этилади. Солиқ органига шартнома нусхасини электрон шаклда ҳам юбориш мумкин
.
Муҳр босиш
Агар иш берувчида муҳр бўлса, меҳнат шартномасининг барча нусхаларидаги мансабдор шахснинг имзоси ана шу муҳр билан тасдиқланади.
Имзони муҳр билан тасдиқлаш керак ёки керак эмаслигини аниқлаш учун, ушбу ҳолатда айнан ким иш берувчи эканлигини аниқлаш муҳимдир. Давлат ҳокимияти ва бошқарувининг барча органлари муҳрга эга. Шунинг учун, агар бундай орган иш берувчи бўлса, ваколатли мансабдор шахснинг меҳнат шартномасидаги имзоси муҳр билан тасдиқланиши керак.
Агар иш берувчи тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлса ва у муҳрга эга бўлса, у ҳолда унинг имзоси ҳам шартноманинг барча нусхаларида муҳр билан тасдиқланган бўлиши керак. Агар муҳр бўлмаса, ҳар бир нусхада фақат ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзоси бўлиши кифоя.
Мазкур қоида электрон шаклда тузилган меҳнат шартномаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Меҳнат шартномасининг реквизитлари
Меҳнат шартномасида МК 107-моддасида кўрсатилган мажбурий реквизитлар бўлиши керак.
|
Ходимнинг реквизитлари |
Иш берувчининг реквизитлари |
|
Ходим тўғрисидаги маълумотлар: – Ф.И.О; – шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар; – алоқа маълумотлари. |
Номи: – ташкилот ёки ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси учун - номи; – жисмоний шахс учун – Ф.И.О. ва паспорт маълумотлари (ID-карта маълумотлари); – якка тартибдаги тадбиркор учун – Ф.И.О., паспорт маълумотлари (ID-карта маълумотлари), ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва берилган санаси. |
|
Яшаш жойи тўғрисида маълумот: – яшаш жойининг манзили; – ёки туриш жойининг манзили. |
Агар иш берувчи ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси бўлса, меҳнат шартномасини имзолаган иш берувчининг вакили тўғрисидаги маълумотлар ва унга ваколатлар берилишининг асоси. Иш берувчи вакилининг ваколатлари учун устав, низом, ишончнома ва шу кабилар асос бўлиши мумкин. |
|
Ходимнинг ҳужжатларидаги маълумотлар: – жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР); - шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоби рақами (ШЖБПҲ). |
Жойлашган жойи: – иш берувчи - юридик шахснинг ёки унинг алоҳида бўлинмасининг почта манзили; – иш берувчи жисмоний шахснинг яшаш ёки турган жойининг манзили. |
|
Иш берувчи бўлган юридик шахслар ёки уларнинг алоҳида бўлинмалари, шунингдек ЯТТлар учун банк реквизитлари Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), ЯТТ ҳисобланмайдиган иш берувчи жисмоний шахслардан ташқари |
|
|
Иш берувчининг алоқа маълумотлари - телефон рақамлари, электрон почта манзили ва бошқалар. |
Агар меҳнат шартномасини тузиш чоғида унга бирон-бир мажбурий реквизитлар киритилмаган бўлса, бу шартномани тузилмаган деб ҳисоблаш ёки уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бунда етишмаётган реквизитлар қўшимча келишувни расмийлаштириш йўли билан киритилади.
Меҳнат шартномасининг намунавий шакли
Иш берувчилар ва ходимларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Вазирлар Маҳкамаси тавсия хусусиятига эга бўлган меҳнат шартномаларининг қуйидаги намунавий шаклларини ишлаб чиқди ва тасдиқлади
:
- кўпчилик ходимлар учун қўлланиладиган умумий шакл;
- масофавий ходим билан;
- мавсумий ишларни бажариш тўғрисида;
- якка тартибдаги тадбиркорнинг ходими билан;
- уй ишчиси билан.
Иш берувчилар меҳнат шартномалари шаблонларини тузишда ушбу шаклларни асос қилиб олишлари, зарур ҳолларда эса уларни қўшимчалар билан тўлдиришлари мумкин. Асосийси, қўшимчалар меҳнат қонунчилигига зид бўлмаслиги керак. Бунда меҳнат шартномасини тузишни шунчаки бланкни тўлдиришга айлантирмаслик керак. Бундай расмий ёндашув тарафларга ишнинг муҳим шартларини муҳокама қилиш ва ҳисобга олишга тўсқинлик қилади. Шартнома ходим ва иш берувчи ўртасидаги ҳақиқий келишувларни ўз ичига олган жонли ҳужжат бўлиши керак.
