Пригодится каждому кадровику в декабре:
Вакансиялар ҳақида ким хабар бермаслиги мумкин
«Директор вакансиялар ҳақидаги ҳисоботда бўш иш ўринларини акс эттиришни истамаяпти. ЯММТда эса ҳар бир ишдан бўшатишдан сўнг янги ходим қабул қилингунга қадар бўш иш ўринларини ўчириб ташлаймиз. Бу ҳақида ўз ихтиёримизга кўра маълум қилмасликка ҳақлимизми? Бунинг учун қандай жавобгарлик бор?».
– Жавоб иш берувчининг кичик бизнес субъекти эканлиги ёки эмаслигига боғлиқ. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунга кўра иш берувчи маҳаллий меҳнат органига қуйидагиларни тақдим қилишга мажбур:
- бўш иш ўринлари ҳақида маълумот – ҳар ойда;
- Меҳнат кодексининг 100- моддаси 2-қисм 1 ва 5-бандларига мувофиқ ходимлар бўшатилиши кутилаётганлиги ҳақида маълумот – ишдан бўшатилгунига қадар 2 ойдан кечиктирмай. Ҳисоботда ҳар бир ишдан бўшатилаётган ходим кўрсатилади.
Ишдан бўшатиш ҳақидаги маълумот ва ҳисобот топшириш учун белгиланган жараён ва талаблар Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақидаги низомда келтирилган.
Ушбу маълумотларни мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча юридик шахслар тақдим этади. Кичик бизнес субъектлари бундан мустасно. Улар вакансиялар ҳақидаги ҳисоботни ва ходимни бўшатиш кутилаётганлиги тўғрисидаги маълумотни ихтиёрий равишда топширадилар .
my.mehnat.uz сайтидаги бўш иш ўринлари ташкилотнинг ушбу иш ўринлари назарда тутилмаган янги штат жадвали асосида олиб ташланади. Буни қандай амалга ошириш кераклиги ҳақида қуйидаги мақолада ўқинг:
Иш берувчи кичик бизнес субъекти бўлмаса
Айбдор мансабдор шахслар Маъмурий кодекснинг 229-моддаси бўйича қуйидагилар учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин:
- бўш иш ўринларини (вакант лавозимларни) яшириш;
- бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) ёки ҳар бир ходим бўшатиб олиниши кутилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик;
- Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмаларни тўлашдан бўйин товлаш.
Ушбу қоидабузарликлар БҲМнинг 10 бараваридан 25 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади. Агар улар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима БҲМнинг 25-50 бараваригача оширилади.
Ленара ХИКМАТОВА
ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти