Пригодится каждому кадровику в декабре:
Эмланмаган ходимни ишдан четлаштириш тартиби (батафсил йўриқнома, ҳужжатлар намуналари)
0239-07/4-сон СанҚваНга қўшимчада (рўйхат рақами 31, 19.07.2021 й.) кўрсатилган ташкилотларнинг ходимлари вакцина олишдан бош тортса, уларни ишдан четлаштириш мумкин. Меҳнат кодекси 113-м. 3-қ. шуни назарда тутувчи ўзгартириш киритилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Александр НАВОТНИЙ ва «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА буни қандай амалга ошириш кераклиги ҳақида гапириб бердилар:
– «2021 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлган шахслардан ташқари) коронавирусга (туридан қатъи назар) қарши вакцинанинг камида 2 та дозаси билан эмланганлик ҳақида сертификатларга эга бўлмасалар, уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилади, – дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Фаолиятнинг тўхтатиб қўйилишига йўл қўймаслик учун муайян чоралар кўриш лозим:
I. Тайёргарлик ишлари
1. Ходимларга коронавирусга қарши эмланишнинг фойдасини тушунтиринг – у иммунитетни оширади, касалликнинг оғир кечишидан ҳимоялаш эҳтимоли катта.
2. Ташкилот ходимларига оид ахборотни тайёрланг:
- сўнгги 6 ойда қанча ходим қачон эмланган;
- кимда эмланиш бўйича тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд;
- ким вакцина олишга рози;
- ким вакцина олишдан бош тортмоқда.
3. Мажбурий равишда вакцина олиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини шакллантиринг. Иш берувчининг қарорига кўра унга қуйидаги шахсларни киритманг:
- уйда ёки масофадан туриб ишловчиларни;
- ҳомиладорлик ва туғиш, болани парваришлаш таътилларида бўлганларни.
II. Эмлаш жараёнини ташкиллаштириш
4. Ходимларни эмлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:
- эмланиши шарт бўлган ходимларни;
- эмланиш муддатларини. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган эмлаш календарига кўра, 2021 йилда қуйидаги муддатларгача вакцина олиш лозим:
– биринчи дозани – 1 сентябргача;
– иккинчи дозани – 1 октябргача;
– учинчи дозани – 1 ноябргача;
- иш берувчини вакцина олганлик ёки уни олишдан бош тортганлик ҳақида хабардор қилиш тартибини;
- эмлаш шаклини:
– марказлаштирилган равишда офисда;
– марказлаштирилган равишда муайян тиббиёт муассасасида;
– мустақил равишда;
- эмланганлик ҳақидаги сертификатларни иш берувчига тақдим этиш тартибини;
- эмланишга қарши кўрсатмалар ҳақидаги маълумотларни иш берувчига тақдим этиш тартибини;
- тиббий асосларсиз эмланишдан бош тортган тақдирда МК 113-м. 3-қ. асосан ходимларни ишдан четлаштириш эҳтимоли ҳақидаги ахборотни;
Ишдан четлаштириш – иш берувчининг бурчи эмас, балки ҳуқуқи. Қуйидаги мақсадни кўзлаган ҳолда ушбу ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин:
- ходимларни даволаш харажатларини тўлаш рискидан қочиш;
- ташкилотдаги санитария-эпидемиологик ҳолатни оғирлаштирмаслик;
- 01.10.2021 йилдан фаолиятни давом эттириш.
- мониторинг қилиш ва ходимларнинг эмланиши ҳақида иш берувчига хабар бериш учун масъул бўлган мансабдор шахсни.
Буйруқни чиқариш учун асослар:
- МК 113-м. 3-қ., МК 211-м. 1-қ.;
- «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м. 1-қ., 16–17-м.м.;
- 0239-07/4-сон СанҚНга қўшимчалар (рўйхат рақами 31, 19.07.2021 й.).
5. Эмланиши лозим бўлган ходимларни тилхат олиб буйруқ билан таништиринг. Танишишдан ва/ёки имзолашдан бош тортганда – бу ҳақда далолатнома тузинг.
6. Марказлаштирилган равишда эмлашни ташкиллаштиринг ёки ходимлар учун иш вақти давомида уни мустақил равишда олиш имконини яратинг. Ходимнинг иш жойида бўлмаган вақти учун тўланадиган иш ҳақини сақланг.
7. Молиявий имконият бўлганда эмланган ходимларни рағбатлантириш чораларини белгиланг.
8. Ўтган 6 ой ичида эмланган ходимлардан QR-кодли эмланганлик ҳақидаги сертификатларни тақдим этишни талаб қилинг. Вакциналар муайян вақт оралиғида 2 ёки 3 босқичда олинишини инобатга олинг. Шахс вакцинанинг охирги дозасини олмагунча сертификат берилмайди. emlash.uz порталида эмлаш босқичлари ҳақида ахборот берилган.
