Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходим бир ойдан кам ишлаган бўлса, таътил компенсация қилинадими
«Ходим 10 июнь куни иш бошлади, 30 июнда эса меҳнат шартномаси унинг хоҳишига кўра бекор қилинди. Агар ходим ҳатто бир ой ҳам ишламаган бўлса, унга таътил учун пуллик компенсация тўлаш керакми?».
Саволга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Ҳа, агар ходим 15 кун ёки ундан кўпроқ ишлаган бўлса, компенсация тўлашингиз керак.
Ходимнинг йиллик асосий таътилни олишга ҳақли бўлган иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади . Таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт киритилади.
Агар ходим таътилдан фойдаланишга улгурмаган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади . Агар ходим тўлиқ иш йилида ишламаган бўлса, компенсация қилинадиган таътил давомийлиги ишлаган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланади.
Бу ерда Меҳнат кодексининг 141-моддасида белгиланган қоида қўлланилади: ҳар бир таътилнинг тўлиқ миқдори 12га бўлинади ва тўлиқ иш ойлари сонига кўпайтирилади. Бунда 15 ва ундан ортиқ календарь кунга тенг ортиқчаликлар бир ойгача яхлитланади, 15 календарь кундан кам вақт эса чиқариб ташланади.
Ходим 10 июндан 30 июнгача – 21 кун ишлади. Уни бир ойгача яхлитлаймиз ва таътилнинг белгиланган давомийлигига мутаносиб пуллик компенсация тўлаймиз.
Агар иш йили учун тўлиқ таътил 15 иш кунига тенг бўлса, компенсация бир ойлик иш учун 1,25 кунлик ўртача иш ҳақини ташкил қилади (15 : 12 х 1). Агар – 18 иш кунига тенг бўлса, бир ойлик иш учун 1,5 кунлик ўртача иш ҳақини ташкил қилади.
Нима учун бу сонларни бутун сонга яхлитлаш керак эмаслигини бу ерда тушунтирганмиз:
Агар таътил давомийлиги – 24 иш куни бўлса, компенсация бутун сонни ташкил қилади: бир ойлик иш учун 2 кунлик ўртача иш ҳақи ва ҳоказо.
Компенсация тўламаслик меҳнат қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддаси (БҲМнинг 5-10 бараваригача жарима) бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.
Агар ходим 15 календарь кундан кам ишлаганда эди, у фойдаланилмаган таътил учун пуллик компенсация олмаган бўлар эди.