МК 505-моддасининг 1 қисми Вазирлар Маҳкамасининг иш берувчи бўлган микрофирмалар ходимлари билан меҳнат шартномаси шаклини тасдиқлашини назарда тутади. Бироқ, бундай шакл, гарчи унга бўлган эҳтиёж тобора долзарб бўлиб бораётган бўлса-да, ҳали мавжуд эмас. Бунинг сабаби:
Биринчидан, иш берувчи бўлган микрофирма локал ҳужжатларни (ИМТҚ, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш тўғрисидаги низом, сменалик жадвали ва бошқалар) қабул қилишдан тўлиқ ёки қисман бош тортишга ҳақли. Лекин у ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ локал ҳужжатлар билан тартибга солиниши лозим бўлган барча шартларни ходимларнинг меҳнат шартномаларига киритиш керак.
Иккинчидан, 04.08.2025 йилдаги ПФ-126-сон Президент Фармони билан МК 29 бобида белгиланган меҳнатни ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ходимлари сони 50 нафаргача бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилиши назарда тутилган. Ушбу нормалар Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилиши билан юридик кучга эга бўлади. Ўзбекистонда ташкилотларнинг катта қисми ушбу миқдор чегарасига тўғри келишини ҳисобга олсак, ушбу хусусиятлар ҳисобга олинган намунавий шартнома шакли улар учун жуда фойдали бўлади. Бу эса, ўз навбатида, бундай иш берувчиларда меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда ҳуқуқбузарликлар сонини камайтириш имконини беради.
Меҳнат шартномасини тузиш тили
Меҳнат кодекси меҳнат шартномаси қандай тилда тузилиши кераклигини тўғридан-тўғри белгиламайди. Аммо бу расмий юридик ҳужжат бўлганлиги сабабли, ташкилотларда иш юритиш тартибини белгиловчи бошқа НҲҲ талабларини ҳисобга олиш зарур. Масалан, "Давлат тили тўғрисида"ги Қонунда белгиланишича: корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-статистик ва молиявий ҳужжатлар давлат тилида юритилади, ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда эса давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам юритилиши мумкин. Мамлакатимизда давлат тили ўзбек тилидир.
Бунда ходим меҳнат шароитлари билан тўлиқ таништирилиши ва уларни бажаришга онгли равишда розилик бериши муҳимдир. Бунинг учун у шартноманинг мазмунини тушуниши керак, бу эса бевосита шартномани тузиш тилига боғлиқ. Шунинг учун меҳнат шартномасини бир хил икки тилдаги шаклда тузиш мақсадга мувофиқ, яъни:
- ўзбек тилида - давлат тили сифатида (мажбурий версия);
- ходим га тушунарли бўлган тилда (масалан, рус, инглиз ва бошқа) - унинг меҳнат шароитларини тўлиқ тушунишини таъминлаш учун.
Меҳнат шартномасининг кириш қисмида унинг икки тилда тузилганлиги ва ҳар иккала матн тенг юридик кучга эга эканлигини кўрсатинг.
Меҳнат шартномасини my.mehnat.uzда рўйхатдан ўтказиш
Қоғоз шаклидаги меҳнат шартномасини у тузилган кундан эътиборан 5 иш куни ичида my.mehnat.uz Ягона миллий меҳнат тизимида (кейинги ўринларда - ЯММТ) рўйхатдан ўтказиш лозим.
Ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча иш берувчилар (давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ва махфий штат жадвалидаги иш берувчилар бундан мустасно) қуйидагилар учун ЯММТдан фойдаланиши шарт:
- меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни рўйхатдан ўтказиш (қоғоз ва электрон шаклларда);
- ўз ходимларининг меҳнат дафтарчасидаги аввалги иш жойлари тўғрисидаги барча ёзувларни ЯММТга киритиш;
- меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида 2005 йил 1 январгача бўлган меҳнат стажи тўғрисида киритилган маълумотларни электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида тасдиқлаш;
- 2005 йилдан кейинги давр учун маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлаш мақсадида ходимнинг аввалги иш жойи бўйича иш берувчиларнинг "Ташкилот кабинети"га электрон сўров юбориш.
