Пригодится каждому кадровику в декабре:
Интизомий жазо даврида таътилдан маҳрум қилиш мумкинми
«Корхонада йиллик таътиллар жадвали тасдиқланган. Бироқ, иш берувчи амалдаги интизомий жазога асосланиб, ходимга таътиллар жадвали бўйича ёзда тақдим қилиниши керак бўлган таътилни беришдан бош тортди. Жадвал касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган. Касаба уюшмаси қўмитаси унинг ижросини назорат қилиши керакми? Интизомий жазо пайтида ходимни таътилдан маҳрум қилиш мумкинми?».
Kadrovik.uz тушунтиради:
– Қонунчиликда интизомий жазо қўллаш пайтида ходимни йиллик таътилдан маҳрум қилиш назарда тутилмаган.
Агар иш берувчининг ички ҳужжатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган бўлса, уларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳам ходимларнинг вакиллик органи зиммасига юклатилади . Бу таътиллар жадвалига ҳам тегишли.
Меҳнат кодексининг 144-моддаси иш берувчини таътиллар жадвалини касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлашга мажбурлайди.
Таътиллар жадвали – иш берувчи учун ҳам, ходимлар учун ҳам мажбурий бўлган ички норматив ҳужжатдир. Бу на иш берувчи, на ходим таътилга чиқиш учун жадвалда белгиланган вақтни бир томонлама ўзгартиришга ҳақли эмаслигини англатади.
Агар ходим жадвалда белгиланган таътил вақтидан қониқмаса, иш берувчи ва ташкилотнинг тегишли сайланган вакиллик органига уни ўзгартиришни сўраб, мурожаат қилиши мумкин. Таътилга чиқиш вақти иш берувчининг ташаббуси билан ҳам ўзгартирилиши мумкин – фақат ходимнинг розилиги билан.
Агар иш берувчи таътилни тақдим қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаса ва тасдиқланган таътиллар жадвалини бузса, ходимлар ўзларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун текширувчи ва назорат қилувчи органлар (давлат ҳуқуқий меҳнат инспекцияси, прокуратура) ёки меҳнат низоларини кўрувчи органларга (меҳнат низолари бўйича корхона комиссияси, суд) мурожаат қилишга ҳақли.