Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Меҳнат таътилидан чақириб олиш тартиби
Тавсияда:
– меҳнат таътилидан чақириб олиш тартиби;
– меҳнат таътилидан чақириб олишни расмийлаштириш;
– таътилнинг чақириб олиш билан боғлиқ фойдаланилмай қолган қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш.
Меҳнат таътилидан чақириб олиш тартиби
Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Бундай розиликсиз чақириб олиш ва бузиш ҳисобланади, бунинг учун иш берувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ўз навбатида, ходим ҳам унга берилган таътилни тўхтатиб, иш берувчидан уни чақириб олишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Ходим чақириб олишга розилиги тўғрисида алоҳида ариза ёзиши, шунингдек розилигини бевосита буйруқда ёзиб, имзо ва сана қўйиш билан акс эттириши мумкин. Буйруқдаги ёзув шундай мазмунда бўлиши мумкин: «Таътилдан чақириб олинишга ва унинг фойдаланилмай қолган қисмини бошқа муддатга кўчиришга қарши эмасман» ёки «Меҳнат таътилидан чақириб олишларига розиман».
Ходимга таътилнинг фойдаланилмай қолган қисмини унинг танловига кўра жорий иш йилидаги бошқа қулай вақтга кўчиришни ёки кейинги йил таътилига қўшишни таклиф этинг . Бунда таътилни қисмларга бўлиш қоидасига риоя қилинг.
Таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим, 12 кундан ошган иккинчи қисмини кейинги иш йилига кўчиришингиз мумкин. Яъни, ходим унга таътил берилиши лозим бўлган иш йилидакамида 12 иш куни дам олиши зарур.
Агар чақириш вақтида таътилни бўлиш ёки кўчириш бўйича талабни бажариш мумкин бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди. Масалан, иш йилининг охиригача ходимга 12 кунлик таътил беришнинг имкони бўлмаса.
Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар учун қўшимча таътиллар жорий иш йилида берилади ва улар кейинги йилга кўчирилмайди . Агар иш йили охиригача ходимга таътилнинг шундай қисмини тақдим этишнинг имкони бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Ходимнинг розилиги билан уни таътилга чиққан куннинг эртасига таътилдан чақириб олишингиз мумкин. Ходим таътилда бўлиши лозим бўлган, унинг давомида ходимни чақириб олиш тақиқланган минимал муддат белгиланмаган.
Меҳнат таътилидан чақириб олиш қандай расмийлаштирилади
Ходимнинг ёзма розилиги асосида буйруқ расмийлаштиринг ва ходимни у билан таништиринг.
Агар томонлар таътилнинг бир қисми жорий йилда тақдим этилиши тўғрисида келишган бўлса, буйруқда бу қисмдан фойдаланиш ойи ёки календарь даври кўрсатилиши ёки таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий йилда ходимнинг аризасига кўра тақдим этилиши тўғрисида ёзилиши керак.
Агар томонлар таътилдан чақириб олиш ва унинг бир қисмини кейинги иш йилига кўчириш тўғрисида келишган бўлсалар, буйруқда фойдаланилмай қолган кунларнинг кўчирилиши ва уларнинг таътиллар жадвалига мувофиқ кейинги иш йили учун бериладиган навбатдаги таътил билан бир вақтда тақдим этилиши тўғрисида кўрсатинг.
Чақириб олиш вақтида таътиллар жадвалининг «Изоҳлар» устунига тегишли ёзув киритинг. Ходимнинг таътилдан чақириб олинганини, чақириб олиш санасини, чақириб олиш тўғрисидаги буйруқ реквизитларини ва таътилнинг қолган қисмидан фойдаланиш вақтини кўрсатинг. Агар сиз фойдаланаётган жадвалда бундай устун мавжуд бўлмаса, бу маълумотларни бошқа мос келадиган бўлимга киритишингиз мумкин.
Худди шундай маълумотларни Т-2 шаклидаги шахсий варақнинг «Навбатдаги таътилларни тақдим этиш» III бўлимига ҳам киритинг .
Таътилнинг чақириб олиш билан боғлиқ фойдаланилмай қолган қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш
Таътилнинг чақириб олиш билан боғлиқ фойдаланилмаган қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин . Умумий қоидага мувофиқ фойдаланилмай қолган таътил учун пуллик компенсация қуйидаги икки ҳолатда тўланиши мумкин:
- ходим йиллик таътилнинг минимал давомийлигидан ортиқ – 15 иш кунидан ташқари қисми учун компенсация олишни хоҳласа;
- меҳнат шартномаси бекор қилинган вақтда.
Ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади, бу минимум Меҳнат кодексининг 134-моддаси билан белгиланган. Ходимнинг хоҳишига кўра таътилнинг 15 кундан ортиқ қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин .
Ходимларга асосий минимал таътилдан ташқари бериладиган барча бошқа қўшимча таътиллар (масалан, узлуксиз иш стажи учун ва б.), корхонада ўрнатилган тартибга зид бўлмаса, пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.
Фақат меҳнат шартномаси бекор қилингандагина таътилнинг бутун қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин. Агар ходим ишдан бўшатилаётган бўлса, бунинг учун асосдан қатьий назар, унга ҳамма ишлаган йиллари учун фойдаланилмай қолган барча асосий ва қўшимча таътиллари ўрнига ҳеч бир муддатли чекловларсиз пуллик компенсация тўланади .