Меҳнат шартномасининг электрон шакли
Меҳнат шартномасининг электрон шаклидан фойдаланишга қарор қилган иш берувчилар Низомда белгиланган тартибга риоя қилишлари лозим, 05.12.2019 йилдаги ВМҚ-971-сон қарорга 1-илова. Мазкур Низомнинг 3-1 бобида электрон шартнома фақат ЯММТда шакллантирилиши назарда тутилган.Шартнома ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ЭРИси билан тасдиқланади. Бунда ходим имзоланган электрон шартномани Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги (ЯИДХП) шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.
Амалиётда ҳозирги вақтда ЯММТда электрон меҳнат шартномасини тузиш ходим томонидан ЭРИсиз тасдиқланмоқда.
ЯММТда электрон шартнома тузиш қандай тасдиқланади
Электрон меҳнат шартномасини тузишда иш берувчи уни ходимга имзолаш учун юборади. ЯММТда шартномани имзолаш учун ҳаракатлар бунинг учун қандай усул танланганига қараб фарқ қилади.
Face-ID орқали тасдиқлаш. Ушбу функционал учта асосий соҳа: қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги корхоналари учун босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бугунги кунда қурилиш соҳасидаги иш берувчиларга электрон меҳнат шартномаларини Face-ID орқали тасдиқлаган ҳолда тузиш/рўйхатдан ўтказиш учун тўлиқ имконият яратилган.
Бу усулни фақат ходим ёнингизда бўлганида танланг. Имзолаш компьютерингиз ёки ноутбукингиздаги камера ёрдамида амалга оширилади. Муваффақиятли рўйхатдан ўтгандан сўнг, маълумотларни ташкилотнинг ЭРИ ёрдамида тасдиқланг. Қуйидаги скриншотни қаранг.
Ходимнинг шахсий кабинети орқали тасдиқлаш. Ушбу усулда ходимга шартномани имзолаш учун сўров шахсий кабинетдаги "Шартномалар" бўлимига келиб тушади. Иш берувчи эса аризанинг ҳолатини кузатиб бориши мумкин бўлади. Ходим шартномани имзолаганидан сўнг, иш берувчи ҳам маълумотларни ЭРИ ёрдамида имзолаши керак бўлади.
ЯММТда электрон меҳнат шартномасини тузиш бўйича ҳаракатларнинг тўлиқ алгоритми тавсияномада
Меҳнат шартномасига ўзгартиришлар қандай киритилади
Меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар - шартлар қисмида ҳам, тарафларнинг реквизитлари қисмида ҳам қўшимча келишув тузиш йўли билан расмийлаштирилади. Меҳнат кодексида бундай келишув айнан қандай ёзма шаклда (қоғоз ёки электрон шаклда) расмийлаштирилиши кераклиги белгиланмаган. Бироқ ҳужжатлар айланишида чалкашликларга йўл қўймаслик ва бир хилликни таъминлаш учун қўшимча келишувни меҳнат шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, шундай шаклда тузиш тавсия этилади.
Агар шартнома қоғоз шаклида расмийлаштирилган бўлса, у ҳолда қўшимча келишув ҳам қоғозда тузилади, тарафлар томонидан ўз қўллари билан имзоланади ва агар мавжуд бўлса, иш берувчининг муҳри билан тасдиқланади. Бундай битим ЯММТда рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Агар меҳнат шартномаси электрон шаклда тузилган бўлса, қўшимча келишувни ҳам электрон шаклда - бевосита ЯММТ платформаси орқали расмийлаштириш мақсадга мувофиқ.
Меҳнат шартномасининг қоғоз ва электрон шаклларининг асосий фарқлари қандай
|
Мезонлар |
Қоғоз шакли |
Электрон шакли |
|
Расмийлаштириш асоси |
Қоғоздаги ёзма ҳужжат |
ЯММТда тузиладиган электрон шаклдаги ёзма ҳужжат |
|
Нусхалар сони |
Камида иккита |
Битта электрон нусха |
|
Тарафларнинг имзолари |
Жонли имзолар + муҳр (мавжуд бўлса) |
Ходим томонидан шартнома тузилганлигини электрон тасдиқлаш, иш берувчи томонидан - ЭРИ |
|
Нусхани бериш мажбурияти |
Ходимга нусха берилади (асл нусха) |
Ходим шартномани ЯИДХПдан юклаб олади |
|
ЯММТда рўйхатдан ўтказиш |
5 иш куни давомида ўтказиш шарт |
ЯММТда шакллантирилади ва ўша ерда автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилади |
|
Ўзгартиришлар/қўшимчалар |
ЯММТда рўйхатдан ўтказиладиган қоғозда тузилган қўшимча келишув |
ЯММТда тузиладиган электрон шаклдаги қўшимча келишув |


Канал в телеграм