Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ишни вахта усулида ташкил қилиш тартиби
Корхона вахта усулида иш ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу вазият учун иш вақтини ҳисобга олиш алгоритмини «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС тушунтиради:
- Вахта усули – бу доимий яшаш жойидан сезиларли даражада узоқда бўлган ишлаб чиқариш объектлари ёки участкаларга (иш жойига) белгиланган жадваллар бўйича смена (вахта) ходимлари мунтазам равишда етказиб бериладиган ишни ташкил этиш шакли. Вахта ходимлари объектда бўлган даврда махсус ташкил қилинадиган вахта шаҳарчаларида ёки яшаш учун мослаштирилган бошқа махсус хоналарда истиқомат қилади. Иш жойлари иш участкалари кўчганда вақти-вақти билан ўзгариб туриши мумкин, масалан, янги объект қуришга ўтишда, кейинги қудуқни бурғилашда ва ҳоказоларда.
Вахта иш режимини қуйидагиларда ташкил қилиш мумкин:
1) узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлар;
2) ишлар жадал суръатда олиб борилаётган, лекин маҳаллий меҳнат ресурслари билан таъминламаган ҳудудларда.
Вахта усули билан ишлашни ташкил этиш тартиби, шу жумладан иш ва дам олиш режими, иш вақти ҳисоби, иш ҳақи ва бошқа муҳим масалаларни узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги махсус низом белгилайди .
Агар ходим қабул қилинадиган лавозим ёки мутахассислик вахта усулида ишлаш имкониятини назарда тутса, бу шарт меҳнат шартномасида кўрсатилиши керак.
Хизмат сафарими ёки йўқ?
Ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди. Объект жойлашган ҳудудда ишларни бажариш ва сменалараро дам олиш даврлари вахта вақти ҳисобланади.
Чекловлар
- Вахта усулида бажариладиган ишларга қуйидаги шахслар жалб қилинишига йўл қўйилмайди:
- ҳомиладор аёллар;
- 3 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган аёллар;
- 18 ёшга тўлмаган ишчилар;
- вахта усулида ишлашга қарши тиббий кўрсатмаси бўлган шахслар.
Иш соатининг ҳисоби
Ишларни вахта усулида ташкил қилишда, одатда, бир ой, бир чорак ёки бошқа узоқ муддатли, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилинади .
Ҳар бир ходим учун иш вақти ва дам олиш вақтининг ойлар ва ҳисобга олинган давр учун қўшилиб жамланган якуни бўйича махсус ҳисоб-китоб юритинг. Бунинг учун вахтада (смена) ишлаш жадвалларини тузинг. Уларни касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш, ташкилот раҳбарида тасдиқлатиш, амалга киритилишидан камида икки ой олдин ходимларга етказиш керак.
Жадвалларда албатта ходимларни вахтага етказиш ва қайта олиб келиш учун зарур бўлган вақтни ҳам назарда тутинг.
Ҳисобга олинган давр умумий иш вақти, ташкилот жойлашган жойдан ёки йиғилиш пунктидан иш жойигача етиб олиш ва қайтиш вақти ҳамда вақтнинг ушбу календарь даврга тўғри келадиган дам олиш вақтини қамраб олади. Бунда ҳисобга олинган давр учун иш вақтининг давомийлиги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бир ҳафталик иш вақти соатларидан ошиб кетмаслиги керак.
Ҳисобга олинадиган давр мобайнида ходим ишлаб берадиган соатларнинг нормал сони ушбу давр учун тасдиқланган иш вақти тақвимига мувофиқ 5 кунлик иш ҳафтаси учун иш вақти нормасидан келиб чиқиб аниқланади .
Ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар учун иш вақтининг нормаси белгиланган қисқартирилган иш кунидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Масалан, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда ишловчи ходимлар учун иш кунининг максимал давомийлиги 11.03.1997 й. 133-сон ВМҚга 8-илова билан тасдиқланган.
Ишлаб чиқариш зарурияти сабабли ҳар кунги дам олиш вақти қисқартирилганда, тўлиқ фойдаланилмаган ҳар кунлик дам олиш соатлари ва ҳар ҳафталик дам олиш кунлари жамланиб, ходимларга ҳисобга олинган давр давомида қўшимча дам олиш кунлари (вахталараро дам олиш кунлари) шаклида тақдим этилади.
Ҳафталик дам олиш кунлари ҳафтанинг исталган кунига тўғри келиши мумкин. Муҳими, жорий ой мобайнидаги ҳафталик дам олиш кунларининг сони ушбу ойдаги тўлиқ ҳафталар сонидан кам бўлмаслиги лозим.
Ҳисобга олинадиган даврда ёки вахтада иш вақти тўлиқ бўлмаганда масалан, меҳнат таътили, касаллик туфайли ишга чиқмаслик ва бошқалар норма бўйича белгиланган иш соатларидан ишда бўлмаган кунларга тўғри келадиган календарь бўйича ходим соатлари айириб ташланади. Бу ҳақда батафсил бу ерда ёзганмиз:
Ҳисобга олинган давр якунланишидан олдин ишдан бўшаган ходимлар учун ишдан бўшаш санаси, уларнинг розилиги билан, вахталараро дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилиши мумкин .
Ортиқча ишланган иш соатини қандай тўғри ҳисоблаш керак
Айтайлик, 2022 йилнинг октябрь ойида ходим 18 кун давомида 12 соатдан ишлаб берди (2022.01.10 дан 2022й.06.10 гача ва 2022.20.10 дан 2022.31.10 гача). Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси мавжуд. Октябрь ойида ходим жами 216 соат ишлади.
5 кунлик режимда ишловчи корхонада 2022 йилда нормал соатлар сони қуйидагини ташкил қилди:
* октябрь ойида – 168 соат;
* ноябрь ойида – 176 соат.
Натижада ҳисобга олинган давр учун иш вақтининг умумий нормаси 344 соатни ташкил этади.
1. Агар бир ойдан бошқасига ўтувчи жадвал белгиланган бўлса
Ҳисобот даврида ортиқча ишлашнинг олдини олиш учун ходим бу вазиятда ноябрь ойида 126 соатдан ортиқ ишламаслиги керак (336 – 216).
Икки ой учун 344 соатдан ортиқ бўлган ҳар бир қўшимча иш соати (2022 йил октябрь-ноябрь) қўшимча иш сифатида тўланиши керак – камида 2 ҳисса .
2. Агар ҳисобот даври 1 ой бўлса
Агар ҳисобга олинган давр атиги бир ой, октябрь ойида эса иш вақти нормаси 168 соатни ташкил этган бўлса, у ҳолда ходим 56 соат ортиқча ишлаган бўлади (216 – 168). Улар қўшимча иш сифатида тўланади.
1. Бир иш сменасининг муддати 12 соатдан ошмаслиги керак. Агар смена 12 соатни ташкил қилган бўлса, иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди .
2. Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади унинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади .
3. Ҳисобга олинган давр 1 ойдан ортиқ бўлса, ходимларга ўтган ой учун – ҳақиқатда ишлаб берилган вақт учун, иш вақтидан ташқари ишларга эса – ҳисобга олинган давр охирида ҳақ тўланг.