Пригодится каждому кадровику в декабре:
ФҲШ бўйича ишлайдиган ходимга таътил учун компенсация тўланиши лозимми
«Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишлайдиган мутахассис 3 йилдан кейин ишдан кетяпти ва фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўлашни талаб қиляпти. Биз бундай компенсацияни тўлашимиз керакми?».
– Йўқ, тўламайсиз.
Бундай кафолат фақат иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган, яъни ким билан меҳнат шартномаси тузилган бўлса, ана шу ходимларга татбиқ этилади. Ходимнинг фойдаланилмаган таътил қисми учун компенсация олиш ҳуқуқи назарда тутилган Меҳнат кодексида фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар кўрсатилмаган.
Ходим учун ФҲШнинг афзал ва салбий томонлари
Амалиётда, ҳақиқатан ҳам, кўпчилик раҳбарлар мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишга жалб этишга ҳаракат қиладилар. Бир қарашда, бундан улар фақат фойда кўрадилар:
- бундай шахсларга таътил, шу жумладан ижтимоий таъминот берилмайди;
- уларни дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш шарт бўлмайди;
- уларга иш вақтининг чекланган давомийлиги татбиқ этилмайди;
- бажарилган ишлар (хизматлар) учун тўлов миқдори ва тўлаш тартиби тарафларнинг келишувига биноан белгиланади. Тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан ҳам кам бўлиши мумкин;
- иш якунлангандан кейин одатда фақат пировард натижа учун тўлов тўланади;
- бундай шахслар ташкилот штатига ҳисобга киритилмайдилар, жамоа аъзоси ҳисобланмайдилар ва тегишинча, ички ҳужжатларда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдалана олмайдилар (масалан, рағбатлантирувчи тусдаги, кўп йиллик хизматлари учун тўлов ва бошқа тўловлар берилмайди);
- уларга меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимларга моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар тақдим этилмайди МК 67-м.;
- меҳнат дафтарчаси юритилмайди;
- ҳафталик дам олиш кунлари берилмайди ва ҳ.к.
Лекин иш берувчилар бундай шартномаларнинг салбий томонлари ҳам борлигини унутиб қўйишмоқда:
- ФҲШ бўйича ишлайдиган ходимга интизомий жазо чораларини қўллаб бўлмайди;
- у шартноманинг бошқа тарафига тобе бўлмаган ҳолда ишларни бажаради, корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилишга, шу жумладан ҳар куни корхонага қатъий белгиланган соатда ишга келишга мажбур бўлмайди;
- ФҲШни дастлабки синов белгиланган ҳолда тузиш мумкин эмас ва бошқалар.
Шахс, одатда штатдаги ходимга юкланадиган вазифаларни бажарадиган бўлса, у билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси тузилмайди. Назорат органлари буни меҳнат муносабатлари сифатида баҳолаши мумкин. Бу ҳақда қуйидаги мақолада ўқинг:
Ленара ХИКМАТОВА,
«Норма» компанияси эксперти.