Пригодится каждому кадровику в декабре:
Синов муддатини белгилаш тартиби
Агар ходимнинг топширилаётган ишни уддалашини ва қандай натижа кўрсатишини текшириб кўрмоқчи бўлсангиз, меҳнат шартномасига дастлабки синов шартини киритишингиз мумкин .
Меҳнат шартномасида дастлабки синовни ўташ ҳақидаги шартлашув синов натижаси қониқарсиз бўлганда ходимни дастлабки синов муддати тугагунга қадар уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, соддалаштирилган тартибда ишдан бўшатиш имкониятини беради. Акс ҳолда, ходим синовдан ўтган ҳисобланади ва кейинчалик у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш фақат умумий тартибда амалга оширилиши мумкин .
Ходим Меҳнат кодексининг 87-модда 1-қисми бўйича дастлабки синов муддати тугагунга қадар иш берувчини ўзининг қарори ҳақида уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Шу билан бирга у бу ишни сабабларини тушунтирмаган ҳолда амалга ошириши, иш берувчи эса меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина бекор қилиши мумкин.
Ходимни дастлабки синовсиз ҳам ишга қабул қилишингиз мумкин. Аммо агар сизни унинг ишида нимадир қониқтирмаса, у билан меҳнат шартномасини МКнинг 87-моддасига мувофиқ бекор қила олмайсиз. Меҳнат шартномаси бошқа сабабларга кўра бекор қилиниши керак бўлади.
Агар сиз ходимни ишга дастлабки синов билан қабул қилишга қарор қилсангиз, унинг давомийлигини ўз хоҳишингизга кўра белгиланг, лекин у 3 календарь ойдан ошмаслиги лозим. Ушбу муддат ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам узайтирилиши мумкин эмас . Меҳнат шартномасида синовнинг аниқ муддатини аниқланг ва ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқда кўрсатинг .
Агар сиз меҳнат шартномасида дастлабки синов шартлашилмасдан туриб ходимга ишлашига рухсат берсангиз, у бундай шартсиз ишга қабул қилинган ҳисобланади .
Дастлабки синов бошланишини қуйидагилардан бошлаб ҳисобланг:
- меҳнат шартномасида кўрсатилган санада ишга чиқиш;
- агар меҳнат шартномасида ишга чиқиш санаси назарда тутилмаган бўлса, ҳақиқатда иш бошлаш санаси.
Уч ойлик дастлабки синов муддатига ходимнинг вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар киритилмайди . Масалан, расмий тарзда терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга чақирилганда, тиббий кўрикдан ўтганда ва ҳ.к. .
Ходимдан тасдиқловчи ҳужжатларни (вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига чақирув қоғози, тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома ва бошқаларни) сўранг ва буйруқ билан дастлабки синовнинг ҳақиқий муддатини тасдиқловчи ҳужжатларга мувофиқ кунлар сонига узайтиринг. Ҳужжатларнинг нусхаларини шахсий ҳужжатлар тўпламига илова қилинг.
Дастлабки синов даврида ходимни штатга қабул қилинг. Агар сиз биринчи иш берувчи бўлсангиз, унга меҳнат дафтарчаси расмийлаштиринг. Меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш ҳақида ёзув киритинг.
Таътилни ҳисоб-китоб қилишда дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилишини ҳисобга олинг
Дастлабки синов муддати даврида меҳнатга ҳақ тўлаш мазкур ходимлар тоифаси учун белгиланган шартларга мувофиқ амалга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими билан белгиланган иш ҳақи, мукофотлар, устамалар, қўшимча тўловлар даражасини пасайтириш мумкин эмас.
Ташкилотга бир ойлик синов муддати билан ҳайдовчи ишга қабул қилинди. У ўз вазифаларини бажара олмади ва икки ҳафта ишлади.
Ташкилот иш ҳақини ҳисоблаши ва ушбу ходимни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқариши керакми?
– Керак. Дастлабки синов билан ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш умумий тартибда буйруқ билан расмийлаштирилади . Дастлабки синов муддати тугагунга қадар сиз ходимни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлисиз.
Қуйидагилар синов муддатининг қониқарсиз натижалари деб ҳисобланади:
- ишни бажаришда миқдорий ва (ёки) сифат кўрсаткичларига эришмаслик;
- узрли сабабсиз ишга кеч қолиш;
- иш куни тугашидан олдин ишни ўзбошимчалик билан тарк этиш;
- иш жойида узрли сабабларсиз бўлмаслик;
- техника хавфсизлиги қоидаларини бузиш;
- бошқа шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар.
Ходимга юклатилаётган барча топшириқларни ҳужжатлаштиринг ва уларни бажариш сифати ҳамда муддатини назорат қилинг. Қониқарсиз синов натижасининг сабабларини ходим ишни эплолмаётганлигини кўрсатадиган аниқ фактлар билан тасдиқланг. Булар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- интизомий жазони ҳужжат билан расмийлаштириш (тушунтириш хати, далолатномалар, интизомий жазо тайинлаш тўғрисида буйруқ),
- меҳнат вазифасини нотўғри бажариш (раҳбарнинг ёзма топшириғи ва унинг бажарилиши тўғрисида ходимнинг ҳисоботи, мижозлар ва ҳамкасбларнинг шикоятлари, бевосита раҳбарнинг ҳисоботи ва бошқалар).
Асос бўлмаган тақдирда дастлабки синов натижалари қониқарли деб ҳисобланади ва сиз меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 87-модда 1-қисми бўйича бекор қила олмайсиз.
Синов натижаси қониқарсиз бўлган тақдирда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлсангиз, уни бу ҳақда уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинг МК 87-м.1-қ.. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг.
Қуйидагиларга дастлабки синов муддати белгиланмайди :
- ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар;
- корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар;
- ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда;
- меҳнат шартномаси 6 ойгача муддатга тузилган ходимлар.