Ходим вакцинанинг биринчи дозаларини олганлигини тасдиқлаш учун эмланганлиги ҳақида ахборот қайд этилган emlash.uz сайтидан скриншот, emlash.uz сайтидан SMS скриншоти ёки тиббиёт муассасасининг маълумотномасини тақдим этишни талаб қилинг.
Ҳозирча ЖССТ вакцинанинг қўшимча дозаси муддатлари ва нейтраллаштирувчи, юқтиришдан ҳимояловчи антитаначалар миқдорига доир талаблар бўйича ягона тавсиялар бермади. Ушбу вазиятда шифокорнинг тиббий қаршилик билдириш ҳақидаги маълумотномаси ходимнинг вакцина олишдан бош тортишга ҳақлилининг ҳужжатли тасдиғи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бироқ, бундай ҳолларда иш берувчи ходимни жамоага қўймасликка ҳақли. Бошқача қарор қабул қилган иш берувчи жамоа орасида инфекция тарқалгани учун жавобгарликни зиммасига олади.
Бироқ, таниқли шифокор-вирусолог Дилдора СЕКЛЕРнинг фикрича, ҳар қандай ҳолатда вакцина олмаган ходимнинг касалланиш ва уни бошқаларга юқтириш риски анча юқори бўлади.
Шунингдек мутахассис вакцина олишдан ташқари, шу жумладан эмланган ходим ҳам қолган профилактика чораларига (ниқоб тақиш, қўлларни ювиш, масофа сақлаш) риоя этишда давом этиши зарурлигини эслатиб ўтади.
III. Ишдан четлаштириш
9. Эмланишдан бош тортаётган ёки эмлангани ҳақида ахборот тақдим этмаётган ходимдан бу ҳақда эркин шаклдаги ёзма рад жавобини талаб қилинг ёки ушбу намунадан фойдаланинг. Ходимда тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд бўлса, ушбу намунадан фойдаланинг.
Ходим:
- рад жавоби ёзишдан бош тортса – далолатнома тузинг;
- сўнгги 4–5 ой ичида касалликни бошидан кечирганлигини ёки эмланишига қарши тиббий кўрсатмалар мавжудлигини ва ҳ.к. айтса, бунинг ҳужжатли тасдиғи ва шифокорнинг эмланишга зарурат йўқлиги ҳақидаги тавсиясини сўранг.
10. Ходим белгиланган муддатда эмланганини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса ёки тиббий қаршилик билдирилмаса, иш ҳақини сақламасдан ишдан четлаштириш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Асос – МК 113-м. Ходимни эмланишдан бош тортгани сабабли ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ шаклини мустақил равишда ишлаб чиқинг ёки ушбу намунадан фойдаланинг.
Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:
- ходимнинг Ф.И.Ш., лавозими;
- ишдан четлаштирилишига асос;
- келгусида ишга қўйиш шартлари.
Шунингдек бухгалтерия ишдан четлаштирилган даврда ходимга тўланадиган барча тўловларни тўхтатиб туришини қайд этинг.
Ходимни бунинг учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунга қадар ишдан четлаштиринг, шу жумладан:
- ходим эмланганлик ҳақидаги сертификатни ёки бунга қарши тиббий кўрсатмалар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этадиган кунга қадар;
- Ўзбекистон Республикаси Бош санитар врачининг қарорига мувофиқ профилактик эмлаш шарти олиб ташлангунга қадар.
Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобламанг. Бу МК 113-м. 4-қ. келиб чиқади.
11. Ходимни ишдан четлаштирилгани тўғрисидаги буйруқ билан тилхат олиб таништиринг. У имзо қўйишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Ходимни ташкилот ҳудудига қўймаслик чораларини кўринг. Рухсатнома билан кириш амалиётини қўлласангиз – уларни блокировкалаб қўйинг.
12. Меҳнат дафтарчасига ишдан четлаштирилгани ҳақидаги ёзувни киритманг. Ички ҳисоб юритилишини таъминлаш учун ушбу ахборотни Т-2 шаклидаги шахсий карточкада, масалан, «Қўшимча маълумотлар» бўлимида қайд этинг. Бундай маълумотлар, хусусан, қуйидагиларни ҳисоблашда фойдали бўлади:
- йиллик асосий таътил олиш ҳуқуқини берувчи стажни;
- касаллик варақаси бўйича тўловни.
13. Ходимни ишдан четлаштириш даврида иш вақтини ҳисобга олиш табелида, масалан, «НБ» белгисини қайд этинг.
14. Белгиланган муддатларда вакцина олмаган ходимларга, шу жумладан – тиббий қаршилик билдирилган ходимларга, уларнинг иш шароити ва характери имкон берса, масофавий ишга ўтишни тавсия қилинг».