Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ёш болали бева кишини ишдан бўшатиш мумкинми
«Ходим аттестациядан ўта олмади, ишни ёмон бажаради, ҳисоботларни ўз вақтида топширмайди. Агар у онасиз бир ёшли қизини тарбиялаётган ота бўлса, уни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 2-банди бўйича ишдан бўшатиш мумкинми? Ходим судга мурожаат қилиши ва уни қайта тиклашлари билан таҳдид қилмоқда».
Вазиятга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА изоҳ берди:
- Бу эҳтимолдан холи эмас.
Гап шундаки, Меҳнат кодекси аёлларга оналик билан боғлиқ ҳолда бериладиган имтиёз ва кафолатларни қуйидагиларга нисбатан ҳам татбиқ этади :
- онасиз болаларни тарбиялаётган оталарга (она вафот этган, оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, узоқ вақт даволаш муассасаларида бўлган ва болалари тўғрисида она сифатида ғамхўрлик қилмаган бошқа ҳолларда);
- вояга етмаган болаларнинг васийларига (ҳомийларига);
- ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни амалда тарбия қилаётган буви, бува ёки бошқа қариндошларга.
Меҳнат кодексининг 237-моддаси ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишни тақиқлайди. Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисмининг барча асослари тақиқ остида, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни маҳаллий меҳнат органи орқали ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади .
Шундай қилиб, «иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатмаслик» кафолати уч ёшга тўлмаган болани онасиз тарбиялаётган эркак ходимга ҳам татбиқ қилинади.
Бундан ташқари, бундай ходимни розилигисиз қуйидагиларга жалб қилиш мумкин эмас:
- тунги ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга;
- хизмат сафарларига юбориш ва бошқалар.
Агар компаниянинг маҳаллий ҳужжатлари уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар учун қонунда белгиланганидан ортиқча қўшимча имтиёз ва кафолатларни назарда тутса, ушбу имтиёз ва кафолатлар шу ёшдаги болани онасиз тарбиялаётган эркакларга ҳам табиқ қилинади.
Масалан, жамоа шартномаси қўшимча таътиллар, моддий ёрдам, иш берувчининг ҳисобидан хусусий клиникаларда она ва болани текшириш ёки соғломлаштириш ва ҳоказоларни кафолатлаши мумкин. Буларнинг барчасини бева эркакка ҳам тақдим қилишингиз шарт.
Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган бўлса
Бу ҳолда меҳнат шартномасини унинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бекор қилишга ҳақлисиз. Меҳнат кодексининг 105-моддаси бўйича ишдан бўшатишга йўл қўйилади, аммо – ушбу модда бўйича уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишдан бўшатишга қўйиладиган талабларга риоя қилиш билан. Яъни, қуйидаги шартлар асосида:
1) мажбурий ишга жойлаштириш;
2) иш излаш даврида иш ҳақини сақлаб қолиш (муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак) .